Ўзбекистон | 17:12 / 27.05.2022
8792
4 дақиқада ўқилади

Ўз устида ишлаган фуқароларга солиқ енгилликлари берилиши мумкин

Фуқаро профессионал тарзда қандайдир курсларда ўқиб, диплом олса, ўша курсга тўланган пулни солиқ базасидан чегириб ташлаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда камбағаллик форуми доирасида Kun.uz'га интервю берган молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов маълум қилди.

Бухорода Камбағалликни қисқартириш халқаро форуми доирасида иқтисодий блок мутасаддилари сессияларда иштирок этди. Kun.uz мухбири билан суҳбатда молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов суғурта бадаллари бекор қилиниб, ижтимоий солиқ ва жисмоний шахсларнинг даромад солиғи пасайтирилиши натижасида расмий ишда ишлаётганлар сони 1 млн кишига ошганини айтди.

“Солиқ тизими нуқтайи назаридан гапирадиган бўлсак, охирги 4-5 йилда солиқ тизими қайтадан кўриб чиқилган. Айниқса, меҳнатга ҳақ тўлаш борасида суғурта бадаллари бекор қилинди, ижтимоий солиқ ва жисмоний шахсларнинг даромад солиғи 12 фоиз деб белгиланди. Бу енгил ҳисоб-китоб қилиш учун яратилган тизим эди. Бу орқали 1 млнга яқин одам ишга жойлашиб, солиқларни тўлашни бошлади.

Шунга қарамай, ойликларни тўлиқ кўрсатяптими-йўқми, деган саволга жавоб тополмадик ва жорий йилдан президентимизнинг бир нечта қарорлари қабул қилинди. Бу ерда асосий нарса ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгилангани бўлди, бу тадбиркорларга енгиллик берди. Ишлаб турган жойида топган даромадларини легаллаштириш ҳисобига, яширмасдан тўлаш имкониятини беради.

Бундан ташқари, 25 ёшгача бўлган фуқароларимиз ишга жойлашгач, муқим иш жойида 6 ой фаолият юритгач, давлат бюджетидан тўланган ижтимоий солиқни [иш берувчиларга] компенсация қилиш тизими жорий этилган”, – деди вазир ўринбосари.

Шунингдек, у ўз-ўзини банд қилган фуқароларга яна қўшимча шароитлар яратилишини қўшимча қилди. Бу шароитлар бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва ўз бизнесини реклама қилиш каби тизимни жорий этишни ўз ичига олади.

Дилшод Султонов келгусида бандлик кам жойларга имтиёзлар бериш ва фарзандли бўлган аёлларни қўллаб-қувватлаш тизими йўлга қўйилишини айтди.

“Келажакда биз нима қилмоқчимиз? Бандликни таъминлаш учун тизимли солиқ сиёсатини юритишимиз керак. Чекка ҳудудларда, яъни бандлик кам жойларда энг асосий масала – солиқлардан имтиёзлар бериб, бандликни таъминлашимиз зарур бўлади. Иккинчи йўналиш – ота-оналар фарзандли бўлгандан кейин ишга чиқиб кетиши қийин бўляпти. Уларнинг болалари боғчаларга чиқиши керак, шунинг учун бюджетдан боғчаларга субсидиялаш ва шу орқали нархларни пасайтириш чораларини ўйлаганмиз.

Бундан ташқари, ўз устида ишлаш харажатларини компенсациялаш ҳам янги чоралардан бири бўлади. Масалан, фуқаро профессионал тарзда қандайдир курсларда ўқиб, диплом олиб келса, ўша курсга тўланган пулни солиқ базасидан чегириб ташлаш кўриб чиқилмоқда. Дейлик, бир аёл икки йил уйда ўтирган, боласига қараган. Бу пайтда анча нарса ўзгарган. Унда аёл ўз малакасини ошираман деб қайсидир курсга бориб ўқийдиган бўлса (масалан, бухгалтерия курсларида), ўша ерга тўлаган пулларини ўзи олаётган даромаддан чегириб ташлашга имкон яратяпмиз. Бу яна бир марта ўз устида ишлашга, малакасини ошириш учун солиқ нуқтайи назаридан яхши муҳит яратади, деб ҳисоблаймиз”, – дейди Молия вазирлиги мулозими.

Мавзуга оид