Ўзбекистон | 08:55 / 15.05.2022
3433
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ШҲТ туризм форуми бўлиб ўтади

19-20 май кунлари Тошкентдаги “Hilton Tashkent City” меҳмонхонасида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг туризм соҳалари вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтади. Тадбир Ўзбекистон Республикасининг 2022 йилдаги ШҲТ саммитига раислиги доирасида ташкил этилмоқда.

Фото: uzbektourism.uz

20 май куни академик ва ишбилармон доиралар, шунингдек, ташкилотга аъзо давлатларнинг туризм соҳаси вакиллари иштирокида “ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичи: туризм ва маданий мерос” номи остидаги туристик форум бўлиб ўтади.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, форум иштирокчилари томонидан халқаро туризмнинг долзарб масалалари, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар маданий меросини сақлаш ва тарғиб қилиш, шунингдек, туризм ва маданий мерос соҳасида илмий-техникавий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама этилади.

Йиғилишда туризм соҳалари раҳбарлари туристик саёҳатларни қайта тиклашни жадаллаштириш бўйича қўшма ташаббуслар, туризмнинг иқтисодий ўсиш мултипликатори сифатидаги ролини оширадиган янги лойиҳа ва дастурларни кўриб чиқади.

Бўлажак йиғилишлар кун тартибидан Туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги битим ва ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида музей иши соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум лойиҳаларини мувофиқлаштириш ҳам ўрин олган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид