Ўзбекистон | 11:58 / 23.06.2022
9040
2 дақиқада ўқилади

«Termez Cargo Centre»га халқаро транспорт-логистика хаби мақоми берилди

Президентнинг «Гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хабини ташкил этиш чоралари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Termez Cargo Centre

Norma’нинг ёзишича, БМТ, бошқа халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар томонидан Афғонистон ва бошқа давлатларга гуманитар ёрдамнинг тизимли асосда, марказлаштирилган ва мақсадли етказилишини таъминлаш мақсадида «Termez Cargo Centre»га Афғонистон ва бошқа давлатларга гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хаби мақоми берилди.

Халқаро хабга қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:

  • гуманитар ёрдам кўрсатиш мақсадида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар вакиллари учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
  • гуманитар ёрдамни қабул қилиш, сақлаш ва жўнатишни таъминлаш;
  • юклаш-тушириш ишлари, юкларни ташиш ва сақлашни ўз ичига олган комплекс транспорт-логистика хизматларини кўрсатиш, шунингдек, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига риоя этиш.

«Termez Cargo Centre» Термиз халқаро савдо маркази иштирокчилари реестрига киритилганини ҳисобга олиб ҳамда президент фармонига мувофиқ:

божхона, солиқ, сертификатлаштириш, фитосанитария, ветеринария, транспорт, банк хизматлари, валюта айирбошлаш хизматлари, шунингдек, тиббий ва меҳмонхона хизматлари, автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва бошқа хизматлар «ягона дарча» тамойили бўйича йўлга қўйилади;

Афғонистон ва бошқа давлатларга гуманитар ёрдам сифатида юборилаётган товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтаётганда ушбу товарларнинг божхона расмийлаштируви устувор ва соддалаштирилган тартибда амалга оширилади.

Мавзуга оид