16:51 / 21.05.2022
19021

Бухорода кучли чанг бўрони кузатилди

Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилоятининг Бухоро шаҳри ва Ғиждувон туманида кучли чанг бўрони акс этган видеолар тарқалди. 

Фото: Видеодан кадр

Kun.uz билан суҳбатда маҳаллий аҳоли вакиллари чанг бўрони 21 май куни соат 14:39 да бошланганини маълум қилди. 

Бўрон Бухоро шаҳридан ташқари, вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилган. 

"Чанг дарахтлардаги олмаларни тўкди. Бўроннинг кучини шундан тахмин қилса бўлади", - дейди бухоролик Нозима Қорёғдиева. 

Соат 16:20лар атрофида ҳаводаги чанг миқдори бироз камайган. 

Ўзгидромет 21 май куни республиканинг баъзи жойларида шамол 15-20 м/с гача, шимолда ва чўл ҳудудларида эса 23-28 в/c гача кучайиши мумкинлигини, айрим жойларда чанг-тўзон кузатилишини маълум қилган. 

Маълумот учун, 2020 йилнинг 27 апрелида Бухоро вилоятининг Қоракўл ва Олот туманида кузатилган кучли чанг бўрони катта вайронгарчиликларга сабаб бўлганди.

2021 йилнинг 4 ноябр куни эса Ўзбекистонда кучли шамоллар туфайли мавсумга хос бўлмаган чанг-қумли бўрон ҳодисаси юз берди.  

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги  вазият юзасидан баёнот берди. 

"Бугун республикамиз бўйлаб гидрометрологик табиат ҳодисаси бўлган кучли шамол эсиши Навоий вилоятининг Навоий шаҳар, Қизилтепа, Кармана ва Навбаҳор туманларида, Бухоро вилоятининг Бухоро шаҳри ва Ғиждувон, Пешкў, Ромитан туманларида, Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида ҳамда Қашқадарё вилоятининг Муборак тумани ҳудудларида кузатилди, ушбу табиат ҳодисаси оқибатида талафотлар бўйича ҳудудий ФВБларига ва ҳамкорликдаги хизматларга мурожаатлар келиб тушмади" дейилади расмий хабарда. 

Шунингдек, Хоразм ва Навоий вилоятларидаги оқибатлар бартараф этилган.

Top