22:58 / 15.06.2022
44407

Осиё кубоги U-23. Ўзбекистон Японияни мағлуб этиб, финалга йўлланма олди

Осиё кубоги U-23 иккинчи яримфинали доирасида Ўзбекистон олимпия жамоаси Японияга қарши учрашувда майдонга тушди.

Фото: Tribuna.uz

«Бунёдкор» стадионидаги учрашувда ОФК қарорига кўра, ўзбекистонлик мухлислар киритилмагач, ўйингоҳ ташқарисида фан-зона ташкил этилиб, 10 мингдан ортиқ томошабин катта монитор қаршисида 90 дақиқа вакилларимизни қизғин қўллаб-қувватлаб турди.

Учрашувнинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади, иккинчи таймнинг 60-дақиқасида эса Жасур Жалолиддинов жарима майдони ташқарисидан супер зарба йўллаб, японлар дарвозасини ишғол этди – 1:0.

Голдан руҳланган вакилларимиз учрашувнинг 89-дақиқасида иккинчи голни киритишди. Ҳусайн Норчаев Сузуки билан яккама-якка ҳолатга чиқиб, ўйин тақдирига нуқта қўйди – 2:0.

Шу тариқа, Темур Кападзе шогирдлари «12-ўйинчи»сиз ҳам Япония устидан зафар қучиб, финалга йўлланма олишди. «Бунёдкор» стадионида кечадиган 19 июнь кунги Саудия Арабистонига қарши ҳал қилувчи баҳсда бу сафар мухлислар ҳам стадионга қайтишади. Вакилларимиз сўнгги 4 йилда иккинчи марта финалда тўп суришади.

Осиё кубоги U-23. Яримфинал.
15 июнь (чоршанба)
Ўзбекистон – Япония – 2:0

Гол: Жасур Жалолиддинов 60, Ҳусайн Норчаев 89.
Ўзбекистон U-23: 12.Владимир Назаров, 2.Саидазамат Мирсаидов, 3.Достон Турсунов (6.Жалолиддин Содиқов, 72), 5.Муҳаммадқодир Ҳамралиев, 7.Ҳожимат Эркинов (20.Русланбек Жиянов, 72), 9.Улуғбек Ҳошимов (22.Алишер Одилов, 76), 10.Жасур Жалолиддинов (14.Аббосбек Файзуллаев, 76), 15.Одилбек Абдумажидов, 17.Диёр Холматов, 19.Ҳусайн Норчаев, 23.Абдурауф Бўриев.
Япония U-23: 12. Сузуки, 3.Сейя Баба, 6.Даики Матцуока (7.Рихито Ямамото, 58),  8.Жоэль Фужита, 9.Шота Фужио, 10.Коки Саито (13.Кеин Сато, 58), 11.Мао Хосоя, 16.Такеши Учино, 17.Хижири Като, 18.Юито Сузуки, 22.Анри Часе.

Top