20:46 / 11.05.2022
16727

Зироат Мирзиёева “Меҳрли мактаб” ўқувчиларидан хабар олди

“Замин” фонди лойиҳаси доирасида ташкил этилган Ўзбекистондаги илк госпитал-мактабда узоқ муддат давомида даволанаётган ҳамда мактаб ёки боғчага бориш имконияти бўлмаган болалар таълим олмоқда.

Фото: Zamin фонди

Бу ерда улар ота-оналарининг иштирокида реабилитация, мослашув ва ижтимоийлашув жараёнларидан ҳам ўтмоқда. Бу ҳақда фонд матбуот хизмати хабар қилди.

11 май куни фонд Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева мактабга ташриф буюриб, бу ердаги шароитлар билан танишди, педагоглар ва ота-оналарга далда бериб, болажонлар билан суҳбатлашди.

Таъкидланишич, “Меҳрли мактаб” – фақатгина ўқув муассасаси эмас. Мактаб Ўзбекистон учун янги йўналиш – госпитал педагогика соҳасида зарур методологияни яратиш учун ҳам илмий ва амалий таянч бўлиб хизмат қилмоқда.

PS: Мирзиёева Зироа́т Махму́довна (1964 йил 4 декабрь куни туғилган, Қўқон шаҳри, Фарғона вилояти, Ўзбекистон ССР) – жамоат арбоби, муҳандис-иқтисодчи, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг рафиқаси.

Зироат Мирзиёева 1964 йил 4 декабрь куни Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида туғилган. 1986 йилда Тошкент ирригация ва мелиорация институтини (ҳозирда “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети) муҳандис-иқтисодчи ихтисослиги бўйича тамомлаган. Ўзбек, рус ва инглиз тилларини билади. Икки нафар қизи ва бир нафар ўғли бор. Мумтоз ва миллий мусиқани хуш кўради, тарих билан қизиқади.

2020 йилдан буён Ўзбекистонда очиқ ва инклюзив муҳитни яратиш орқали аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш ва таълимни ривожлантириш масалалари бўйича қатор хайрия лойиҳаларини амалга ошираётган “Zamin” халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раисидир.

Фонд фаолиятининг устувор йўналиши атроф-муҳитни муҳофаза қилишдан иборат. Кўкаламзорлаштириш, ҳаво сифати мониторингини автоматлаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ёшлар орасида экологик таълимни ривожлантириш, олис ҳудудларда тоза ичимлик суви билан таъминлаш каби масалалар бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.  

Ижтимоий ва экологик соҳалардаги долзарб масалаларга кўпроқ эътибор қаратиш мақсадида ҳам миллий, ҳам халқаро даражада қатор тадбирларни ўтказмоқда.

Top