Жамият | 15:30 / 01.06.2022
19695
2 дақиқада ўқилади

Эҳтиёжманд аҳолига бир марталик ёрдам пулининг 76 фоизи тарқатиб бўлинди

Ўзбекистонда тоифасига қараб 200, 300 ва 400 минг сўм миқдорлардаги бир марталик ёрдам пуллари 8 903 751 нафар фуқарога (уларнинг 4,5 млн нафари – болалар) тарқатилмоқда. Молия вазирлиги ахборотига кўра, 1 июн соат 09:00 ҳолатига ёрдам олувчиларнинг 75,8 фоизига пуллар етказиб берилган.

Бир марталик моддий ёрдам 8,9 млн фуқаронинг ярмига нақд, нақд банк картаси орқали берилиши кўзда тутилган. Бир марталик акцияда жами 2,2 триллион сўм маблағ тарқатилмоқда.

Молия вазирлигининг маълум қилишича, 25 майдаги президент қарорига асосан, Пенсия жамғармаси ҳисобида турувчи жами 4 млн 256 мингдан ортиқ пенсия ва нафақа олувчиларга жами 1,3 трлн сўм қуйидагича миқдорларда тўланмоқда:

  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда яшовчи пенсионер ва нафақахўрларга – 300 минг сўмдан;
  • Тошкент шаҳрида яшовчи пенсионер ва нафақахўр фуқароларга – 400 минг сўмдан.

Шунингдек, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали 4 млн 647 мингдан зиёд кам таъминланган сифатида моддий ёрдам олувчи оилаларга ҳамда кам таъминланган сифатида болалар нафақасини олувчи оилаларнинг ҳар бир 18 ёшга тўлмаган боласига – 200 минг сўмдан моддий ёрдам бериш учун 929,5 млрд сўм маблағ ажратилган.

Қарорга мувофиқ, бир нечта тоифа бўйича бир марталик моддий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга бир марталик моддий ёрдам ҳар бир тоифа бўйича тўлаб берилади. 

Мавзуга оид