Уруш қонунлари. Улар нималарни назарда тутади?

Дунё тинчлик ҳақида ҳар қанча бонг урмасин энг яқин қўшни, қондош ва бир гуруҳга мансуб икки миллатдан иборат давлатлар ўртасида аёвсиз уруш кетмоқда. Кўпчилик, ҳатто Россиянинг ашаддий танқидчилари ҳам Украинанинг бир неча кунда қулашини башорат қилишганди. Аммо амалда тескариси бўлди ва Украина нафақат муносиб қаршилик кўрсата олди, балки амалда Россия аскарларини уруш қонунларини бузганликда айблаб бирма-бир суд қилмоқда.
Албатта, бу суд маҳкамалари кўпроқ кўргазмавий характерда ва Украинанинг демократик принциплардан оғишмаганлигини билдиради. Лекин барибир қатор саволлар туғилади. Урушда, ҳар икки томон бир-бирини қирғин қилишга астойдил интилаётган пайтда қандай қонунлар ҳақида гап бўлиши мумкин? Бу қонунлар ким томонидан тасдиқланган ва қайси судьялар улар асосида ҳукм чиқаради?
Уруш қонунлари тарихи
Инсоният тарихи урушлар тарихидан иборатлиги кўп марта таъкидланган. Одамзод яралибдики, бир-бири билан уришиб келади ва бунинг ортидан табиийки, қандайдир умумий тушунчалар, қоидалар ҳам шакллана борган. Яхши мужда шуки, асрлар ўтган сари бу икки тушунча бир-бирига ёт бўлса-да, урушларга ҳам инсонпарварлик кириб бормоқда.
Қадимда аскарлар жон-жаҳди билан жанг қилганларининг қатор сабаблари бор. Босқинчилар катта ўлжа илинжида, ҳукмдор қаҳри ва мағлуб бўлса бегона юртларда шубҳасиз ўлим хавфидан қўрқиб қаттиқ курашган бўлса, ҳимояга чиққанлар ватани, бола-чақаси ва мол-мулкини асраш ҳаракати билан бирга мағлуб бўлсалар, ғолиб қандай шарт қўйишини билмай бутун вужудлари билан олишган. Чунки ғолиб томон ҳукмдори ёки қўмондони «Қонун бу менман» деган тушунча бўйича мағлубларнинг мол-у жонини ўз билганларича тасарруф этган.
Ислом дини тарқалиши, ўрта асрларга келиб Европада рицарлик ҳаракатининг кучга кириши ҳар қандай урушларда маълум қоидаларга амал қилишни йўлга қўйган.
Хусусан, мусулмон лашкарбошилари аскарларга қаршилик кўрсатмаганларни, болалар ва аёлларни ўлдиришни қатъий тақиқлаган. Босиб олинган ҳудудларда деҳқонлар, табиблар, ҳунармандлар ва илм аҳлига омонлик беришни йўлга қўйган, ғайридинлар билан эришилган келишувлар бузилмаган. Экин майдонларини топташга, қудуқларни заҳарлашга, кўприклар ва ижтимоий иншоотларга зарар етказишга йўл қўйилмаган. Ўлжа олишда ҳам якка тартибда ҳаракатланиш, олинган ўлжани топширмаслик ҳолатлари жазоланган. Умуман, динга хайрихоҳлик билдирган ва шафқат сўраганларга раҳм қилиш мусулмон аскарларига мунтазам уқтириб борилган.
Албатта, бу умумий қоидалар бўлиб, ҳар доим ҳам уларга амал қилинавермаган. Ислом тарихида ҳам бошқа динлар каби ўта шафқатсиз ҳукмдорлар бўлганки, улар ўз ҳаракатлари билан динга катта зарар келтирган.
Асосан насронийликнинг католик мазҳабига эътиқод қилган рицарлар «Ҳурматли уруш» (bonne guerre) тушунчасини йўлга қўйишган. Унга кўра уруш бошлашдан олдин душман томон огоҳлантирилган, бу қарор сабаблари тушунтирилган, урушнинг олдини олиш имкониятини берувчи талаблар ва уларни амалга ошириш учун муддат белгиланган. Музокараларни олиб борган элчилар хавфсизлиги қатъий таъминланган.
Жанглардан сўнг ғолиб томон кўчмас мулклар, ибодатхоналар, лазаретларга зарар етказмасликни, ўлжага олинган одамлар ва мулкларни қайта сотиб олиш имкониятини беришни одат қилишган.
Бу ерда ҳам ўзига хос жиҳат бор – бир қарашда олийжаноб туюладиган бу қоидалар фақат рицарлар бошқарувидаги давлатларга қўлланиб, ғайридин, будпараст, даҳрий ва бидъатчи дея ҳисобланганларга нисбатан амал қилмаган.
Илк расмий қоидалар
Қадим тарихдаги қоидалар асосан оғзаки ва одатда тавсиявий характерда бўлиб, улар кўпинча истаганча талқин қилинар ҳамда вазиятга кўра ўзгартирилаверарди. Етакчи давлатлар ўртасида имзоланган илк расмий ҳужжатлар XVII—XVIII асрларга тўғри келади.
Жумладан, 1856 йилда қабул қилинган Париж декларациясига кўра, денгизда жанг қилувчи ва нейтрал томонлар мақоми белгиланди. 1864 йилдаги Женева конвенциясида эса қуруқликдаги ҳарбий ҳаракатлар чоғида беморлар ва ярадорлар бўйича якуний келишувга эришилди.
Бу даврда АҚШда фуқаролик уруши авж паллада эди. Президент Линкольннинг топшириғига кўра, профессор Франц Либер ҳарбий дала шароитида душманга муносабатни ишлаб чиқди ва бу «Либер кодекси» сифатида тарихга кирди. Кейинчалик кодекслар ҳарбий комиссия ва қонунчилик вакиллари томонидан кўриб чиқилиши уларнинг аҳамияти ҳамда таъсирини ошириб юборди.
Бундан ташқари, Россия, Буюк Британия, Франция каби йирик давлатларда ҳам бу каби қатор ҳужжатлар расмий кучга эга бўла борди ва урушларда маълум қоидаларга тобора кўпроқ амал қилина бошланди.
Бу борада энг муҳим ва содда тушунчаларни жамлаган Женева конвенцияси қуйидагиларни назарда тутарди:
- Жанг қилмаётганлар, масалан, шифокорлар ва ижтимоий ҳимоя ходимлари нишонга олинмаслиги;
- Жанг қилиш қобилиятини йўқотганлар, яъни ярадорлар ва асирларга зарар етказилмаслиги;
- Тинч аҳоли вакилларини ўққа тутганлар ҳарбий жиноятчи деб ҳисобланиши;
- Тинч аҳолининг жанг майдонидан кетиш ҳуқуқи таъминланиши, уй-жойи, ҳайвонлари, сув манбалари, экинлари ва ҳоказоларига зарар етказилмаслиги;
- Беморлар ва ярадорлар қайси тараф вакили эканлигидан қатъи назар тиббий хизмат олишларига тўсқинлик қилинмаслиги (бу қоида шифокорларга ҳатто душман тарафга ҳам тиббий ёрдам кўрсатиш ҳуқуқи ва имкониятини беради);
- Шифокорлар, уларнинг фаолият нуқталари, транспортлари, тиббий воситалар нишонга олинмаслиги;
- Асирларни қийнаш, камситишга йўл қўйилмаслиги, уларни минимал егулик ва сув билан таъминлаш, яқинлари, халқаро ташкилотлар билан алоқада бўлишларига тўсқинлик қилмаслик;
- Айни шу уруш даврида тақиқланган қуроллардан фойдаланилмаслиги;
- Чўкаётган кемалар душман томонники бўлса-да ёрдам бериш;
- Урушлар даврида душман тараф, асирлар ёки тинч аҳоли вакилларига нисбатан ҳар қандай жинсий зўравонликларга йўл қўймаслик барча урушларнинг умумий қоидалари сифатида қабул қилинади.
Замонавий дунё
Иккинчи жаҳон уруши ўзининг бешафқатлиги ва давомийлиги билан ҳар қандай қоидаларни чилпарчин қилиб ташлади. Нафақат Германия, балки қизил армия ва иттифоқчилар аскарларининг шафқатсиз ҳаракатларига оид ҳужжатлар жуда кўп.
Замонавий дунёда урушда дахлсизлар таркибига ОАВ вакиллари, қатор халқаро ташкилотлар ва вазиятга кўра бошқа соҳадагилар ҳам киритила бошланди. Ҳарбий ҳаракатларга болаларни жалб этмаслик талаби қўшилди. Энг муҳими – ҳар қандай вазиятда ҳам қўлланмаслиги шарт бўлган қуроллар рўйхати шакллантирилди. Бу кўпчилик ўйлаганидай одатда фақат қўрқитиш ва тийиш вазифасини бажарадиган ядро қуролининг ўзи эмас.
