Сўнгги икки йилда 366 киши ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этган
Жорий йил 24 май куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг йигирма олтинчи ялпи мажлис олдидан мажлиси бўлиб ўтди.
Сенат ахборот хизмати хабарига кўра, 2020 ва 2021 йилларда ҳамда 2022 йилнинг ўтган даврида ис газидан заҳарланиш ҳолатлари олдини олиш мақсадида мамлакатда 8 миллиондан ортиқ хонадонларда иситиш тизимлари, дудбуронлар кўрикдан ўтказилган ва бошқа чора-тадбирлар амалга оширилган.
Прокуратура органлари томонидан 105 та текшириш ўтказилган. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан мутасадди ташкилотларга 30 дан ортиқ тақдимнома, 25 тадан зиёд огоҳлантирувлар киритилиб, 25 нафар шахс интизомий ва 4 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.
Сенаторлар қайд этишича, ўтказилаётган профилактик тадбирлар етарли даражада ўз самарасини бермаган. Оқибатда 2020 йилдан 2022 йилнинг ўтган даврида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 428 та ҳолат содир бўлган. Натижада 366 нафар фуқаро вафот этган ва 307 нафар шахс турли даражада жароҳатланган.
“Истеъмолчиларда табиий ва суюлтирилган газ ҳамда муқобил турдаги ёқилғидан фойдаланишда хавфсизлик маданиятининг шаклланмагани, газда ишловчи қурилмаларнинг дудбурон ва шамоллатиш каналлари соз ҳолатда эмаслиги, сифатли тозаланмагани ва белгиланган муддатларда техник кўрикдан ўтказилмаётгани ис газидан заҳарланиш ҳолатлари ҳамон кўплигича қолишига асосий сабабларидан бири бўлмоқда”, дейилади маълумотда.
Шунингдек, миллий қонунчиликда ис гази чиқиши, уни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирларни кўриш, аҳолини муҳофаза қилиш, хусусан, заҳарланиш ҳолатлари олдини олиш борасидаги муносабатларни ўзида ифода этувчи яхлит норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги ҳам тармоқда ижобий ўзгариш бўлмаётганлигига бир сабаб сифатида айтиб ўтилди.
Амалдаги қонунчиликда ис газидан заҳарланиш ҳолатлари олдини олишга масъул бўлган ваколатли давлат органи аниқ белгиланмаган. Натижада бу борада амалиётда тушунмовчиликлар келиб чиқмоқда.
Таъкидланишича, ис газининг чиқиши билан боғлиқ ҳолатлар асосан кўп квартирали уйларда юзага келмоқда.
Мавзуга оид
18:11 / 19.11.2024
Наманганда ота ва унинг икки фарзанди, Бухорода она ва ўғил ис газидан заҳарланиб, вафот этди
19:27 / 14.11.2024
Ўзбекистондаги меҳмонхонада вафот этган россиялик журналист қонида ис гази излари топилди – ОАВ
15:57 / 07.11.2024
Ис гази қандай қилиб инсонлар ўлимига сабаб бўлади? ФВВ масъули изоҳ берди
19:16 / 31.10.2024