Жамият | 19:58 / 14.06.2022
12292
2 дақиқада ўқилади

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖда трансформация ишлари давом этмоқда

Фото: Ҳудудий электр тармоқлари

Бугун, 14 июнда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖда консалтинг ва аудиторлик хизматлари бўйича дунёдаги тўртта етакчилардан бири ҳисобланган Pricewaterhouse Coopers (PwC) компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Музокара давомида PwC вакиллари Жамият раҳбариятига халқаро кредит рейтингини олиш ва еврооблигациялар чиқариш учун консалтинг хизматларини таклиф этдилар. 

Шу ўринда қайд этиш жоизки, “Ҳудудий электр тармоқлари” ва PwC компанияси ўртасида бундан аввал ҳам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган бўлиб, хусусан, 2021 йилда PricewaterhouseCoopers томонидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг 2019-2020 йиллар учун тайёрланган халқаро стандартлар асосидаги молиявий ҳисоботлари (IFRS) халқаро аудиторлик стандартларига мувофиқ (IAS) аудит текширувидан ўтказилиб, ижобий баҳоси олинган эди. Дарҳақиқат, бу Жамиятнинг келгусида халқаро кредит рейтингларини олиш йўлида қўйилган илк дадил қадамлардан бири бўлди десак, муболаға бўлмайди.

Учрашувда Жамиятнинг умумий фаолияти, амалиётга трансформация жараёнларини изчил татбиқ этиш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтилди.

Таъкидланганидек, ҳозирги кунда жаҳон бўйлаб, шу жумладан, мамлакатимиз иқтисодиётида ҳам еврооблигацияларнинг тобора ривожланиб бораётганлигини кўриш мумкин. Шу муносабат билан PwC вакилларига Жамият олдига қўйилган вазифалар асосида, яъни халқаро кредит рейтингини олиш ва еврооблигациялар чиқариш борасида конструктив таклифлар берилди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид