Ўзбекистон | 16:50 / 31.05.2022
14008
3 дақиқада ўқилади

Имомали Раҳмон икки кунлик ташриф билан Ўзбекистонга келади

Фото: Тожикистон президенти ахборот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон президенти Имомали Раҳмон жорий йил 2-3 июнь кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлади.

Икки мамлакат етакчиларининг музокаралари кун тартибидан Ўзбекистон-Тожикистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор соҳаларида амалий саъй-ҳаракатларни кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, энергетика ва бошқа тармоқларда қўшма кооперация лойиҳаларини илгари суриш ҳамда анъанавий яқин ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашишлари кўзда тутилган.

Саммит якунида икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланиши режалаштирилган.

«Таъкидлаш лозимки, олий даражадаги ташрифга тайёргарлик доирасида жорий йил 30 май куни Душанбе шаҳрида икки мамлакат бош вазирлари раислигида ўтказилган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 9-йиғилиши самарали бўлди», дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

1 июнь куни, саммит арафасида, Тошкент шаҳрида етакчи корхоналар иштирокида бизнес-форум ҳамда Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги стратегик шерикликни изчил кенгайтириш ва унинг катта салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтади.

Ташриф арафасида Тожикистон давлат ахборот агентлиги бўлмиш «Ховар»да қўшни давлатнинг Ўзбекистондаги элчиси Абдужаббор Раҳмонзоданинг мамлакатлар ўртасидаги савдо алоқалари ривожланаётгани ҳақида мақоласи эълон қилинган.

Элчининг мақоласида Имомали Раҳмон Тошкентга ташрифи вақтида инвестицион форум ва минтақавий илмий-тадқиқот конференциясида иштирок этиши кутилаётгани айтилган. Мақолада ёзилишича, 2021 йил Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги товар айланмаси 447,8 миллион долларни ташкил этган. Бу 2020 йилгига қараганда 114 миллион долларга (34,2 фоиз) кўпроқ дегани.

Тожикистон президенти 2019 йил 29 ноябрда Марказий Осиё давлатлари маслаҳатлашув кенгаши йиғилиши доирасида Тошкентга келган эди. 2018 йил 17 августда эса Тожикистон президенти 1998 йилдан кейин илк марта Ўзбекистонга давлат ташрифни амалга оширганди. Ўшанда Имомали Раҳмон Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Самарқанд шаҳрига ҳам борган.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид