Жаҳон | 12:04 / 27.06.2022
19916
3 дақиқада ўқилади

МРБ ва АҚШ махсус кучларининг Украинадаги роли ҳақида маълумот берилди

АҚШ ва иттифоқчиларнинг ҳарбийлари ҳамда разведка хизматлари Киевга Европадаги ёки Украинанинг ўзидаги махсус «бўлинмалар» орқали маслаҳат ва ёрдам беришмоқда, деб маълум қилди NYT.

Фото: Picture Alliance

АҚШ, Буюк Британия, Франция, Канада, Литва ва НАТОнинг бошқа давлатларидан бўлган разведка хизмати ва махсус кучлар бўлинмалари зобитларининг кенг тармоғи - «коммандослар» Киевга қурол-яроғ етказиб беришни мувофиқлаштириш, разведка маълумотларини узатиш ва Украина ҳарбийларини тайёрлаш билан шуғулланмоқда. Улардан баъзилари Украина ҳудудида фаолият юритади, деб хабар бермоқда The New York Times газетаси 25 июнь, шанба куни номи ошкор этилмаган суҳбатдошларига таяниб. 

Украинага ёрдамни мувофиқлаштириш бўйича катта иш Германия, Франция ва Буюк Британиядаги базаларда амалга оширилмоқда, бироқ Марказий разведка бошқармаси (МРБ)нинг баъзи ходимлари Киевда ҳам фаол бўлиб, улар АҚШдан Украинага «катта миқдордаги» разведка маълумотларини топшириш билан банд, деб ёзади NYT.

Бундан ташқари, НАТОнинг бошқа давлатларидан бўлган «коммандослар» Украина ҳудудида ишлаш учун қолган ёки вақти-вақти билан мамлакатга келишади, деди уч америкалик расмий газетага. Газета суҳбатдошларига кўра, бу мутахассислар Украина қўшинлари билан бирга олдинги сафда эмас, балки ҳарбийларга мамлакат бошқа ҳудудларидаги штаб-квартиралардан ёки масофадан туриб шифрланган алоқа орқали маслаҳат беради. 

АҚШ МРБ Украинада ишлаётганини расман тан олмаса-да, бу факт Россия разведкасига яхши маълум, деб ёзади NYT. «Уларнинг мамлакатда бўлиши Украинага ёрдам бериш бўйича яширин саъй-ҳаракатлар кўлами ҳамда Вашингтон ва унинг иттифоқчилари ўз зиммасига олаётган хавф-хатарларга ишора қилади», — дея таъкидлайди нашр. 

Россия босқинидан кўп ўтмай, аввалроқ Украина ғарбида қўшинларни тайёрлаган АҚШ армиясининг 10-махсус кучлар гуруҳи Германияда ҳарбий техника етказиб беришни мувофиқлаштириш учун гуруҳ тузди. Ёрдам ушбу таъминотни Россиядан эҳтимолий ракета зарбаларидан сақлаб қолишга қаратилган, деди АҚШ Мудофаа вазирлиги расмийси Кристин Вормут. Умуман олганда, Европада 20 га яқин шундай бўлинмалар мавжуд, деб ёзади NYT. 

АҚШнинг Европадаги ҳарбий ёрдами яна бир жиҳати Вашингтон Киевга ҳадя қилган илғор артиллерия мосламаларидан фойдаланишни ўргатишдир. «Бу тизимларни шунчаки жанг майдонига ташлаб бўлмайди», деди штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси Марк Милли журналистларга. Унинг сўзларига кўра, АҚШ ҳарбий хизматчиларига HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимларидан фойдаланишни ўрганиш учун олти-саккиз ҳафта вақт кетади, Украина ҳарбийлари эса икки ҳафталик тезлаштирилган ўқув дастуридан ўтади, деди у. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид