13:22 / 26.05.2022
12202

Юнусободда ишсизлар бепул IT ўрганиши мумкин бўлди

Юнусобод туманида субсидияланган IT-курсларнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Энди бу туманда 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган, расман ҳеч қаерда ишламаган кишилар бепул IT ўрганиш имконига эга бўлди.  

Меҳнат бозорининг самарали механизмларини жорий этиш ва мамлакат аҳолисининг амалий фаоллигини ошириш, замонавий касблар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш асосида доимий даромад келтирувчи меҳнатга ва тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш мақсадларида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида субсидияланган дастур бўйича курслар очилди. Ушбу 4 ойлик курслар тўлиқлигича Аҳоли бандлигига кўмаклашиш давлат фонди маблағларидан молиялаштирилади.

Хусусий ва давлат секторларининг баҳамжиҳат ишлаши натижасида қисқа муддатларда замонавий марказ барпо этилди, у IT каби катта ҳақ тўланадиган соҳада иш топиш учун янги билимлар эгаллаш имконини беради.

Гуруҳлар эрталабки, тушки ва кечки вақтларга тақсимланади. Ўқиш ҳафтасига 3 марта, замонавий стандартларга мувофиқ жиҳозланган маъруза хоналарида ўтказилади.

Ўқув маркази очилиш маросимида табрик сўзлари билан Юнусобод тумани ҳокимининг иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи ўринбосари Муҳитдинов Амир Толипович, Тадбиркор ва мазкур IT-академия асосчиси Қосимов Алишер Сайфуллаевич, Юнусобод тумани ҳокими ёрдамчиси Аширматов Садриддин Куралиевич чиқиш қилдилар.

СУБСИДИЯЛАНГАН ўқишга йўлланма олиш шартлари:

1.     18 ёшдан 40 ёшгача бўлиш;

2.     Расман ҳеч қаерда ишламаслик.

Субсидияланган ўқишга ёзилиш учун Сиз яшаш манзилингизга кўра маҳалладаги Ҳоким ёрдамчисига Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги туман бўлимига йўлланмани келишиш учун мурожаат қилишингиз керак.

Йўлланма олингач, Тошкент ш., Амир Темур кўчаси, 72-уйда жойлашган Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги туман бўлимига паспортнинг асл нусхаси билан келасиз. Сизга ўқув курсларига ёзма йўлланма берилади.

Олинган ёзма йўлланма билан Сиз Юнусобод тумани Аҳмад Дониш кўчаси, 20-а уй манзилидаги IT-академияга мурожаат қилишингиз ёки +998935015600 рақами орқали қўнғироқ қилишингиз керак бўлади.

Top