Ўзбекистон | 12:25 / 14.06.2022
21550
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистондан 31 нафар ўзбекистонлик чиқариб юборилди

Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида полиция ходимлари каврак ўсимлигини ноқонуний йиғиб олиш билан шуғулланган 51 нафар хорижликни аниқлади.

Фото: gov.kz

Вилоят полиция департаменти хабарига кўра, Туркистон вилояти полициячилари томонидан миграция қонунчилиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ноқонуний миграция каналларига чек қўйиш ва уларнинг ташкилотчиларини аниқлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. 

Қайд этилишича, вилоят ҳудудида жойлашган чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан аҳоли миграцияси соҳасидаги Қозоғистон қонунчилигига риоя этилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан мунтазам равишда рейд ва профилактика тадбирлари ташкил этилиб, комплекс текширувлар ўтказилмоқда.

Хусусан, Ўтрор тумани полиция бўлими ходимлари томонидан олиб борилган профилактика тадбирлари давомида “Қорақўнғир” ҚФЙ ҳудудидаги дашт кенгликларида доривор каврак ўсимлигини тераётган 51 нафар чет эл фуқароси аниқланди. 

Маълум қилинишича, улардан 31 нафари Ўзбекистон, 17 нафари Тожикистон фуқаролари бўлган. Полициячилар хорижликларни туман бўлимига олиб борган. 

Уларга нисбатан Қозоғистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 517-моддаси 5-қисми («Чет эллик ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан Қозоғистоннинг аҳоли миграцияси соҳасидаги қонунчилигини бузиш») бўйича маъмурий баённомалар тузилиб, улар суд қарори билан мамлакатдан чиқариб юборилган.

Мавзуга оид