10:04 / 08.05.2022
14290

Термиз шаҳридаги «Алпомиш» спорт мажмуасининг томи қулаб тушди

Спорт мажмуасининг 1 700 метр квадрат том қисми қулаб тушган. Ҳодисада ҳеч ким жабрланмаган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

2022 йил 7 май куни ижтимоий тармоқларда Термиз шаҳридаги «Алпомиш» спорт мажмуасининг томи қулаб тушгани ҳақида хабарлар тарқалди. Kun.uz’да ана шу хабарларга асосланиб «Алпомиш» спорт мажмуасининг томи қулаб тушгани ҳақида хабар берилганди. Қурилиш вазирлиги ҳодиса юзасидан расмий муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, 2022 йил 5 май куни Термиз шаҳри Алпомиш маҳалласи Навбаҳор кўчаси 1-уй манзилида жойлашган «Алпомиш» кураш мажмуаси биносида техноген тусдаги фавқулодда вазият содир бўлган.

Ҳодиса жойи кўриб чиқилганда қуйидагилар аниқланган:

— Мажмуадаги кураш залининг умумий майдони 2 800 метр квадрат бўлиб, ҳозирги кунда кураш зали томининг тахминан 1 700 метр квадрат қисми бузилиб, ерга қулаб тушган;

— Кураш залининг том қисми мураккаб конструктив ечимли бўлиб, «Кисловодск» типидаги фазовий металл конструкциялардан фойдаланилган;

— Бузилган том қисми яроқсиз ҳолатга келган;

— Кураш зали биноси 1999 йилда қурилган.

Муносабатда маълум қилинишича, ҳодиса оқибатида кураш мажмуаси ходимлари соғлиғига ҳеч қандай зарар етмаган.

Эслатиб ўтамиз, ҳодиса юзасидан вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва вилоят ҳокимлиги ахборот хизматлари раҳбарларидан изоҳ сўралганда улар Бойсун туманида ўтказилаётган фестивалнинг ташкилий ишлари билан банд эканликларини ва ҳодисадан бехабар эканликларини маълум қилишганди.

Маълумот учун, Термиз шаҳрида жойлашган «Алпомиш» спорт мажмуасида турли спорт турлари бўйича мамлакат биринчиликлари ва вилоят миқёсидаги мусобақалар ўтказиб келинган.

Top