Кейинги 8-10 йил ичида пойтахт биқинидаги 6 минг гектар майдонда Янги Тошкент қад ростлайди. 30 млрд доллардан ортиққа баҳоланган лойиҳа илғор шаҳарсозлик намунаси бўлиши кўзда тутилган. Хўш, аниқроқ айтганда, бу илғорлик нималарда акс этади? Kun.uz'нинг бу борадаги саволларига Янги Тошкентнинг бош архитектори Саидазим Шарипов ва шаҳарсоз Темур Аҳмедов жавоб берди.

Мавжуд Тошкент шаҳрига туташ 20 минг гектар майдонда – Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида Янги Тошкент қурилиши бошланганига 2 йил тўлди. Лойиҳанинг биринчи босқичига 2023 йил баҳорида старт берилганди.

Биринчи босқич – 6 минг гектар ҳудудда шаҳарнинг маъмурий ва маданий марказлари, илк маҳаллалар ва бизнес даҳалари, майдонлар ва хиёбонлар, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилишини ўз ичига олади. Бу босқич 8-10 йил ичида тўлиқ якунига етказилиши кўзда тутилган.

140 гектарлик маъмурий ҳудуд

Kun.uz мухбирининг масъуллар билан суҳбати – 6 минг гектарлик биринчи босқичнинг 4 минг гектарини ўзида акс эттирган макет атрофида кечди.

Янги Тошкентнинг бош архитектори Саидазим Шариповнинг сўзларига кўра, шаҳарнинг маъмурий маркази 140 гектар жойни эгаллайди. Унинг икки ёнида давлат хизматчиларининг уйлари қад ростлайди. Маъмурий ҳудуд шаҳарча марказидан ўтувчи энг асосий, бошқалардан кенглиги билан ажралиб турувчи булвар кўча орақли маданий ҳудудга уланади.

Шу кунга қадар Энергетика вазирлиги ва унинг таркибидаги тузилмалар Янги Тошкентдаги вақтинчалик биноларига кўчиб ўтишган. Қурилиш ва Экология вазирликларининг вақтинчалик бинолари барпо қилиняпти. Қурилиш, Транспорт ва Сув хўжалиги вазирликларининг биноси битта бўлади. Шунга ўхшаб, бошқа ташкилотларнинг объектлари ҳам интеграциялашиши мумкин.

Аввалроқ маълум қилинганидек, республика даражасидаги ижро органлари Янги Тошкент шаҳрига кўчирилиб, уларнинг ҳозирги бинолари сотилиши кўзда тутилган. Шу йил бошида Анорбанк Энергетика вазирлиги жойлашган бинони қарийб 255 млрд сўмга, “Ўзтрансгаз” АЖга тегишли бинони эса 185 млрд сўмга сотиб олди.

Кўчадиган ОТМлар

Янги Тошкент қурилишининг биринчи босқичида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика (40 гектар), Янги Ўзбекистон (50 гектар) ва Вебстер (20 гектар) университетлари кўчирилиши белгиланган. Юридик университет учун ҳам кампус қурилиши кўзда тутилган.