Бугун инсоният шу қадар қуролланганки, уларнинг барини ишлатиш нафақат душманга, балки ҳужум қилувчининг ўзига ҳам қаттиқ зарар етказиши, халқаро ҳамжамият бундай ҳолларда санкциялар қўллаши ва ўша давлатга нисбатан ҳарбий чоралар қўллаши мумкинлиги белгилаб қўйилди.
Тақиқланган қуролларга қуйидагиларни мисол келтириш мумкин:
- Напалм – бензинни ёқиб пурковчи қурол. АҚШ армияси Вьетнамда унинг ёрдамида бутун қишлоқлар, ўрмонлар, одамларни ёқишган. 1980 йилдан буён тақиқланган;
- Кассетали бомбалар – оддий тушунтирганда бир йирик бомба кўплаб кичик бомбаларга парчаланиб, катта ҳудудни қамраб олиши. 2008 йилга келибгина 93 давлат томонидан тақиқланганига қарамай, Россия, Хитой, АҚШ каби йирик ишлаб чиқарувчилар бу келишувга қўшилмаган;
- Оқ фосфор – 1977 йилда тақиқланган бу қурол жуда катта аланга билан ёниши, ўчириш ниҳоятда қийинлиги билан машҳур. Сўнгги маълумотларга кўра Сурия ва Украина ҳудудида қўлланган ва бу қаттиқ қораланган;
- Пиёдаларга қарши миналар – бу тақиқ жуда нисбий. Тарафдорлар ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан кейин тинч аҳоли ва ҳайвонлар жабр кўришини аргумент сифатида кўрсатадилар. Ўртача баҳоси 3 доллар турадиган кичик минани зарарсизлантириш тахминан 1000 долларга тушиши ҳисоблаб чиқилган;
- Кимёвий ва бактериологик қуроллар – булар ҳақиқий оммавий қирғин қуроллари бўлиб, айрим ўринларда назорат йўқотилса, зарар жиҳатдан ядро қуролини ортда қолдириши мумкин. Бутун халқаро ҳамжамият бундай қуролларни қораласа-да, қатор давлатлар ҳамон нафақат сақлашяпти, балки такомиллаштириб боришяпти.
Бир қарашда урушда қоидаларнинг бўлиши мантиқсизликдек туюлади. Аммо одамзод урушдан воз кеча олмас экан, ҳеч бўлмаса маълум қоидаларга амал қилиши йўқотишларни камайтиришига умид қилган ҳолда бундай қоидаларга амал қилинади.
Аброр Зоҳидов
Тавсия этамиз
Бойсуннинг келажаги нима бўлади? ФВВ масъули изоҳ бера олмади
Ўзбекистон | 21:32 / 19.05.2025
Ерости сувларидан фойдаланувчилар ҳисоблагич ўрнатмаса, 5 баробар солиқ тўлайди. Бу қандай ишлайди?
Ўзбекистон | 21:05 / 19.05.2025
“Сиртқи таълим ёпилса, ҳеч нарса йўқотмаймиз” – мутахассислар билан суҳбат
Ўзбекистон | 15:26 / 19.05.2025
Россияга киришда QR-код талаб қилинади
Жаҳон | 13:33 / 19.05.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Хоразм вилояти Марказий Банки биносида ёнғин юз берди
Жамият | 21:35
-
Тошкентда йўловчилар автобус ҳаракатига тўсқинлик қилган автомобил ҳайдовчини жазолади
Жамият | 21:28
-
Константиновка учун жанг: нега айнан шу шаҳар россияликларнинг асосий нишони бўлиши мумкин?
Жаҳон | 21:20
-
Самарқанд шаҳрига янги прокурор тайинланди
Ўзбекистон | 21:06
Мавзуга оид

18:09 / 17.03.2023
«Энг аввал ҳомиладор аёллар ўлди» — Мариупол драма театридаги портлашни гувоҳлар қандай эслайди?

22:06 / 13.03.2023
Халқаро суд Россияни ҳарбий жиноятларда айбламоқчи – ОАВ

18:30 / 07.03.2023
Украина ҳарбийлари россияликлар қатл этган асир шахсини маълум қилди

10:41 / 07.03.2023