Ўзбекистон | 18:03 / 17.05.2022
2801
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хорижий компаниялар учун биржа хизматлари тўлови бекор қилинади

Ўзбекистонда айрим турдаги товарлар биржага қўйилмагани оқибатида уларнинг нархларида ўсиш кузатилган.

Шавкат Мирзиёев раислигида 17 май куни ўтказилган йиғилишда йил якунига қадар биржадаги товар айланмасини 2 бараварга ошириш учун барча захираларни ишга солиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Президент матбуот котиби хабар қилишича, суюқ минерал ўғитлар, нефть кокси, нафта, каустик сода, суюқ углерод оксиди ва техник кислород, металл прокат лист ва пўлат шарлар, барда каби маҳсулотларни биржа орқали сотишни бошлашга кўрсатма берилган. Йиғилишда айрим турдаги юқори ликвидли товарлар биржага қўйилмагани оқибатида уларнинг нархларида ўсиш кузатилаётгани таъкидланган.

2021 йилги пахта ҳосилидан қарийб 1,5 миллион тонна техник чигит олинган. Лекин шундан биржага 939 минг тоннаси ёки 56 фоизи чиқарилган. Биржадан чигит олган 119 та ёғ-мой корхонасидан 20 таси пахта ёғини биржа савдоларига умуман қўймаган. Шу боис юқори ликвидли маҳсулотларни биржа савдоларига қўйилгани устидан тизимли назорат ўрнатиш вазифаси қўйилган.

Бунда биржага қўйиш мажбурий бўлган товарларни, айниқса, техник чигит ва пахта ёғини тўғридан-тўғри сотган корхоналарга нисбатан жавобгарлик кучайтирилади.

Йил якунига қадар экспорт-импорт маҳсулотларининг биржа савдолари ҳажмини 500 миллион долларга олиб чиқиш  вазифаси қўйилди.

1 июлдан бошлаб экспорт учун 10 минг тонна мис, 50 минг тонна қора металлар, 15 минг тонна олтин-гугурт, 1 миллион квадрат метр қурилиш ойнаси биржага қўйилади.

Шунингдек, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига хориждаги элчилар ва савдо маслаҳатчилари билан бирга минерал ўғит, нефть маҳсулотлари, кўмир, ёғоч каби маҳсулотлар бўйича биржа савдоларини бошлаш учун камида 100 та хорижий йирик ишлаб чиқарувчи ва улгуржи савдо корхоналарини жалб қилиш топширилди.

Шу билан бирга, жорий йил 1 июлдан бошлаб биржа савдолари орқали экспорт-импорт қилишда:

  • хорижий етказиб берувчиларга электрон рақамли имзони мажбурий олиш тартиби бекор қилинади; 
  • хорижий компаниялар учун олдиндан тўлов ва биржа хизматлари тўлови бекор қилинади;
  • тадбиркорларга тўловларни кафолатлаш банк аккредитиви сингари биржа клиринг тизими орқали ҳам таъминланади.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид