Украина расмийлари украиналик ҳарбий асирнинг қатл этилгани акс этган кадрларга муносабат билдирмоқда. Қатор блогерлар ва каналлар томонидан тарқатилган видеода асирга олинган ҳарбий ўлим олдидан «Слава Украине» (Украинага шон-шарафлар) сўзларини айтишга улгуради.

Зўравонлик саҳнаси акс этган бу кадрлар телеграм-каналларда 6 март куни кундузи пайдо бўлди.

Видеода ҳарбий формадаги киши ўрмонда туради ва чекади. Кадр ортидаги овоз айтади: «Тасвирга ол», ва камера кўтарилади. Аскар шундай дейди: «Украинага шон-шарафлар». Кейин уни ўққа тутишади ва у қулайди. Кадр ортидаги овоз рус тилида сўкинади.

Бу видео қачон ва қаерда ёзилгани маълум эмас.

«Суспільне» ва BBC News журналисти София Кочмар-Тимошенко видеода отиб ташланган украин ҳарбийсининг синглисини топганини хабар қилган, аммо ҳозирча унинг шахсини очиқламаган.

Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак твиттерида шундай ёзди: «Асирни ўлдириш - бу россияликларнинг навбатдаги ҳарбий жиноятидир. Бу Кремл пропагандаси томонидан «нацистлар» ҳақидаги афсоналар билан оқланган ва қасддан олиб борилаётган террор сиёсати элементидир. Ҳар бир бундай ҳарбий жиноят жазоланади. Ҳеч ким жазодан яширина олмайди. Барчасини топамиз».

Ермак видеога ҳавола бермаган ва бу шарҳ айнан у ҳақда эканига аниқлик киритмаган.

«Бу видеони халқаро ҳамкорлар ва дунёнинг турли бурчакларидаги ҳамкасб омбудсменларга Россиянинг навбатдаги ҳарбий жинояти далили сифатида юбораман», дея ёзган Украина инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Дмитро Лубинец.

У ҳарбий асирни отиб ташлаш - Женева конвенцияси бузилиши ҳисобланишини қайд этган.

Украина бош прокурори Андрей Костиннинг хабар беришича, Украина Хавфсизлик хизмати бош тергов бошқармаси ҳолат юзасидан Украина Жиноят кодекси 438-моддаси 2-қисми (уруш қонунлари ва урф-одатларини бузиш) бўйича жиноий иш очган.

«Ҳатто урушда қонунлар  бор. Халқаро ҳуқуқ нормалари бор ва булар Россия жиноий режими томонидан мунтазам равишда эътибордан четда қодирилмоқда. Аммо эртами кечми жиноят жазосини олади. Бунга алоқадорларнинг барчаси қонун олдида жавоб беради», дея ундан иқтибос келтирган «Интерфакс-Украина».

Украина президенти Володимир Зеленский урушнинг 376-куни якунлари бўйича видеомурожаатида ҳарбий асирнинг қотиллари топилишига ваъда берди.