Урушнинг 70-куни ўтди. Россиялик ҳарбийлар Мариуполдаги «Азовстал» заводи ҳудудига бостириб киришган. Штурмдан олдинроқ ҳудуд ўққа тутилган. Суми областидаги Конотоп шаҳри мэри Москва патриархатининг Украинадаги православ черкови фаолиятини тақиқлади ва бу черков мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид солишини билдирди. Еврокомиссия Россияга қарши санкцияларнинг олтинчи пакетини анонс қилди, унга кўра Россия нефтига эмбарго қўйилиши мумкин. Кремлдагилар умуммиллий сафарбарлик эҳтимолини рад этишмоқда.
Тунда Краматорск авиаракеталар зарбасига учради, Донецк области ҳарбий маъмурияти раҳбари Павел Кириленконинг хабар қилишича, бу ҳужум натижасида турар жой биноларига шикаст етиб, тинч аҳоли вакилларидан камида 25 киши ҳалок бўлган.
Пайшанба куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг Украина бўйича навбатдаги йиғилиши ўтказилади. Унга шу ойдан кенгаш раҳбарлигини эгаллаган АҚШ раислик қилади.
New York Times газетаси ўз манбаларига асосланган ҳолда, украинлар Америка разведка маълумотларига асосланган ҳолда кўплаб россиялик генералларни ўлдиргани ҳақида ёзди. Шу билан бирга нашр манбалари қайд этишича, 30 апрел куни Изюмдаги қўмондонлик пунктига зарба беришда бундай ёрдамга таянилмаган. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, бу пунктга зарба берилишидан олдинроқ Россия бош штаби бошлиғи, армия генерали Валерий Герасимов шу ерда бўлганди.
Белгород области губернатори Украина ҳудудидан туриб икки қишлоқ ўққа тутилгани ҳақида хабар берди. Жабрланганлар тўғрисида хабар берилмаган.