Жаҳон | 08:15 / 24.05.2022
10621
2 дақиқада ўқилади

Туркия Суриядаги курдларга қарши янги ҳужум режалари ҳақида эълон қилди

Анқара Сурия билан чегарада «бу минтақадан келаётган террорчилик таҳдидларини бостириш учун» узунлиги 30 км бўлган ҳудуд яратмоқчи», деди Ражаб Тоййиб Эрдўған.

Фото: Picture Alliance

Анқара тез орада Суриядаги курдларга қарши янги ҳужум уюштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 23 май, душанба куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ушбу операциядан мақсад ўз мамлакатининг жанубий чегараси бўйлаб 30 км кенгликдаги хавфсизлик зонасини яратиш бўлиб, у «ҳудуддан келаётган террор таҳдидларини бостириш» учун керак.

Анқара Курд ишчилар партияси (КИП) ва Ўзини мудофаа қилиш халқ отрядларини (YPG, «Сурия демократик кучлари» иттифоқининг бир қисми) террорчи ташкилотлар деб атамоқда.

14 май куни Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли НАТО ташқи ишлар вазирларининг Берлиндаги навбатдан ташқари, норасмий йиғилишида Туркия аҳолисининг аксарияти Швеция ва Финландиянинг НАТОга қабул қилинишига шу давлатлар «КИП ва YPG’ни очиқдан очиқ қўллаб-қувватлагани учун» қарши эканлигини айтди. 

Ўз навбатида, Финландия ташқи ишлар вазири Пекка Ҳаависто ўшанда туркиялик ҳамкасби билан мавжуд келишмовчиликларни муҳокама қилмоқчи эканлигини ва улар «муаммога ечим топишга» ишонишини билдирган эди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид