Жамият | 16:00 / 08.05.2022
12215
2 дақиқада ўқилади

Бўстонлиқда қарийб 1 млн долларга ер сотмоқчи бўлган шахслар қўлга тушди

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида 2,4 гектар ер майдонини ноқонуний равишда сотишга уринган шахс ушланди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Қайд этилишича, 2022 йил 6 май куни Ўзбекистон ИИВга Э.Н. ариза билан мурожаат қилган. Унда у ер олиш мақсадида юрган вақтида И. ва Ҳ. исмли фуқаролар билан танишиб қолганини, ушбу фуқаролар унга таниши Д. исмли фуқаронинг номида бўлган 2,4 гектар ер майдони борлигини айтиб, ушбу ер майдонини 980 000 АҚШ долларига сотишини айтишгани маълум қилган.

Э.Н. танишган шахслар ҳокимият идораларидаги танишлари орқали ушбу ер майдонларига коттеж қуриш учун ҳужжатларини расмийлаштириб беришини, ҳозирда олдиндан бўнак сифатида 98 000 АҚШ долларини талаб қилган.

Мазкур аризага асосан, шу куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Ер ресурслари талон-тарож қилинишининг олдини олиш бошқармаси, Ўзбекистон ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармасининг Ер ресурслари талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлими ҳамда ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида, И. ва Ҳ. Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида жойлашган «Дилнур» ошхонасида ариза муаллифидан талаб қилган 980 000 АҚШ долларидан бўнак сифатида 49 000 АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан, 2022 йил 6 май куни Тошкент вилояти прокуратураси томонидан фуқаролар И. ва Ҳ. га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ҳамда 28, 211-моддаси 3-қисми (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, И. ва Ҳ. тегишли тартибида ушланди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид