07:41 / 10.06.2022
6038

4 та ҳудудда чет эл валютасининг ноқонуний муомалага киритилиши олди олинди

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент Тошкент вилояти бошқармаси ва ИИВ Транспортда ХТББлари томонидан валюта қимматликлари ноқонуний муомалага киритилиши олдини олиш юзасидан Шайхонтоҳур тумани, Жарариқ кўчасида тезкор тадбир ўтказилди.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабарига кўра, унда фуқаролар А.И. ва Н.Н. олдиндан ўзаро тил бириктириб, 3 600 АҚШ долларини фуқаро Ш.га 40 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, департаментнинг Янгиқўрғон туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Х.З. 3 400 АҚШ долларини фуқаро А.га 37,5 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Яккабоғ туманида ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган яна бир тезкор тадбирда эса, фуқаро А.Р. 3 000 АҚШ долларини 33,3 млн сўмга фуқаро О.га сотган вақтида ушланиб, жами 3 100 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида олинган. 

Миришкор туманида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар К.Д. ва Т.М. ўзаро тил бириктириб, фуқаро М.га 3 300 АҚШ долларини 36,9 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Юқоридаги фуқаролар ҳаракатлари бўйича олиб борилган тезкор кузатувларда улар доимий равишда валюта қимматликларини қонунга зид равишда айирбошлаш фаолияти билан шуғулланиб келгани маълум бўлган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодекси 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top