Жамият | 17:37 / 07.05.2022
38791
10 дақиқада ўқилади

Масъуллар абитуриентларга яна “сюрприз” қилди. Бу қачонгача давом этади?

Қабулга 1,5 ой, имтиҳонларга 3 ой қолганда тест олинадиган фанлари ўзгариб кетган абитуриентлар ҳозир қандай йўл тутишни билмаяпти: улар ё бошқа йўналишни танлашга ёки имтиҳонда таваккал қилишга мажбур бўлмоқда. Ўзгаришларнинг бундай кеч эълон қилиниши йиллардан буён мунтазам рўй бериб келмоқда.

Апрел ойининг охирида Давлат қабул комиссиясининг баёни билан ОТМларнинг бакалавриат таълим йўналишларига мос тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, тест топшириқлари сони ҳамда баҳолаш мезонлари тасдиқланди.

Фанлар мажмуасида кўп йўналишларда жуда катта ўзгариш бўлмагани ДТМ томонидан маълум қилинди. Таълим йўналишлари сони – 461та, шундан 7 фоизида 2 та фаннинг ўрни ўзгарган. Битта фан ўзгарган таълим йўналишлари эса 2,8 фоизни ташкил қилган бўлса, фақатгина битта йўналиш – биотиббиёт муҳандислиги йўналишида мутахассислик фанлари бутунлай ўзгарган.

Энг кўп эътироз билдирган абитуриентлар 2,8 фоизлик ўзгариш ичида бўлганлар: “Филология ва тилларни ўқитиш: ўзбек тили ва адабиёти” йўналишига тайёргарлик кўраётганлар бўлди. Улар ўтган йили бу йўналишларда имтиҳон она тили ва тарихдан бўлгани учун шу фанлардан тайёргарлик кўраётган эди. Бироқ жорий йил учун тасдиқланган фанлар мажмуасида тарих олиб ташланиб, ўрнига чет тилидан имтиҳон қўйилган. Бу эса йил давомида тайёргарлик кўрган абитуриентларнинг кайфияти тушишига, норози бўлишига сабаб бўляпти.

“Абитуриентлар таваккал қиляпти”

“Кутилмаганда эълон қилинган бу янгилик абитуриентлардан ташқари ота-оналар ва шу йўналишда дарс бераётган репетиторларни ҳам довдиратиб қўйди. Фанлар мажмуаси ўзгарадиган бўлса, бу йил бошидан айтилганда ёки ўзгариш кейинги йилдан амалга киритилганда тўғри бўларди. Сабаби филология ёки ўзбек тили ва адабиёти йўналишига камида 1-2 йил тайёргарлик кўрган ёшларга бу қарор ёмон таъсир қилди. Уларда 3 ой бор холос. Бу муддатда чет тилини эмас, ҳатто она тилини ҳам яхши ўзлаштириб олиш қийин”, дейди она тили ва адабиёт фани бўйича навоийлик репетитор Анвар Баҳранов.

Унинг айтишича, айни шу йўналишларга тайёргарлик кўраётган абитуриентларининг 50 фоизи бошқа йўналишга ҳужжат топшириш қарорига келган, қолган ярми эса таваккал қилмоқчи.

“Мен ўтган йили ўзбек тили ва адабиёти йўналишига контракт асосида қабул қилингандим, лекин оилавий шароит туфайли ўқишни рад этиб, бу йил грантга ўқишга кириш учун қаттиқ тайёрланаётгандим. Оз вақт қолганда фанларнинг ўзгариб кетиши менга ёмон таъсир қилди. Ахир бу тўғри эмас-ку”, деб ёзади абитуриентлардан бири ижтимоий тармоқларда.

“Мажбурий фанларда ҳам ўзгаришлар бўлиб кетди. Қарорлар шунчалик тез алмашадики, биз нимани ўқишга ҳам ҳайрон бўлиб қоляпмиз”, деб ёзади яна бир абитуриент.

Бир гуруҳ норози абитуриентлар ижтимоий тармоқлар орқали видеомурожаат билан ҳам чиқишди.

Мутасаддилар узри

Kun.uz фанлар мажмуасидаги ўзгаришлар нималарга асосланиб киритилганини ва нега бунча кеч эълон қилингани ҳақида шу мавзуга бағишланган матбуот анжуманида мутасаддиларга савол билан юзланди.

Фанлар мажмуасидаги ўзгаришлар мутахассислик ОТМлар томонидан асослаб берилгани учун киритилади. Масалан, филологияда ҳам чет тили тарихдан кўра муҳимлиги асослаб берилган. Мен бу йўналишда мутахассис эмасман, лекин соҳа мутахассислари хорижий тил муҳимлиги таклифи билан чиқишган.

Тўғри, бу ерда бироз кечикиш бор: бу яширадиган ҳолат эмас. Лекин бу йўналишга ҳужжат топширувчи барча абитуриентлар учун шароит бир хил. Қайсидир ҳудудда эскича, қайсидир ОТМда янгича эмас.

Бу бўйича бир нечта ОТМ фикрлар беради ва улар муҳокама қилинади. Хоҳлаймизми-йўқми, ўзгартириш киритиш вақт талаб қилади. Тўғри, абитуриентларга озгина ноқулайлик туғдиряпти, улардан узр сўраймиз. Абитуриентларга қолган вақтини тўла сарфлаб имтиҳонга тайёргарлик кўришларини таклиф этамиз”, дея жавоб берди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов.

Қўшимча қилинишича, бу фанлар мактабда ўқитилади ва саволлар ҳам тўлалигича мактаб дарсликларидан олинади.

Жавобнинг қисқача мазмуни: Ўзгариш шу йўналишларда чет тили муҳимлиги сабаб киритилган ва бу асослаб берилган.

Бироқ янгиликдан абитуриентлар нега кеч бохабар қилингани ҳақидаги қисм очиқ. Фақатгина ҳамма абитуриентнинг имконияти бир хил экани (яъни, кемага тушганнинг жони бир) қолаверса, бу фанлар мактаб давридан ўқиб келингани учун абитуриентлар ундан қачон хабардор бўлишининг нима аҳамияти бор, деган маънода жавоб берилди.

Ўзини оқламаган баҳоналар

Ҳуқуқшунос-блогер Хушнудбек Худойбердиев ўзгаришларнинг кеч эълон қилинганини танқид қиларкан, бу бюрократия билан боғлиқлигини айтди.

Биринчи аргумент, ҳамма абитуриент бир хил имконга эга, яъни кимгадир фан ўзгариб, кимгадир эски фан сақлаб қолинмаган. Ҳаммага бир хил ўзгарди.

Ҳа, бу гапда жон бор. Аммо айнан мана шу бир хил имкониятнинг ўзи адолатсизлик ҳисобланади. Яъни аввал бошқа фанга эътиборни кўпроқ қаратиб, сидқидилдан ўша фанни ўқиган абитуриентлар билан, қўл учида ўқиганларнинг имконияти деярли тенглашиб қолди.

Иккинчи аргумент, саволлар фақат мактаб дарслигидан бўлади, мактабда яхши ўқиган бўлса, нима муаммо?

Ҳа, бу ҳам мантиқан тўғри. Аммо мактаблардаги ўқитиш сифати ҳали талаб даражасига кўтарилмаган бир шароитда, ”биз исталган пайт, исталган фанни ўзгартира оламиз, керак бўлса ўқигин” дейиш ҳам унчалик тўғри эмас.

Учинчи аргумент, ўзгаришлар жуда кам йўналишларда бўлди, эътибор қилишга арзимайди. Жуда норози бўлса, ана, ўзи яхши ўқиган фани бўйича бошқа йўналишга топширсин.

...Аниқ касбни мақсад қилган кам сонли ёшларнинг оёғига болта уриб, кутилмаган ўзгаришлар қилиб, “ёқмаса, ана бор, бошқа йўналишга топшир” деймиз. Бу сизларга ғалати кўринмаяптими, ҳурматли масъуллар?” деб ёзди Хушнудбек Худойбердиев.

Ўз-ўзини алдаш

Ҳаммага бир хил имкон берилгани билан абитуриентлар ўртасида адолат мезони бузилаётгани ҳақида Хушнудбек Худойбердиев тўғри ёзган. Масалан, шу пайтгача тарихни – иккинчи фанини яхши ўзлаштириб келаётган абитуриент билан бу фанни шу пайтгача яхши ўқимаган абитуриент бир хил шароитда қолди.

