Жамият | 09:12 / 12.06.2022
29971
9 дақиқада ўқилади

Орамиздаги одамлар: Уқубат тўла ҳаёт поёнидаги ёлғизлик 

Йўлдош ота бугун ҳам қабристонга борди. Бахтга қарши бу сафар зурриёдининг қабри бошига етиб келиши анча мушкул бўлди - кўзи яхши кўрмай қолгани бунга монелик қилди. 

Ҳеч кимга фарзанд доғини солмасин экан. У ўғлини кўп соғинади. Касалини даволатишга қўли калталик қилиб, уни вақтида шифокорларга кўрсата олмаганидан ҳали-ҳануз азият чекади... 

80 ёшни қаршилаган Йўлдош отанинг болалаган ити, ҳувиллаб қолган хароба кулбаси ва тўкилиб кетган тандиридан бошқа ҳеч нарсаси йўқ. Йигит киши бўлишига қарамай рафиқасининг кўзи кўрмай қолганида бир пайтлар худди шу тандирда ўзи нон ёпар эди.... 

Уйланганига 5 ой бўлган ўғли Дилмурод 2019 йилда оғир хасталикдан оламдан ўтди. Ўлимидан сўнг қиз набира туғилгач, ёш келин қизини олиб бошқа оила қурди...

Фотима ва Зуҳра қизлари бирин-кетин турмушга чиқиб кетишди. Рафиқасининг кўзи кўрмай қолгач қаров бўлмай қолганидан синглисининг уйига кўчиб кетишга мажбур бўлди.

Фарғона вилоятининг Данғара тумани Орол қишлоғида яшовчи Йўлдош ота Анорбоев шундан бери хароба ҳовлида бир ўзи қолган. У кунора турмуш ўртоғи ҳолидан хабар олади. Қабристонга бориб ўғлининг қабрини зиёрат қилади. Қайтишида 2 та нон сотиб олади. Бири ўзи, яна бири кучук болалари учун... 

«Ўғлимнинг исми Дилмурод эди. Қўқондаги жиннихонада анча ётди. Қўлим калталигидан даволатиш учун Тошкентга олиб бора олмадим. Қариндош-уруғ ҳам кучи борга ошно бўларкан. Ўғлим касалликка чалингандан кейин биз билан бировнинг иши бўлмай қолди.

Икки қизим бор. Уларни турмушга узатганман. Бирида қиз, яна бошқасида ўғил неварам бор. Ҳар замонда улар келиб ҳолимдан хабар олиб кетишади. Юрган йўлимда ўйланиб юраман. Менга бирор кор-ҳол бўлгудек бўлса, биров билмай қолса ҳолим не кечади деб....

Уйда кам тураман. Ёлғизликда эзилиб, у ёқ-бу ёққа чиқиб кетаман. Фотима-Зуҳра қизларимдан хафа бўлмайман. Агар ўғлим тирик бўлганида мен шундай юрмаган бўлардим. Келиним бўларди. У менга қарарди. Уст-бошимни ювиб берарди. Овқатимга қарарди. Менинг овқатим бозорда. Бозорга бориб қуюқми-суюқми бир коса овқат ичволаман. Яна уйга қайтишимда қорнимни тўқлаб, уйга келиб дам оламан. 

Ўзимдан хурсанд бўлиб кетаман. Яхшиям белимда қувват борлигида шу уйни солиб қўйган эканман. Агар уйим бўлмаганида қаерда ҳам ётардим. Ҳеч ким ёлғиз қолмасин экан. Турмуш ўртоғимга қайнисинглим қарайди. Кунора унинг ҳолидан хабар олиб келаман. Сиз аёлингизга қарагани қийналиб қоласиз, деб олиб кетишган. Рафиқамнинг кетганига яқинда бир йил бўлади. Ўлганнинг устига тепган деганларидек, чап кўзим ҳам яхши кўрмай қолди. Кўчада бир йигит кўриб, амаки кўзингизда “давление” бор экан, деди. Мен унга шифокорга борганим йўқ, дедим. Докторга борсангиз ҳам ҳозир отаси билан онасининг нархини айтади. Ўша учун борганим йўқ. Фарғона шаҳрига бориб кўрсатаман, Худо хоҳласа, ниятим бор.

Ўғлимни уйлаб қўйгандим. У дунёдан ўтганидан кейин қизи туғилди. Ўшани кўра олмай кетди. Шу нарса мени эзди холос. Ҳар замонда ўзим, агар қизларим келиб қолса, уларни неварамни  кўргани жўнатаман», – дейди у. 

Қизлари у пайтда ҳали чақалоқ эди.  Уйида ейишга ҳеч вақо қолмаганида Йўлдош ака тўплаб қўйган чигит қопини сотиб пулига нон олиб келаман, деб кўчага чиққанида маст ҳайдовчи машинасида уриб юборган. Бахтсиз ҳодиса унинг соғлигига таъсир қилмасдан қолмади. 

«Поп туманида авария бўлганман. Унда фарзандларим кичкина эди. Уйда ейишга ҳеч вақо қолмаган экан. Чигит қопидан 70 тача тўплаб қўйган эканман. Уларни сотиб пулига нон олиб келмоқчи эдим. Попга етмасимдан йўлдаги машиналардан бири уриб юборди. Ҳайдовчи биринчи ёрдам кўрсатмай қочиб кетди. Анчадан кейин “ГАИ” келди. Бир оз муддат ўтди-ю, ўзимга келдим. ГАИ ходими уриб юборган машина ҳайдовчисини топиб келди. Ҳайдовчи Қўқондан зиёфатдан қайтаётган экан. 

Машина уриб юборган пайтда Фотима-Зуҳра қизларим чақалоқ эди. Ўша пайтда хотинимнинг кўзи кўрмай қолганидан уй ишларини ўзим қилардим. Ҳам овқат қилиб, ҳам тандирда ўзим нон ёпардим.

Пенсиям ҳеч бўлмаса 800 минг сўм бўлганида у ёқ-бу ёққа бориб келгани бўлаверарди. 500 минг пенсия олардим. 100 минг қўшилиб энди 600 минг бўлди. Қайсидир куни яна 70 мингдан қўшилди. Пенсиямга устимга кийим-бош оламан. Овқат оламан. Эплайман», – дейди у.

Ёши бир жойга бориб қолган Йўлдош ота уйида ёлғиз қолиб, бирор кор-ҳолга йўлиқишдан қўрқади. Юришга қийналиб, йўлни яхши кўра олмаса-да, кўчага талпинади. 

«Ҳеч кимнинг бошига ёлғизлик тушмасин. Ёлғизликни душманимга ҳам раво кўрмайман. Одам оёқ, кўздан қолмасин экан. Қийин бўляпти ҳозир. Иложи борича уйда турмайман. Уйда менга бирор кор-ҳол бўлиб қолишидан қўрқаман. Ўлим қош билан қовоқ ўртасида бўлади, деган эди отам раҳматли. Совуқ бўлиб кўчага чиқишнинг иложи бўлмай қолсагина мажбур уйда қоламан.

Қариндош уруғларим бор, йўқ эмас. Лекин умуман олганда улар йўқ ҳисоби. Энам қўқонлик бўлган. Туғилганимдан кейин ўтиб кетган. Қариндошим бор. Бўлгани билан барибир ота-эна бор вақтидагидек бўлмас экан. Худди бегонага ўхшаб қолар экансиз.

Қизларим ўзлари нонини топиб ейдиган бўлди, деб уларни ўқитмадим. Оналарининг кўзи очиқ бўлганида эди ўқишармиди, дейман. Турмуш ўртоғимнинг кўзи қизларим 1-синфда ўқиётган пайтда кўрмай қолган эди. Хотиним Қўқонда даволанди. Лекин фойдаси бўлмади. Қўлим калталик қилиб унинг кўзини даволата олмадим. Уйимда молларим бор эди. Уларни сотиб қизларимни чиқардим. Қиз чиқариш ҳам қийин экан жуда.

Қишлоғимизга Фарғона шаҳридан шифокорлар келганида хотинимнинг кўзини кўрсатгандим. Текшириб кўришиб, унинг кўзини даволаб бўлмаслигини айтишди. I гуруҳ ногирони қилиб расмийлаштиришди», – дейди у. 

Қаҳрамонимиз қишда ўтин сотиб олади. Пенсиясидан асраб-авайлаб кўмир учун пул ажратади. 

«Қиш фаслида колхоздан ўтин сотиб олиб келаман. Ҳар пенсиядан озроқ кўмир оламан. Ҳамма нарса қиммат ҳозир. Амал-тақал қилиб қишдан чиқиб оляпман. Шу бу йилдан қариганим ростмана билинди. Озгина юрсам чарчаб қоляпман. Оёғим оғриб қоляпти. Йўлда кетаётган бўлсам, бирор соат ўтириб дам олмасам йўлимда давом эта олмаяпман.

Билган одамга одам қиммат. Билмаганга бир тийин. Ҳамма нарса топилади, лекин одам топилмайди. 

Катта неварам 1-синфда ўқийди. Кичиги эса ҳали анча ёш.

Ёшлигимда далада, пахта заводида, ундан кейин совхозда ишлаганман. Ёз фаслида далада, қишда эса пахта пунктда ишлардим», – дейди у. 

Йўлдош ота пенсия пулини аранг етказади. Шиферсиз томидан чакки ўтганидан бирор кор-ҳол бўлмасин, деб электр токини уздириб ташлаган.

«Пенсия пулимга озгина озгинадан қўшилиб 600 минг сўм бўлди. Мендан олдин 1 миллион сўм пенсия оладиганлар ҳам пенсияни бермадими шу пайтгача, деб мендан сўрашади. Пенсияни аранг етказаман. Худога минг марта шукр қиламан. Пенсия бўлмаганида қандай яшардим?

Ёлғизлик ёмон экан. Одамни тириклайин еб қўяр экан. Кўчага чиқиб қорнимни тўйғазгач, иккита нон сотиб оламан. Биттаси ўзим учун, иккинчисини кучукларга бераман. Эрталаб туриб яна Қўқонга отланаман. Нонуштани Қўқонда қиламан. Ўзим емасам ҳам итларга нон олиб бериб едираман.

Гапирган гапимни ҳам эсимдан тез чиқариб қўйяпман. Бирор буюмни қўйган жойимни билмай қоламан. Бу автоҳалокатда олган жароҳатнинг асоратидан.

У пайтда ўзимни даволатишга шароит йўқ эди. Турмуш ўртоғим оғироёқ эди ўша пайтда. Солган иморатим томига шифер ҳам қоқа олмаганман. Ёмғир ёғса чакки ўтади. Шунинг учун бирор кор-ҳол бўлмасидан уста олиб келиб электр токини уздириб ташладим», – дейди у. 

Қўл телефонни ишлатишни билмайдиган Йўлдош ота хайрлашаётиб яқин кунларда кўзини шифокорларга кўрсатиш учун Фарғона шаҳрига бориши ва у ердан дараклаб топиб олиш истагида бир парча қоғозга исм-фамилиямни ёзиб беришимни сўради. 

У билан Данғара тумани Орол қишлоғидаги Хоббобо қабристонига туташ йўлда хайрлашдик... 

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид