Киев, Лвив ва Харкивда дафн маросимлари, Донбассда оғир жанглар. Уруш суратлари
Урушнинг 115-куни ўтди. Шанба куни Киевда Изюм остонасида ҳалок бўлган Евромайдан фаолларидан бири Роман Ратушний дафн этилди (дафн маросимига юзлаб киевликлар ва шаҳар мэри Виталий Кличко ташриф буюрди). Донецкда артиллерия зарбаларидан кейин ҳудудлар тозаланмоқда — маҳаллий расмийлар маълумотига кўра, ҳужум оқибатида «ДХР» ФВВнинг уч нафар ходими ҳалок бўлиб, бир неча киши яраланган. Донбасс шимолида жанглар ва аҳолини эвакуация қилиш давом этмоқда.
Украинадаги урушнинг 115-куни ўтди. Сўнгги маълумотлар
- Харкив ва Днепропетровск областларига ракета зарбалари оқибатида газни қайта ишловчи завод ва нефт база вайрон бўлган.
- Украина қуролли кучлари «Азот» заводи ҳудудида мудофааланаётган Северодонецк шаҳрида жанглар давом этмоқда. Комбинат ҳудудидаги бункерларда тинч аҳоли вакиллари яширинган, комбинатдан эвакуация ташкил этишнинг имкони йўқ. «ЛХР»даги манбаларга кўра кечқурун «Азот» заводи ҳудудида портлаш рўй берган.
- Чеченистон республикаси раҳбари Рамзан Қодиров видеомурожаат эълон қилиб, КХШТ мамлакатларини Россиянинг Украинадаги босқинини очиқ қўллаб-қувватламаётганликда айблади.
- Санкциялар фонида Россиядан Ҳиндистонга нефт ва кўмир сотуви бир неча баробар ошган.
- Украина президенти уруш бошидан буён учинчи бор Киевдан ташқарига чиқиб, Николаев ва Одесса областларига ташриф буюрди.
- Буюк Британия бош вазири колонкасида иттифоқчиларни Украина ғалабасига қадар давом этувчи узоқ муддатли урушга тайёр бўлишга чақирди.
Қуйида сўнгги кунларда Украинанинг турли ҳудудларида олинган суратлар.
Киев
Фахрий қоровул 9 июн куни Изюм атрофида ҳалок бўлган Роман Ратушнийнинг тобутини олиб ўтмоқда. 24 ёшли Ратушний Киевда таниқли фаоллардан бўлган, Евромайданда иштирок этган. Унинг ташаббусларидан бири Протасов Яр — шаҳар четидаги яшил ҳудудни қурилишлардан ҳимоялаш эди. У Одессадаги «Правий сектор» етакчиси, безориликда гумонланиб, уй қамоғига ташланган Сергей Стерненкони қўллаб-қувватлаб ўтказилган акцияда қатнашган. Уруш вақтида Ратушний 93-алоҳида механизациялашган бригада («Холодний овраг») таркибида Киев яқинидаги жангларда иштирок этган, Тростянец, Суми учун жанг қилган, шунингдек Изюм атрофидаги ҳарбий ҳаракатлар иштирокчиси бўлган. Ратушний билан видолашиш учун юзлаб кишилар, жумладан Киев мэри Виталий Кличко ҳам ҳозир бўлди.
Роман Ратушнийнинг дафнига келганлар фаерларни ёқишмоқда. Киевдаги Волгоградск кўчасини Ратушний шарафига қайта номлаш таклиф этилган. Шунингдек шаҳарда Ратушнийдан иқтибос келтирилган граффити пайдо бўлган: «Биз ҳозир қанча кўп россияликни ўлдирсак, бизнинг болаларимизни ўлдириш учун шунчалик кам россиялик келади»
Лвив
Украиналик ҳарбий хизматчилар ўз сафдошлари, яқинда Россия қўшинига қарши жангларда ҳалок бўлган Иван Кердман ва Сергей Сподаренконинг дафн маросимида иштирок этишмоқда.
Харкив
Ҳарбий медик ва тактик медицина инструктори, 11 июн куни ҳалок бўлган Евгений Храпконинг дафн маросими олдидан қабристоннинг кўриниши. Украина нашрлари ёзишича, Храпко юзлаб кишиларнинг ҳаётини сақлаб қолган.
Харкив яқинидаги позицияда россиялик ҳарбийлар зарба бераётганида хавфсиз жойга ўтаётган украин ҳарбийлари. Руслар Харкив областининг айрим ҳудудларида қарши ҳужумга ўта бошлаган.
Донецк
«Донбасс халоскорлари» ёдгорлиги яқинида кўтарилган тутун. 18 июн куни Донецк шаҳри интенсив ўққа тутилиши оқибатида ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ДХР ФВВнинг уч ходими ҳалок бўлган, яна бир неча киши яраланган.
Донецкдаги кўчалардан бирининг артиллерия зарбасидан кейинги кўриниши. Вайроналар орасида — инсон жасади ётибди. «ДХР» вакиллари шаҳардаги бир қанча районларга снарядлар келиб тушгани ҳақида хабар беришган.
Донбасс шимоли
Попаснаядаги вайрон бўлган уй. Британия разведкасининг 17 июн куни эълон қилинган маълумотларига кўра, россиялик ҳарбийлар Попасная йўналишида илгарилашга ҳаракат қилмоқда, бу қисмлар Северодонецкни жанубдан қуршовга олиши кўзда тутилган.
Лисичанскда кассетали ракета зарбаси вақтида ҳалок бўлган ўғлининг тепасида йиғлаётган ота. Украина қуролли кучлари маълумотига кўра, шаҳарни ўққа тутиш давом этмоқда.
Кўнгиллилар Донецк области Нью-Йорк посёлкасида кўзи кўрмай қолган, оиласиз 76 ёшли аёлни олиб кетмоқда. Посёлка фронт чизиғига яқин жойлашган.
Краматорскдаги шифохонада тиббий ёрдам кўрсатилишини кутаётган аёл. Россия ҳарбийлари шаҳар бўйлаб авиазарба бериши оқибатида унинг юзига деразалар синиқлари учиб келган.
Украина армияси вертолётлари Лисичанск ҳудудида. Россия бу районда Украина қуролли кучларини ўққа тутиш ва Северодонецкни эгаллаш учун ҳаракат қилишда давом этмоқда.
Северодонецкдаги «Азот» кимёвий заводи ҳарбий зарбадан кейин. Област губернатори Сергей Гайдай 17 июн куни завод ҳудудидаги бошпаналарда 568 киши, жумладан 38 нафар бола қолганини хабар қилганди.
Приволье — Луганск области ғарбидаги кичик шаҳар, у Лисичанск ва Северодонецкка яқин жойлашган. 13 июн куни украин полициячилари ва кўнгиллилар бу ердан ўнлаб тинч аҳоли вакилларини эвакуация қилишга муваффақ бўлишган.
Мавзуга оид
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12 / 22.11.2024
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
22:23 / 21.11.2024