Жаҳон | 14:53 / 27.06.2022
19238
3 дақиқада ўқилади

Шольц Россия иштирокидаги G20’ни сақлаб қолишга чақирди

«G20 ўз ролини ўйнашда давом этиши керак», — деди Германия ҳукумати раҳбари. Шу билан бирга, Шольц Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар столига ўтириши ҳақида берилган саволга аниқ жавоб қайтармади.

Фото: Picture Alliance

Россиянинг Украинага қарши тажовузкор урушига қарамай, Германия канцлери Олаф Шольц «катта йигирматалик» (G20) форматини сақлаб қолиш тарафдори эканини айтди. «Бир нарса аниқ: G20 ўз ролини ўйнашда давом этиши керак», деди Германия ҳукумати раҳбари 27 июнь, душанба куни ZDF медиа компаниясининг «Morgenmagazin» дастурида. Сиёсатчининг сўзларига кўра, Бавариядаги Элмау саройида бўлиб ўтаётган «катта еттилик» саммити иштирокчилари «G20’га ҳужум қилмаслик» умумий истагини билдиришган. 

Шольц Россия президенти Владимир Путин билан музокара столига ўтирадими, деган саволга аниқ жавоб бермади. «Биз жўнаб кетишдан бироз олдин қарор қабул қиламиз, чунки бу вақтга келиб дунёдаги вазият ўзгариб кетиши мумкин», деди канцлер. 

Россия, Хитой ва Саудия Арабистони ўрин олган қудратли иқтисодий кучга эга давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарларининг навбатдаги саммити ноябрь ойида Индонезияда бўлиб ўтади. Саммитда мамлакат расмийларининг таклифига биноан Украина президенти Володимир Зеленский ҳам иштирок этади. 

Аввалроқ Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен ҳам Россия президентини изоляция қилиш истаги туфайли G20форматини йўқ қилишга йўл қўймасликка чақирган эди. Сиёсатчининг фикрича, агар Путин жорий йилнинг ноябрь ойида G20 саммитида иштирок этишга қарор қилса ҳам, бу тадбирни бойкот қилиш учун сабаб бўлмаслиги керак. «Биз бутун G20’ни «фалаж» қиляпмизми ёки йўқми, буни жуда эҳтиёткорлик билан ўйлаб кўришимиз керак, шунинг учун мен бойкотни қўллаб-қувватламайман. Менимча, G20 жуда муҳим, жумладан, ривожланаётган мамлакатлар учун, биз Путинга бу органни йўқ қилишга яна имкон бермаслигимиз керак», деди фон дер Ляйен.

Унинг сўзларига кўра, бўлажак саммит, аксинча, «Путинга у ва унинг хатти-ҳаракатлари ҳақида ўйлаётган барча нарсани юзига айтиш» учун ишлатилиши керак. «Бир нарса аниқ: «одатдагидек иш», яъни нормал ҳолат бўлмайди», деб таъкидлади Еврокомиссия раҳбари. 

Мавзуга оид