Ўзбекистон | 07:36 / 11.06.2022
4139
2 дақиқада ўқилади

Президент «Почта алоқаси тўғрисида»ги қонунни имзолади

“Почта алоқаси тўғрисида”ги қонун президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар бермоқда.

Фото: pochta.uz

Қайд этилишича, қонун билан қонунчиликка посилка, почта курьери каби тушунчалар киритилди.

Почта хизматлари почта алоқаси операторлари ва провайдерлари томонидан почта, курьерлик хизматлари ҳамда бошқа турдаги почта хизматлари тарзида шартнома асосида кўрсатилади.

Фойдаланувчилар манзилига оид маълумотлар, почта ва курьерлик жўнатмалари ҳамда улар таркиби тўғрисидаги ахборот, почта алоқаси операторлари ҳамда провайдерлари фаолияти соҳасига кирадиган бошқа хабарлар, почта ва курьерлик жўнатмалари ўзи почта алоқаси сирини ташкил этади.

Почта алоқаси операторлари ва провайдерлари почта хизматларини кўрсатиш бўйича мажбуриятларни бажармаганлик учун фойдаланувчиларга етказилган зарарлар ўрнини қоплайди.

Почта ва курьерлик жўнатмаси топширилмагани, ўз вақтида етказиб берилмагани ёки йўқотилгани, бузилгани (шикастлангани) ёхуд ўтказилган пул маблағлари тўланмагани билан боғлиқ эътирозлар почта ва курьерлик жўнатмаси топширилган кундан эътиборан 6 ой ичида тақдим этилади.

Почта хизматларидан фойдаланувчилар почта алоқаси хизматлари бошқа фойдаланувчиларига, почта алоқаси операторлари ёки провайдерларига етказилган, жўнатилиши тақиқланган предметлар ва моддаларни почта ва курьерлик жўнатмаларига жойлаш натижасида ёки улар лозим даражада ўралмагани натижасида юзага келган зарар учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид