Жамият | 15:00 / 15.05.2022
22140
13 дақиқада ўқилади

Вафо қилмаган миллионлар: Осон топилган пул осон кетадими?

Халқимизда «Осон келган пул осон кетади» деган ибора бор. Аксарият ҳолларда меҳнат қилиб топилмаган ва турли йўллар билан келган пулларнинг осон йўқ бўлиб кетиши кузатилади. Айниқса турли лотереялардан катта миқдорда пул ютиб, орадан бироз ўтгач қашшоқ бўлиб қолганлар дунёда етарлича топилади.

Фото: Shutterstock

Дунёда турли кўринишда доимий ўтказиладиган лотереялар жуда кўп. Осон пул топиш, жон койитмасдан бир зумда катта миқдордаги пулларни ютиб олиш умидида бўлган кўплаб инсонлар лотерея ўйнайди. Табиийки, ютуқлар саноқли ва улар миллионлаб инсонлардан бир нечтасига чиқади.

Лотереядан катта пулларни ютганларнинг ҳаётида аввалига муаммолар ҳал бўлиб, барча қийинчиликлар ортда қолгандай туюлади. Аксарият ҳолларда эса бундай инсонлар катта пулга эга бўлгандан сўнг турли муаммоларга дуч кела бошлайди. Орадан бироз ўтгач уларнинг айримларида бир тийин пул қолмайди ва ҳаётлари яна ўша «эски тос, эски ҳаммом»га қайтади. Айримлари эса ҳатто катта миқдорда қарзга ботишади.

Қуйида лотереялардан катта маблағларни ютган ва пулларни исроф билан сарфлаш оқибатида улардан айрилиб, яна «йиртиқ чориғи» билан қолган инсонларнинг тақдири билан танишамиз.

Эндрю Уиттакер (АҚШ)

Ғарбий Виржиния штатида жойлашган қурилиш компаниясининг 55 ёшли президенти Эндрю Уитаккер 2002 йил декабрь ойида лотереядан 315 миллион доллар ютиб олган пайтда ўзининг ҳисобрақамида ҳам 17 миллион доллар пули бор эди. Шундай бўлса ҳам катта пул ютгач, Эндрюнинг ҳаловати йўқолади.

АҚШда одатда лотереядан катта маблағ ютган одамнинг исм-шарифи ошкор қилинса, барча жиноятчилар уни тунашни хоҳлаб қолишади. Эндрю билан ҳам шундай бўлади.

2003 йилда унинг автотураргоҳда турган машинасидан ярим миллион доллардан кўпроқ пулини ўғирлаб кетишади. Бироз ўтиб у полицияга ўғрилар ҳисобрақамидаги барча пулларни ечиб олишганини маълум қилади.

2004 йилда Эндрюнинг қиз набираси ва унинг йигити гиёҳванд моддаларни кўп истеъмол қилиш ортидан вафот этишади. Бироз ўтиб қизи ҳам вафот этади. Ўшанда у йиғлаб «Қани эди ўшанда у лаънати чиптани йиртиб ташласам эди», дейди.

Шундан сўнг ўғрилар Эндрюни яна бир неча бор тунашади. Бундан ташқари қимор ўйнашга берилиб, казиноларда катта пулларни ютқазади. Охир-оқибат орадан тўрт йил ўтиб қарзга ботади ва банкрот бўлади. Катта миқдордаги пул унга бор-йўғи 4 йилга етади холос.

Эдриан Бэйфорд (Буюк Британия)

Эдриан Бэйфорд кичик дўкон эгаси бўлган оддий йигит эди. У «Евромиллион» лотереясидан энг йирик ютуқ – 148 миллион фунт стерлинг ютиб олгач бир кунда ҳаммаси ўзгариб кетади.

Бэйфорд катта пулдан ўзини йўқотиб қўйиб, уларни беҳудага сарфлай бошлайди. Энг аввал 19-асрда қурилган эски қасрни бир неча баробар қимматга сотиб олади ва катта маблағ сарфлаб у ерда иккита рок фестивалини уюштиради.

Шундан сўнг Бэйфорд хотини билан ажрашади ва ёлғиз қолгач пулларни беҳудага сарфлашда давом этади.

У янги маъшуқасига отлар подаси билан бирга от спорти майдонини сотиб олиб беради. Аммо ОАВ эътиборига тушган қиз уларнинг доимий таъқибига дош бера олмай Бэйфордни тарк этади.

Байфорд учун охирги зарба собиқ хотинининг яна турмушга чиқиб кетиши бўлади. Шундан сўнг Бэйфорд отларини, дўконларини сотиб юборади. У ҳақда Британия ОАВда чиққан сўнгги хабарда йигит ўз бойлигининг катта қисмидан айрилиб бўлгани ва омма эътиборида бўлишдан қочиш учун Австралияга кўчиб кетмоқчилиги ҳақида хабар берилади.

Билли Боб Ҳаррелл (АҚШ)

Билли Боб Ҳаррел 1997 йил июнь ойида Техас штатида лотереядан 31 миллион доллар ютади. Ўшанда у барча муаммоларим ҳал бўлди, деб ўйлаганди. Аммо акси бўлади.

У ютуқ пулларини исроф билан сарфлай бошлайди. Оиласи ва дўстлари учун уйлар, машиналар сотиб олади. Хайрия сўраш ниқоби остида ишловчи фирибгарларга чув тушади. Шу тариқа у 31 миллион долларни 20 ойда сарфлаб тугатади.

1999 йилда ўғли уни ётоғида ўқотар қурол ўқи билан яраланиб вафот этган ҳолда топади. Суриштирувлардан сўнг у ўз жонига қасд қилгани аниқланади. Билли Боб Ҳаррел ўлимидан бироз олдин молиявий маслаҳатчисига «лотереяда катта пул ютиб олишим ҳаётимда мен билан содир бўлган энг ёмон иш эди» дегани маълум бўлади.

Жефри Дампир (АҚШ)

1996 йилда Жефри Дампир Иллинойс штатида ўтказиладиган лотереядан 20 миллион доллар ютиб олади. Осон келган маблағ унинг бошини айлантириб қўяди.

Дампир 20 миллион долларни попкорн бизнесини йўлга қўйиш, оила аъзолари ва маъшуқасига совға сотиб олиш учун сарфлаб юборади. У 20 миллион долларни 9 йилда батамом сарфлаб тугатади.

Женит Ли (АҚШ)

 Келиб чиқиши Жанубий Кореядан бўлган АҚШ фуқароси 52 ёшли Женит Ли 1993 йилда лотереядан 18 миллион доллар ютади. У ҳам бошқалар каби осон келган пулни исроф билан сарфлай бошлайди. Қимматбаҳо машиналарни ижарага олади, қиммат кийимлар сотиб олади. Нақд сотиб олишга имконияти бўлган ҳолда ипотекага қимматбаҳо уй олади. Пулнинг бир қисмини хайрия қилади.

2001 йилда Женит батамом пулсиз қолади ва ипотека кредитини тўлаш учун кредит олади. Бироз ўтиб унда кредитни тўлашга ҳам маблағ қолмайди ва ўзини банкрот деб эълон қилади. Бу пайтда Женитнинг гарданида 2,5 миллион доллар қарзи бор эди. Шундан сўнг уйни тортиб олишади ва у ҳеч нарсасиз қолади.

Уилям Пост (АҚШ)

Уилям Пост 1988 йилда Пенсилвания штатида ўтказиладиган лотереяда 16,2 миллион доллар ютиб олади. Катта пулдан боши айланиб қолган Пост ютуқни беҳуда ишларга сарфлай бошлайди. Ресторан, эски машиналар парки ва самолёт сотиб олиш учун катта пул сарфлайди.

Бундан ташқари қариндошлари уни фойда келтирмайдиган бизнесга катта пул тикишга кўндиришади. Охир-оқибат у лотереяда ютуқ чиққандан уч ой ўтиб барча пулни тугатади ва 500 минг доллар қарз бўлиб қолади. Шундан сўнг у ўзини банкрот деб эълон қилишларини сўраб ариза беради.

«Ҳамма пул ютишни орзу қилади, лекин ҳеч ким унинг ортидан пайдо бўладиган муаммоларни тушуниб етмайди», деган эди Пост 1993 йилда газеталардан бирига берган интервьюсида.

Майкл Кэрролл (Буюк Британия)

Майкл Кэрролл 2002 йилда 19 ёшида лотереядан 9,7 миллион фунт стерлинг (15,5 миллион доллар) ютади.

Бирданига бойиб қолган Кэррол пулларни енгилтабиат аёлларга сарфлай бошлайди. Гиёҳванд моддалар истеъмолига ружу қўяди. Ҳолат шу даражага етадики, 2003 йилда кунига 3 минг долларлик кокаин чека бошлайди. Ўша пайтда у 500 минг долларлик уйида тинимсиз кечки зиёфатлар уюштиради.

Орадан саккиз йил ўтиб Кэрролл пулларни сарфлаб тугатади ва ишсизлик нафақасига яшай бошлайди. Гиёҳванд моддаларга берилган пайтда уни хотини ва қизи ташлаб кетади.

Кэрролл 2010 йилда Daily Mail газетасига берган интервьюсида: «Кечки зиёфатлар тугади ва мен ҳақиқий ҳаётга қайтдим. Энди бир-бирига уриштирадиган тангаларим йўқ ва бу менга маъқул. Ҳар ҳолда миллионга қараганда 42 фунтга яшаш осонроқ», деганди.

Бироқ орадан бироз муддат  ўтиб бошқа интервьюсида Кэрролл ўз миллионларини совуриб бўлганидан кейин, оддий ҳаётга кўника олмай икки марта ўз жонига қасд қилишга уринганини тан олади.

Шэрон Тирабасси (Канада)

Канадалик кўп болали она Шэрон Тирабасси 2004 йилда лотереядан 10,5 миллион доллар ютади. Қўлига катта пул тушгач аёл уларни аямасдан сарфлай бошлайди.

Шэрон энг аввал уй ва бирданига тўртта машина сотиб олади. Шунингдек, турли саёҳатларга чиқади ва қиммат кийимлар сотиб олади. Шу тариқа Шэрон пулнинг озроқ қисмини 6 нафар фарзандининг номига қўйиб, қолган қисмини сарфлаб тугатади.

Шундан сўнг Шэроннинг эри маст бўлиб машина бошқариб ҳалокатга учрайди. У бир неча кишининг тан жароҳат олишига сабаб бўлгани учун ҳибсга олинади. Эрини гаров эвазига ҳибсдан олиб чиқиш учун Шэроннинг қўлида қолган пуллар етмайди ва у машиналарни сотишга мажбур бўлади.

Шундан сўнг Шэронда фақат таъмирталаб машинадан бошқа ҳеч нарса қолмайди.

Кейт Гоф (Буюк Британия)

2005 йилда оддий новвой бўлиб ишловчи Кейт Гофнинг рафиқаси Луиза лотереядан 9 миллион фунт стерлинг ютади. Шундан сўнг рафиқасидан пулларнинг тасарруфига ижозат олган Гоф пулларни беҳудага сарфлай бошлайди.

У уйи бўла туриб яна уй сотиб олади. 560 минг фунтга Астон Вилла футбол жамоаси стадионидаги ВИП ложадан йиллик абономент сотиб олади.

Орадан бироз ўтиб, Гоф фирибгарларга алданади ва катта пулини йўқотади. 2007 йилда Гофни хотини ташлаб кетади. Шундан сўнг у маст қилувчи ичимликларга ружу қўяди.

Гоф 2010 йилда маст қилувчи ичимлик ва стресс таъсирида вафот этади. Ўша пайтда унинг ҳисоб рақамида 1 миллион фунт стерлинг пул қолган эди холос.

Тонда Дикерсон (АҚШ)

Тонда Дикерсон оддий кафеда официант бўлиб ишларди. Кафенинг доимий мижозларидан бири лотерея жинниси эди. Бир марта у барча официантларга ҳам лотерея чипталаридан совға қилади. Ана шунда Тондага совға қилинган чиптага катта миқдорда пул ютуғи чиқади.

