09:41 / 16.05.2022
6651

НАТО Украинага ҳарбий ёрдамни камайтирмайди — Германия ТИВ

НАТО Россиянинг Донбассдаги ҳужуми тўхтаб қолганини билдирди, бироқ уруш узоқ давом этиши мумкин. Шимолий Атлантика альянси мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Берлинда Украинага қандай ёрдам бериш мумкинлигини муҳокама қилди.

Анналена Бербок / Фото: Picture Alliance

НАТО давлатлари Украина ўзини ҳимоя қилиши учун қанча керак бўлса, шунча унга ҳарбий ёрдам кўрсатади. Бу ҳақда Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок 15 май, якшанба куни Берлинда бўлиб ўтган Шимолий Атлантика альянси мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг норасмий учрашуви якунлари бўйича маълум қилди, деб ёзади DW. 

Бербокнинг сўзларига кўра, вазирлар Россиянинг Украинага қарши урушидаги ўзгаришларни «муфассал ва очиқ таҳлил қилган», шунингдек, Украина халқига ёрдам бериш учун «яқин ҳафталар ва ойларда» нима қилиш мумкинлигини муҳокамадан ўтказган.

«Биз бир овоздан миллий саъй-ҳаракатларимизни, биринчи навбатда, ҳарбий қўллаб-қувватлаш соҳасида камайтиришга ҳаққимиз йўқ, деган қарорга келдик», деди Германия ташқи ишлар вазири. «Биз ҳаммамиз биламизки, бу уруш тез тугамайди», деб қўшимча қилди у.

Ўз навбатида, НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Россиянинг Украинага қарши уруши Москвада хоҳлаганидек кечмаётганига эътибор қаратди: «Улар Киевни қўлга кирита олмади, Харков атрофидаги ҳудудлардан чекинмоқда, уларнинг Донбассдаги асосий ҳужуми тўхтаб қолди». 

Столтенбергнинг сўзларига кўра, Россия президенти Владимир Путин ўзининг «стратегик мақсадларига» эриша олмади: у Украинани мағлуб эта олмади, НАТО «ҳар доимгидан ҳам кучлироқ бўлди», Европа ва Шимолий Америка эса бирлашди. 

«Украина бу урушда ғалаба қозониши мумкин. Украиналиклар ўз ватанини мардонавор ҳимоя қилмоқда», - дея қўшимча қилди альянс бош котиби. У НАТО давлатлари «Украинага ҳарбий ёрдамни кучайтиришда давом этишига» ваъда берди. 

Германия ташқи ишлар вазири Россия билан мулоқот қилиш имконияти ҳақидаги саволга жавоб берар экан, «ҳар доим мулоқот бўлиши керак», деб таъкидлади. «Аммо барчамиз қийин йўл билан билиб олдикки, ўтказган сўнгги мулоқот шакли, яъни ЕХҲТ Россия томонидан йўққа чиқарилди», — деди Бербок. 

У музокаралар бўйича барча уринишларни, хусусан, «Норманд формати» ва Минскни, шунингдек, АҚШ, Франция, Туркия президентлари ва Германия канцлерининг Россия билан мулоқот ўтказишга бўлган саъй-ҳаракатларини эслатди. Аммо Москва уларни рад этди, «шунинг учун биз Украинани нафақат тўлиқ қўллаб-қувватлашимизни, балки Украинага ўзини ҳимоя қила олиши учун ҳарбий ёрдам кўрсатишимизни тушунтиришдан бошқа иложимиз қолмади», деди Бербок. У Россияни Россия-НАТО асосий актини амалга оширишдан бир томонлама бош тортганликда айблади. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top