“Фанларнинг барчаси мактабларда ўқитилади, шунинг учун улар ҳамма фанни билиши керак, аслида. Ўзгаришнинг қачон эълон қилинишининг нима аҳамияти бор?”, деган жавоб ҳам ўзини оқламайди. Барча бармоқларимиз билан кўзимизни маҳкам беркитиб олсак ҳам, абитуриентларнинг кириш имтиҳонларига 99 фоиз ҳолатда репетиторлар кўмаги билан тайёрланишини, мактаб таълими талабга тўла жавоб бермаслигини кўрмаслик мумкин эмас.

Мактаб таълими тўла қониқарли эмаслиги ҳақида яқинда халқ таълими вазири Бахтиёр Саидовнинг ўзи ҳам пост қолдирди.

“Бугунги кунда республика мактабларида 504 минг нафар ўқитувчиларимиз фаолият юритади. Уларнинг 280 минг нафардан ортиғи, яъни 56 фоиз ўқитувчиларимизнинг салоҳияти талаб даражасида эмас. Бу дегани деярли 3 млнга яқин ўқувчи-болаларда юқори малакали ўқитувчидан таълим олиш имконияти мавжуд эмас”, деб ёзди вазир.

Демак, 3 млн бола мактабда яхши таълим ололмайди, масалан, улар мактабда олган билими билан инглиз тилидан кириш имтиҳонларида тушадиган тестни яхши ишлай оладиган даражада эмас. Барибир алоҳида тайёргарлик кўришга эҳтиёжлари бор.

Қолаверса, имтиҳонга озгина қолганда пайдо бўлган тартибсизлик сабаб филология ва ўзбек тили/адабиёти йўналишларига шу соҳа мутахассислари кутгандай чет тилини биладиган, йўналишни ривожлантирадиган абитуриентлар эмас, балки соҳага унча қизиқмаган ёшлар кириб қолиши эҳтимоли ҳам бор. Буни ОТМлар ҳам хоҳламаса керак.

Ҳар йили ҳар хил вақтда: фанлар мажмуасининг беқарор эълон қилиниши

ОТМларнинг кириш имтиҳонларида тест олинадиган фанлар рўйхати ва баҳолаш мезонлари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш Давлат комиссияси томонидан ишлаб чиқилиши белгилаб қўйилган.

Комиссиянинг низомига кўра, фанлар блокини тасдиқлаш 20 июнгача амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар таркибига киритилган. Бироқ бу санагача белгиланган топшириқлар орасида бир қанча вазифалар бор, айнан йўналишлар бўйича қайси фанлардан имтиҳон олинишини эълон қилишга алоҳида сана белгиланмаган.

Масалан, бу йил фанлар мажмуаси апрел ойининг охирида эълон қилинган бўлса, ўтган 2021 йилда март ойининг ўртасида, 2020 йилда эса июн ойида, 2019 йилда июл ойида эълон қилинган.

Тест олинадиган фанларнинг кеч эълон қилиниши абитуриентлар учун ноқулайлик туғдирмоқда. Худди бу йилги каби улар аро йўлда қолиб ўзлари ёқтирмаган касбни танлаб қўйишлари мумкин. Йўналишларнинг тахминан 10 фоизида ўзгариш бўлган деб ҳисобласак ва ўзгаришлар бу йил ҳужжат топшириши кутилаётган 1 млн абитуриентнинг тахминан 10 фоизига, 100 минг нафарига дахл қилса ҳам, демак, кичкина рақамлар ҳақида гап кетмаяпти.

Шулардан келиб чиқиб:

  • фанлар мажмуасини эртароқ тасдиқлаш;
  • ўзгариш бўладиган йўналишлар ҳақида олдиндан маълумот бериш (масалан, Тошкент давлат юридик университети 2023 йилги қабулда фанлар мажмуаси ўзгариши ҳақида 2021 йилда маълум қилган);
  • Қабул комиссияси чиқарадиган баёнлар учун аниқ дедлайнлар белгилаш муҳим.

Энг муҳими, ҳозир фанлар мажмуаси ўзгариб иккиланиб турган абитуриентлар масаласи қайтадан ўйлаб кўрилса мақсадга мувофиқ бўларди. Қайсидир соҳаларга таваккал қилиб имтиҳон топширадиган ёшлар кириб қолмаслиги учун ҳам бу муҳим, назаримизда.

Зилола Ғайбуллаева,
Kun.uz мухбири

Зилола Ғайбуллаева
Муаллиф Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид