Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашига сайлана олмади
Россия БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашига сайланиш учун БМТ бош ассамблеяси аъзоларининг етарли овозини қўлга кирита олмади. Афтидан, бунга Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар сабаб бўлган.
Россия Бирлашган миллатлар ташкилотининг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши - БМТнинг олтита асосий органидан бирига аъзо сифатида янги муддатга сайлана олмади. 10 июнь, жума куни Нью-Йоркда бўлиб ўтган беш тур овоз беришдан сўнг Россия БМТ бош ассамблеясига аъзо давлатларнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгашга сайланиш учун зарур бўлган учдан икки қисмининг овозини ололмади.
Биринчи турда Россия 118 та овоз олди - сайланиш учун зарур бўлгандан 10 та кам. Шу боис у Шарқий Европа минтақасида кутилмаганда Россиядан кейин иккинчи натижани кўрсатган Шимолий Македония билан бирга иккинчи босқичга чиқди. Кейинги турларда на Россия, на Шимолий Македония керакли миқдордаги овозларни тўплай олмади. Dpa агентлигининг номи ошкор этилмаган дипломатларга таяниб ёзишича, Россиянинг муваффақиятсизликка учрагани АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатларининг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни қораловчи келишилган позицияси билан боғланмоқда.
10 июнь куни Иқтисодий ва ижтимоий кенгашнинг 18 та янги аъзосини сайлаш режалаштирилган эди. Қолган 17 номзоднинг сайлови муваффақиятли ўтди. Охирги, 18-аъзони танлаш учун овоз бериш санаси кейинроқ маълум қилинади.
Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш БМТ ва унинг ихтисослашган муассасаларининг иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда ҳамкорлигини мувофиқлаштиради. У 54 та давлат вакилларидан иборат бўлиб, сайёранинг ҳар бир минтақасига маълум миқдордаги ўринлар ажратилган: масалан, Африка – 14 та, Шарқий Европа – 6 та. Ҳар бир давлат БМТ бош ассамблеяси томонидан кенгашга уч йиллик муддатга сайланади. Ҳозирда Россия Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш аъзоси, аммо унинг ваколатлари жорий йил декабрь ойида тугайди.