12:00 / 30.04.2022
5248

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ жамоаси умумхалқ хайрия ҳашарида фаол иштирок этмоқда

Бугун, 30 апрел куни “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг фаол ва ташаббускор меҳнат жамоаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 26 апрелдаги 199-Фармойиши асосида маҳаллалар ва хонадонлар озодалигига ҳисса қўшиш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисмини қўллаб-қувватлаш мақсадида республикамиз бўйлаб “Маҳалла ободлиги — юрт фаровонлиги” шиори остида ўтказилаётган умумхалқ ободонлаштириш хайрия ҳашарида фаол қатнашмоқда.

Хусусан, бино атрофлари ободонлаштирилиб, дарахтларни оқлаш, қуриб қолган шоҳларидан тозалаш каби ишлар уюшқоқлик билан давом этмоқда.

Умумхалқ хайрия ҳашари доирасида Жамият ҳамда тизим корхона ва ташкилотлари меҳнат жамоалари томонидан жойларда ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари ходимлар жипслиги асосида ташкил қилинмоқда.

Жамият Ижро аппарати меҳнат жамоаси томонидан пойтахтимизнинг Яшнобод туманида жойлашган “Ибрат” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилаётган ҳашарда фаол иштирок этилмоқда. Маҳалла ҳудудидаги гузар, хиёбон, кўп қаватли уйлар, йўлаклар, болалар майдончаси, “яшил ҳудуд”да тозалаш ва ободонлаштириш, дарахтларни оқлаш, гуллар ва дарахт кўчатларини экиш ишлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, гўзал ва обод диёримиз бўйлаб ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашарида жонажон халқимиз уюшқоқлик билан фаол иштирок этиб, ўзлари истиқомат қилаётган маҳалла ҳудуди, гузарлар, меҳнат ва таълим фаолиятини олиб бораётган бинолар ва ҳудудларни, ариқлар, кўчалар, хиёбонлар, қабристонларни тозалаш ва обод қилиш, умуман, кенг кўламли, катта ҳажмдаги ободонлаштириш ишларини амалга оширмоқда.

 “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Ахборот хизмати

Top