Тонданинг лотереядан 5 миллион доллар ютганини эшитган ҳамкасблари ютуқни тенг тақсимлашни талаб қилишади. Рад жавобини олгач улар Тонгани судга беришади, аммо ютқазишади.

Шундан сўнг қиз жамғарма фонди очади ва пулни фондга ўтказиб, ундан қариндошларига ҳисса ажратади. Унинг бу иши солиқ ходимларининг эътиборини тортади. Солиқчилар Тонга қариндошларига берган пулидан солиқ тўлаши лозимлигини айтиб, уни судга беришади. Судда ютқазиб солиқларни тўлагач, Тонганинг ҳисобида бор-йўғи миллион доллар қолади. Қиз тез орада уни ҳам сарфлаб, тугатади.

Эвелин Бейсҳор (АҚШ)

Эвелин лотереядан икки марта катта миқдорда пул ютган саноқли одамлардан бири ҳисобланади. У илк марта 1985 йилда 3,9 миллион доллар ютади. Орадан 5 ўтиб яна 1,4 миллион доллар ютиб олади.

Катта пулдан боши айланиб қолгач Эвелин ютуқнинг бир қисмини дўстларига тарқатади. Қолганини эса қиморда бой беради. 2000 йилда Эвелин банкрот бўлиб, трейлер паркка ишга киради.

«Лотереядан ютуқ чиқиши – бу барча муаммоларинг ҳал бўлди, дегани эмас. Барча пулларимга эга бўлишни хоҳларди ва менга ўз ёрдамини таклиф этарди», деган эди кейинчалик Эвелин.

Орадан бир неча йил ўтгач у New York Post газетасига берган интервьюсида кейинчалик ҳам кўп маблағини лотерея учун сарфлаганини, бироқ бошқа ютуқ чиқмаганини айтади.

Келли Рожерс (Буюк Британия)

2003 йилда Англиянинг Уоркингтон шаҳрида яшовчи Келли Рожерс лотереядан 1,8 миллион фунт стерлинг ютади. Ўша пайтда у 16 ёшда эди. Келли ўзини асраб олган оила билан бирга яшар ва савдо дўконида кассир бўлиб ишларди.

Ютуқни олгач Келли ўзига уй сотиб олади. Сўнг учрашиб юрган йигити билан унга кўчиб ўтади ва пулларни исроф билан сарфлай бошлайди. У ўзига қимматбаҳо кийим-кечаклар харид қилади. Сўнг танасининг турли қисмларини бир неча марта пластик жарроҳлик қилдиради.

Келли харидлар билан чекланиб қолмайди, у ўз вақтини тунги клубларда ўтказа бошлайди ва гиёҳванд моддалар ҳамда спиртли ичимликларга ружу қўяди. Шу тариқа у 4-5 йилда барча маблағларини сарфлаб тугатади. Келли 22 ёшга кирганида унинг икки нафар фарзанди бор эди.

«Ютуқни ўз ҳисобимга ўтказиб олганимда бирданига улғайиб қолгандай бўлдим. Шундан сўнг тезда атрофимда «дўстлар»им кўпайиб қолди. Улар қарз сўрар ва мен сахийлик билан пул тарқатардим.

Кейин эса танамни тўғрилатишни истаб қолдим. Анча пул сарфлаб танамни ёмон аҳволга солганимни кейин тушуниб етдим. Гиёҳванд моддалар ва маст қилувчи ичимликлар севимли овунчоғим бўлиб қолди. Барчаси мени жарлик томонга тортаётганини билардим, аммо ўзимни тийишга ожиз эдим», деганди у кейинчалик.

Ҳолат шу даражага етадики, Келли ўз жонига қасд қилишга уринади. Оқибатда суд қарори билан уни оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишади ва мажбуран даволанишга жўнатишади. Кейинчалик, Келли соғайиб кетади ва фарзандларини қайтаришади. У турмушга чиқиб яна бир фарзанд кўради. Келли ҳозир оддий ҳаёт кечирмоқда.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид