Жамият | 11:15 / 08.05.2022
45747
10 дақиқада ўқилади

Ҳаётий ҳикоя: Ўгай ўғилнинг фожиали қисмати

Нуриддин..., бу номни эшитсам доим кўз ўнгимда ёш ва навқирон ҳолида ҳаёт нималигини англаб, англамай вафот этиб кетган бир бола ва унинг золим отаси келади.

Фото: KUN.UZ

Ҳаётда отасидан ёки онасидан эрта айрилган инсонлар жуда кўп. Уларнинг ҳаёти доим ҳам силлиқ кечавермайди. Айримлари етим қолгач, яхши инсонларнинг қўллови билан қийналмай улғайишади. Айримлари эса кимлардир томонидан ўгай деб камситилиши ортидан жуда қийналиб катта бўлишади. Ҳатто, ҳаётдан эрта кўз юмиб кетишади. Ўгай ота берган азоблар туфайли вафот этган Нуриддин ҳақидаги ҳикояни менга тасодифан танишган бир йигит айтиб берган эди.

«Нуриддин мендан икки ёш кичик, биздан икки синф пастда ўқирди. Уни «ўқирди» дейишим ҳам тўғри бўлмайди, Нуриддин мактабга умуман бормасди, тўғрироғи, отаси қўймасди. Балки қачонлардир у ҳам биринчи синфга борган, алифбе байрамида ҳарфлардан бирини боши узра кўтариб, икки қатор шеър ҳам айтиб бергандир. Аммо кейинчалик мен уни мактабда бирон марта кўрмаганман.

Нуриддин доим қўлида чўпон калтаги, эгнида жандаси чиқиб кетган кир кийимлари, белидаги белбоғида яримта суви қочган нон билан йил давомида фақат қўй боқиб юрарди. Қишнинг совуғида ҳам унинг оёғида иссиқ оёқ кийими бўлмас, доим йиртиқ калишда юрарди.

Нуриддиннинг оиласи биздан тўрт уй нарида яшар, баъзида эрталаб мактабга кетаётганимда уни қўйларини далага ҳайдаб чиқаётганида ёки кечки пайт уйга қайтаётганда кўриб қолардим. Ўшанда йиртиқ калишидан совуқда қизариб кетган оёқлари кўриниб турарди.

Нуриддин увадаси чиқиб кетган кийимлар ва йиртиқ калишда эрталабдан кечгача далада қўй боқиб юрса ҳам, унинг укалари бошқаларнинг болаларига ўхшаб яхши кийиниб юрарди, мактабга ҳам борарди. Ўшанда Нуриддиннинг ота-онаси нега ҳамма болаларига бирдай муносабатда бўлмаслигига ва Нуриддинга азоб беришларига ақлим етмасди.

Эсимда, Нуриддин оч ва юпун ҳолида куни билан совуқда қўй боқиб қийналгани етмагандай, кечки пайт уйга қайтганда отаси уни қўйларни яхшилаб боқмаганликда айблаб аёвсиз калтакларди. Ана шундай пайтларда у отасининг қўлидан қутилиш учун кўчага қочарди. Сўнг соатлаб кўчада ўтирар, отасининг ухлаганига ишонч ҳосил қилгач, уйга киришга ботина олмай, оғилхонада пичанлар орасида ётарди. Баъзида отаси раҳм қилиб урмаган кунлари уйда ухларди.

Қишни қиш демай, ёзни ёз демай оч-юпун юравериш охири ўз таъсирини кўрсатди. Нуриддин дардга чалинди. Унинг ҳаммаёғи шамоллаб кетганди. Аммо ўшанда ҳам отаси уни даволатиш ўрнига то ётиб қолгунча қўй боқишга мажбур қилаверди.

Нуриддин ётиб қолганидан кейин золим ота уни кўрсатиш учун маҳалла шифокорини чақириб келди. У Нуриддиннинг аҳволини кўриб, тезда касалхонага олиб бориш лозимлигини, акс ҳолда боладан ажраб қолишлари мумкинлигини айтди.

Онасининг қистови билан отаси Нуриддинни касалхонага олиб борди. Аммо шифокорларнинг ташхиси ёмон эди. Улар Нуриддинни обдон текширгач, унинг иккита буйраги ишдан чиққани, ички аъзоларигача шамоллаб кетгани маълум бўлди. Шифокорлар Нуриддинни даволашга кеч бўлганини айтиб, уни уйга қайтариб юборишди.

Ўшанда Нуриддиннинг оғир касаллиги ва шифокорлар уни «бўлмайди» деб уйга қайтаришгани ҳақидаги гап маҳаллага яшин тезлигида тарқалди. Шундан сўнг аксарият маҳалладошлар уни кўргани ва отасидан ҳол сўрагани боришди.

Икки-уч кун алаҳсираб ётган Нуриддин жон берди. Унинг жанозасига тумонат одам келди. Жанозадан кейин Нуриддиннинг отаси унинг маъракаларини кам-кўстсиз ўтказди. «Худойи», «Етти», «Йигирма», «Қирқ»нинг ҳар бирида Нуриддин боқиб юрган қўйлардан сўйилиб, ошлар дамланди. Маҳалла аҳли, катта-кичик ўша маъракаларда қатнашиб ошга тўйишди ва эҳсон соҳиби ҳаққига дуо қилишди.

Ўшанда, маҳалла аҳлининг нега Нуриддин қийналиб юрганида унинг отасига насиҳат қилмаганига, ёш бир жоннинг азобланиб юрганига бефарқ бўлганига, жанозадан кейин ҳамма бирданига ўша хонадонга қатнаб қолганига тушунмасдим.

Наҳотки одамлар Нуриддин яшаган хонадонга бориш, унинг ҳолидан хабар олиш учун оғир касал бўлишини, кейин эса ўзига омонат қилиб берилган жонни Эгасига топшириб, чин дунёга кетишини кутиб ўтирган бўлса?

Нега одамлар инсонларни соғлигида, тириклигида хабар олмай, бемор бўлганда йўқлашади ёки вафот этганда жанозасига югуришади? Ўзларини меҳрибон қилиб кўрсатишади? Нега тирикларни қадрламай, ўликларни иззат қилишади?

Нима эмиш, жанозада қатнашиш савоб эмиш. Қўшнини, қариндош-уруғни шундоқ йўқлаб қўйиш савоб эмасми? Беморни кўргани бориш-чи? Энг аввал Нуриддинни золим отанинг қўлидан қутқариш савоб эмасмиди!? Нега одамлар савобни ҳам ўз тарозиларида ўлчашади?

Ахир бечора боланинг оч, юпун ҳолда совуқда бир уюм қўйнинг ортидан азобда юрганини ҳамма кўрганди, биларди! Наҳотки, кўпчилик бўлиб Нуриддиннинг отасига насиҳат қилиш, уни азоблардан қутқариш қийин эди?

Нуриддиннинг ҳолидан хабар олишга келолмаган оёқлар у ўлганида жанозасини ўқишга, кейин эса маъракаларида ош ейишга келар экан-ку!

Ўша пайтда бу саволларни ўзимга кўп берганман, аммо уларга жавоб тополмасдим. Мени ўлчовим бўйича инсонлар бу даража бўлмаслиги керак эди. Нуриддиннинг ёш ўлиб кетганига катта-кичик ҳамма ачинди. Аммо орадан йиллар ўтиб уни барча унутди. Фақат мен унутмадим, унута олмадим.

Ўша пайтда ёш эдим, отаси нега бошқа болаларини эркалатиб, Нуриддинга қаттиқ зулм қилганини сабабини билмасдим. Нуриддининг вафотидан кейин унинг отаси кўзимга ёмон кўриниб қолди. Унга рўпара келсам юзимни терс ўгирадиган бўлдим. Узоқдан кўрсам, башарасига кўзим тушмасин деб тескари томонга бурилиб кетардим.

Орадан яна йиллар ўтди, улғайдик. Нуриддиннинг укалари ҳам йигит ёшига етишди. Нуриддиндан кейинги ўғил ҳеч нарсадан қайтмайдиган нобоп чиқди. Ҳали қарзга ботади, отаси нимасинидир сотиб қарзни тўлайди, ҳали яна нимадир иш чиқаради. Қисқаси тинч юрмади. Отасига ҳам кўп азоб берди.

Кейинчалик, мен учун узоқ йиллар жумбоқ бўлиб келган иш, нега ўшанда отаси Нуриддинга бунчалар азоб бергани ҳақидаги ҳақиқатни эшитиб қулоқларимга ишонмадим. Инсоннинг бунчалик ваҳший бўлиши мумкинлигига ақлим бовар қилмади.

Нуриддин ўзига зулм ўтказган ва бевақт ўлиб кетишига сабабчи бўлган отага ўгай ўғил бўлган экан. Мен ҳанузгача ёмон кўрадиган бу одам Нуриддинга фақат ўгай бўлгани учун шунча азоб берган бўлиб чиқди.

Бу одам биринчи хотини вафот этгач яна уйланган ва Нуриддин унинг хонадонига ёш бола пайтида онасининг орқасидан эргашиб келган экан.

Ўшанда у негадир Нуриддинни ўз хонадонига келишини умуман хоҳламаган ва аёлга ўғлини олиб келмаслик шартини қўйган экан.

Англашимча, биринчи турмушидан анча йил фарзанд кўрмаган бу одам, ўшанда маҳалладошларнинг «ўзи фарзанд кўра олмай бировнинг боласига оталик қилиб юрибди» деган таъналарини эшитмаслик учун ҳам Нуриддинни ўз оиласида кўришни хоҳламаган.

Кейинчалик эшитишимча, у энди уйланган пайтларида Нуриддиннинг онасига «Итваччангни ўша ёқларда йўқотиб кел. Агар олиб келсанг, барибир менинг калтакларим остида ўлиб кетади» деб айтган экан. Онаси Нуриддинни олиб қолишларини сўраб бир неча қариндошларидан илтимос қилган, аммо уни ҳеч ким олиб қолмаган. Шундан сўнг она Нуриддинни ўзи билан бирга олиб келишга мажбур бўлган экан.

Нуриддинга ўгай ота шунчалик зулм ўтказган экан, онаси нега бунга йўл қўйиб бергани мени ҳайрон қолдирди. Наҳотки у ўз боласини касалланиб ўлиб кетишини билиб ҳам индамай юраверган?!

Аёл эри вафот этиб Нуриддин билан ёлғиз қолганидан кейин бу одамга турмушга чиққач яна уч нафар фарзанд кўрган эди. Тахминимча, у эрининг Нуриддинга қилаётган зулмига қарши чиқса эри жаҳл устида тўрт боласи билан ҳайдаб юборишидан қўрққан.

Шу сабабли ҳам  у ҳаммасига чидаб яшаган. Қолаверса, эри Нуриддинга азоб берганда аёл унга индай олмас, мабодо нимадир деса ўзи ҳам ўғлига қўшилиб эридан калтак ерди.

Ана шу сабаблар бир бўлиб, бошқа болаларини ўйлаб, аёл Нуриддиннинг қийналиб ўлиб кетишини индамай кузатишдан бошқа чора топа олмаган.

Мен бу гапларни орадан анча йил ўтгач эшитдим ва ўша инсонга нисбатан нафратим баттар кучайди. Наҳотки инсон шунчалик ёвуз бўла олса?! Норасида болани «бу менга ўгай» деб, унга зулм қилиб ўлдириб юборишгача етса?

Ҳатто ҳайвонлар ҳам аксарият ҳолларда бошқа ҳайвонларнинг боласига меҳр кўрсатади. Наҳотки бу инсон ўша ҳайвонлардан баттар бўлса? Ҳа, одамлар ҳар хил бўлар экан, ҳайвонлар ҳам.

Мен гоҳ-гоҳида Нуриддинни тушларимда кўраман. У бир қўлида нон, биттасида эса калтак, бир сурув қўйларининг олдида менга қараб жилмайиб турган бўлади».

Нуриддин ҳақидаги ғамгин бу ҳикояни эшитар эканман, нима дейишга ҳам ҳайрон эдим. Ҳа, инсонлар меҳрибон, инсонлар ёвуз!

Ғайрат Йўлдош

Мавзуга оид