Жаҳон | 07:08 / 01.05.2022
41640
11 дақиқада ўқилади

Украинадаги вазият: томонларнинг баёнотлари, муносабат, ёрдам ва санкциялар

Украинада Россия армияси билан икки ойдан зиёд давом этаётган ҳарбий тўқнашувларга оид кечаги кун давомида ва 1 майга ўтар кечаси содир бўлган ҳодиса, янгилик ва хабарларнинг эрталабги қисқача шарҳлари билан танишинг.

Украина томонининг баёнотлари

Володимир Зеленский ўзининг одатий тунги мурожаатномасида ҳали уларни жуда кўп иш кутиб турганини таъкидлаган.

Украина президенти Володимир Зеленский. Фото: president.gov.ua

«Олдинда ҳали жуда кўп иш бор. Заминимизга бостириб кирган босқинчилар ўзларнинг гўёки махсус операциясида очиқ-равшан муваффақиятсизликка учраганини ҳануз тан олмоқчи эмас. Босқинчиларни қувиб чиқариш учун ҳали жанг қилишимиз ва барча кучларни йўналтиришимиз керак.

Биз шундай қиламиз ҳам. Украина озод бўлади. Херсон ҳам, Новая Каховка ҳам, Мелитопол ҳам, Бердянск ҳам, Денропрудное ҳам ва вақтинчалик ишғол этилган, айни дамда босқинчилар ўзларини у ерларнинг «эгаси»дек тутаётган барча шаҳар ва қишлоқлар озод қилинади. Украина байроғи қаерда бўлишга ҳақли бўлса, ўша ерларга қайтади. Қайтганда ҳам нормал ҳаёт билан қайтади, қайсиким, Россия бундай ҳаётни ҳаттоки ўз ҳудудида ҳам таъминлашга қодир эмас», — деган Зеленский.

Зеленский Европа Иттифоқининг олтинчи санкциялар пакети доирасида тасдиқланиши кутилаётган Россия нефтига қарши чекловлар нефт аралашмаларига ҳам қарши қўлланилиши лозимлигини таъкидлаган.

«Россия нефтига нисбатан санкцияларнинг адолатли қисми Россиянинг нефт аралашмалари деб аталувчи маҳсулот билан чекловларни айланиб ўтишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатларини чеклашдан иборат бўлади. Агар бу борада қандайдир компания ёки давлат Россияга ёрдам берса, улар ҳам санкцияга дучор бўлиши керак», — деган Зеленский.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба Киев Пекинга мамлакат хавфсизлиги кафилларидан бири бўлишни таклиф этган. Мазкур қарор Украинанинг Хитойга ҳурмати ва ишончини намоён этади, деган у «Синҳуа» агентлигига берган интервьюсида.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба. Фото: smi.today

«Украина айни пайтда Хитой дохил БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари, шунингдек, бошқа қудратли давлатлардан хавфсизлик кафолатини олиш имкониятини ўрганмоқда. Биз Хитойга Украина хавфсизлиги кафилларидан бири бўлишни таклиф этамиз, бу бизнинг ХХРга нисбатан ҳурматимиз ва ишончимиз белгисидир», — деган Кулеба.

Россия армияси икки ой ичида Мариуполда иккинчи жаҳон урушида фашистлар ўлдирганидан икки баробар кўп тинч аҳолини ўлдирган, деган шаҳар мэри Вадим Бойченко.

Унинг сўзларига кўра, фашистлар оккупацияси даврида 10 минг одам қурбон бўлган бўлса, россиялик ҳарбийлар 20 минг тинч аҳолининг ёстиғини қуритган, 40 минг кишини шаҳардан мажбурлаб олиб чиққан.

Херсон области ҳудудида Украина мобил алоқа операторлари уяли алоқаси ва мобил алоқа тўлиқ узилиб қолган. Vodafone’нинг Херсондаги етакчи мутахассиси муаммо ниманингдир бузилишида эмаслиги, айнан қасддан узилишда эканлигини таъкидлаган.

Одесса области ҳарбий маъмурияти раҳбари Россия Одесса аэропортининг учиш-қўниш йўлагига Қримдан туриб «Бастион» ракеталари воситасида ҳужум уюштирганини тасдиқлади. Қурбон бўлганлар ва жабрланганлар йўқ, бироқ аэропортнинг учиш-қўниш йўлаги бутунлай ишдан чиққан.

Украина қуролли кучлари бирлашган операцияси ўтган сутка ичида эришилган муваффақиятлар ҳақида қуйидагича маълумот бермоқда (эслатиб ўтамиз, уруш даврида эълон қилинган маълумотларни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ):

Бош штаб тунги ҳисоботларига кўра, Украина ҚКнинг ҳужуми натижасида Харков областининг Верхняя Роганка, Русская Лозовая, Слободское ва Прилесное аҳоли пунктлари устидан тўлиқ назоратни қўлга киритган.

  • Душманнинг 9 та ҳужуми муваффақиятли бартараф этилган.
  • 8 та танк, 1 та артиллерия тизими, 24 та ҳарбий зирҳли техника, битта ҳарбий махсус машина ва 5 та автомобил (жумладан, иккита ёнилғи ташувчи машиналар) йўқ қилинган.

Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигининг маълумотлари:

  • Иккита Су-25 штурмчи ҳарбий учоғи ва 4 та пилотсиз учар қурилмалар уриб туширилган.

«Восток» тезкор-тактик гуруҳининг маълумотлари:

Россия қўшинлари 29 апрел куни 6 та ҳужум уюштирган, жанглар давом этмоқда. Душманнинг йўқотишлари:

  • Шахсий таркиб — 81; танклар — 3; БМП — 6; БТР — 5; артиллерия тактик нуқталари — 5, миномёт ҳисоблари — 1, самолёт — 1; пилотсиз учар қурилма — 1.

Россия томонининг баёнотлари

  • Украинадаги махсус операциянинг 65-кунида Россия оммавий ахборот воситалари талқинида қуйидаги воқеалар юз берган:
  • Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Украина самолётининг РФ ҳудудига учиб киришининг олдини олишган.
  • Украина томондан иккита снаряд Брянск обастининг Жеча аҳоли пунктига келиб тушган. Нефт маҳсулотлари омборига кичик зарар етган, қурбонлар йўқ.
  • Украина томондан туриб Курск областидаги назорат ўтказиш пункти ўққа тутилган. Ўққа тутиш нуқтаси йўқ қилинган. Қурбонлар, жабрланганлар, вайронагарчиликлар йўқ.
  • РФ ва Украина ўртасидаги музокаралар ҳар кунлик режимда ўтмоқда, томонлар Россияга қарши қўлланган санкцияларни бекор қилишни ҳам муҳокама қилишмоқда, деган Лавров.
  • Владимир Путин «ДХР» ва «ЛХР»га инфратузилмани тиклаш учун хизмат сафарига жўнатилганлар агар вафот этса ёки ярадор бўлса, уларнинг оиласига 5 ва 3 миллион рубл тўланишини белгиловчи фармонни имзолаган.
  • Ўтган сутка мобайнида «ДХР» ва «ЛХР»нинг хавфли ҳудудларидан Россияга 18 849 киши эвакуация қилинган, уларнинг 2359 нафари ёш болалар. Махсус операция бошидан буён 1 млн 62 минг 692 киши, жумладан 192 минг 688 болалар эвакуация қилинган, деб хабар бермоқда Россия Мудофаа вазирлиги.

Россия Мудофаа вазирлигининг махсус вакили Игор Конашенковнинг тунги брифингида эълон қилинган маълумотлар (эслатиб ўтамиз, уруш даврида эълон қилинган маълумотларни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ):

  • Ҳавода базалашган юқори аниқликдаги ракеталар билан кун давомида Украинанинг 17 та ҳарбий объектига зарба берилган.
  • РФ ҲКК авиацияси томонидан иккита бошқарув пункти, 9 та таянч пункти, 5 та ўқ-дори ва ёнилғи омборлари нишонга олинган.
  • Кун давомида зарбалар натижасида Украинанинг 200 нафардан зиёд аскарлари ва 23 та зирҳли техникасига талафот етказилган.
  • Ракета қўшинлари Украинанинг тирик кучлари ва ҳарбий техникаси жамланган 319 та ҳудудга ўт очган, 12 та бошқарув пункти, 2 та зенит-артиллерия қуроллари омбори нишонга олинган.
  • Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ёрдамида Херсон областидаги Червоний Яр аҳоли пунктида Украинанинг Су-25 самолёти уриб туширилган.
  • Владимировка узра Украинанинг иккита пилотсиз учар қурилмаси уриб туширилган.
  • Тун бўйи артиллерия Украинанинг 389 та ҳарбий объектларига зарба берган.
  • Операция бошидан буён 143 та самолёт, 660 та пилотсиз учар қурилма, 279 та зенит ракета комплекслари, 2678 та танк ва бошқа зирҳли техника йўқ қилинган.

Украинага кўмак

Франция етакчиси Эммануэл Макрон Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон орқали сўзлашиб, Киевга инсонпарварлик ёрдамлари ва ҳарбий кўмакни кучайтиришни ваъда қилган, деб ёзади CNN.

Франция президенти Эммануэл Макрон. Фото lenta.ru

Норвегиядан Полшага Mistral кўчма зенит ракета комплекси етказилган. Қуроллар Украина қуролли кучларига топширилади, деган Норвегия мудофаа вазири Бьорн Арилл Грамм.

UNICEF жамоаси Мариупол ва Запорожьедан қочиб чиқаётган оилалар, оналар ва болалар учун 30 минг литр ичимлик суви етказган.

Украина тез орада Словакиядан МиГ-29 ҳарбий самолётларини қабул қилиб олиши мумкин, деб ёзади The New York Times.

Дания Украинага 25 та Piranha III зирҳли транспортёрларини етказиб беради. Шунингдек, Дания М10 оғир миномётлари ва улар учун снарядлар ҳам етказади, деб ёзади Olfi нашри.

Санкциялар ва Россиянинг қарши чоралари

Германия Россия гази учун рублда тўлов қилиш ниятида эмас, — деган ГФР молия вазири Кристиан Линднер Funke нашрига берган интервьюсида. Ҳаттоки вазият «ўта шошилинч» тус олган тақдирда ҳам. Вазир Берлин тезроқ «Россиядан мустақил бўлиш» учун барча имкониятни ишга солишини таъкидлаган.

Германия ҳукумати Россиянинг энергия ресурсларига боғлиқликни камайтириш учун суюлтирилган табиий газ (СТГ) қабул қилувчи терминалларни қуришни тезлаштирувчи қонунни қабул қилишни режалаштирмоқда, деб хабар беради DPA агентлиги.

Германия ўзининг янги позициясини эълон қилди. Politico нашрига кўра, улар энди Россия нефтидан босқичма-босқич воз кечишни ҳам қўллашга киришиш билан чекланиб қолмасдан, Россиядан уран импортига ҳам санкциялар қўллаш талабини қўймоқда.

Россияда сўнгги 25 йил ичидаги рекорд инфляция қайд этилган. Бу 1998 йилдан буён энг максимал қиймат.

Нидерландия портлари швециялик ҳамкасбларига қўшилишган ва Амстердам дизел ёнилғиси ортиб олган Россия кемасини юк бўшатишига тўсқинлик қилмоқда, деб ёзади NOS нашри. Аввалроқ швед порти ишчилари РФдан келган ва шу томон кетаётган кемаларни буксирга тортиш, бандаргоҳга қантариш ишларидан бош тортиб, ЕИдан Россия нефтига тақиқ ўрнатишни талаб қилишганди.

АҚШда солярканинг нархи янги рекорд ўрнатган. Ёнилғининг 1 галлони (3,785 литр) 5,25 доллардан сотилмоқда. Бу бир йил аввалги нархдан 70 фоизга кўп.

Халқаро ҳамжамият муносабати

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон украиналикларга мудофаа учун зарур бўлган аслаҳаларни етказиш учун ҳарбий ва инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишда давом этишини билдирди.

«Мен Путин муваффақиятсизликка учраши учун Украинани янада мустаҳкамлаш ва таъминлашга ҳар доимгидан ҳам кўпроқ тарафдорман», — деб ёзган Твиттерда Жонсон.

Россиянинг юқори аниқликдаги қуроллари захираси тугаб бормоқда, деб ёзади Financial Times

«Уларнинг захираси чекланган, улар тугаб бормоқда, биз «Калибр» каби ракеталарни улар сақланаётган бошқа стратегик йўналишлардан кўчиришга мажбур бўлишаётганини кўрмоқдамиз. Бу эса юқори аниқликдаги қурол-яроғларнинг захираси қисқариб бораётганини англатади», — деган нашрга ғарб мулозими.

Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид