Жамият | 17:31 / 02.07.2022
70231
15 дақиқада ўқилади

“Дедовшина”: Ғурур эмас, зулм масканига айланган СССР армияси

Совет армиясидан неча нафар ўзбекистонлик уйига майиб-мажруҳ бўлиб ёки тобутда қайтгани маълум эмас. Ўша пайтда матбуотда келтирилган рақамларга кўра, биргина 1989 йилнинг ўзида муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун кетган 430 нафар ўзбекистонлик уйига тирик қайтмаган.

Бугун аскар бўлиш – кўплаб йигитларнинг орзуси. Лекин яқин ўтмишимизда шундай даврлар бўлганки, ўғил ўстираётган ота-оналар фарзандлари вояга етиб, армия ёшига яқинлашган сари ваҳимага тушар, уларни ҳарбий хизматдан олиб қолиш учун ҳамма нарсага тайёр эдилар. Бундай кайфият аҳоли орасида ўз-ўзидан пайдо бўлган эмас.

Собиқ иттифоқ даврида армиядаги носоғлом муҳит, ҳарбий хизматчилар ўртасида миллатчилик ва маҳаллийчилик чуқур илдиз отгани, “дедовшина” деб аталмиш иллат туфайли тўрт мучаси соғлом йигитлар ҳарбий хизматдан уйларига тобутда ёки майиб-мажруҳ бўлиб қайтиши авж олган, табиийки, бу муаммо ўзбекистонликларнинг армия ва ҳарбий хизматга нисбатан муносабатини тубдан ўзгартириб юборган эди.

Ҳарбий денгиз флотидаги дедовшина.

“1978 йили ҳарбий хизматга борганман. Ҳарбий денгиз флотида хизматни ўтаганман. Архангельск, Шимолий денгиз, Қутборти деган чекка жойларда, бир яриморолда хизмат қилганман. Ўша йиллари “дедовшина” энг авжига чиққанди. “Дед”ларнинг зулминиям кўрганмиз, кейинчалик ўзимиз “дед”га айлангач ўзимиз кўрган зулмларни янги келганларга қайтарганмиз.

Ҳарбийдан боришдан аввал армияда, флотда олдин борган аскарлар кейин келганларга зуғум ўтказишини, ҳар хил усулларда қийноққа солишини билардик. Шунга руҳан тайёр бўлиб борганмиз. Энг қизиғи, мен борган ҳарбий бўлинмада мендан бошқа чақирилувчилар, яъни ёш аскарлар бўлмаган. Кузги чақирув билан якка ўзим борганман. Мендан олдинги баҳорги чақирувдаям бу ерга янги аскар келмаган экан. Менга: “Ўзингни осганинг яхши бу ерда хизмат қилгандан кўра”, дейишди.

Раҳимжон Раҳмат

Ҳарбий бўлинмада тундан кейин ҳали уйғониб улгурмасимдан устимдан “адёл”ни отиб юбориб: “Встать” дейишди. Пастга тушишим билан мен умримда кўрмаган-танимаган иккита “дед” гумбурлатиб уриб кетишди. Ҳеч қандай сабабсиз. Биринчи куниёқ камида 4-5 марта асоссиз калтак едим”, деб ҳикоя қилади қўқонлик Раҳимжон Раҳмат.

“Совет армиясида, табиийки, офицерларга “дедовшина”нинг мавжудлиги қулай бўлган. Чунки аскарларни “дед”лар орқали бошқариш осонроқ бўлган. Уларга кўрсатма берилса бўлди, қолганини “дед”ларнинг ўзи эпларди, керак бўлса “дед”лар аскарларга командирларнинг ўрнига раҳбарлик қилишарди.

“Дедовшина” масаласида юрагимни ўртайдиган бир нарса бор. Бошқа пайт бўлса-ку тушунса бўлар, аммо уруш ҳолатидаям армияда аскарлар ўртасида “дедовшина” давом этган. 1968–1969 йилларда Венгрияда хизмат қилган бир суҳбатдошим бошидан ўтган воқеаларни айтиб берганди. Армияда пайти Чехословакияда содир бўлган халқ ҳаракатини бостириш учун сафарбар қилинганлар сафида у киши ҳам бўлган экан.

Совет армиясининг махсус бўлинмаси ўша пайтдаги Чехословакия давлатининг пойтахти бўлган Прага шаҳрига кириб борган. Махсус бўлинмада славян бўлмаган икки киши – бир ўзбек ва бир грузин бўлган ва улар муттасил азобланган. Суҳбатдошимнинг айтишича, “старшина” нуқул “азият” деб камситавергани жонидан ўтиб кетгани учун жанглардан бирида орқасидан уни отиб ташлаган экан.

Афғон уруши ҳақида жуда кўп ёзганман, ушбу урушда қатнашганларнинг хотираларини ёзиб олганман. Айнан мана шу масала бўйича ҳам уларнинг кўпчилиги бошдан кечирганларини айтиб беришган. Афғонистонда улар ҳақиқий жангларда қатнашишган, ҳаммаларининг умумий душмани бўлган, жанг майдонида елкама-елка туришган. Лекин шу шароитда ҳам аскарлар ўртасида зўравонлик давом этган.

Каримберди Тўрамурод, ёзувчи

Ҳозиргина жангдан, ўлимдан қайтган аскарлар “дед”лар томонидан қийноққа солинган, масхараланган. Аксар ҳолатларда ўзбек йигитлари, марказий осиёликлар таҳқирланган, камситилган. Натижада зулмдан жони ҳалқумига келганлар жанг пайти ўзларига азоб берган “дед”ларни отиб ташлашган. “Дедовшина” шунчалик ярамас иллатки, ҳатто уруш шароитида ҳам йўқ бўлиб кетмаган”, дейди ёзувчи Каримберди Тўрамурод.

“1967 йилда туғилган катта укамни институтнинг 1-курсида таҳсилни тамомлаши билан Афғонистонга урушга олиб кетишганди. Ўша йиллари уруш авжига чиққан, ҳамма яқинлари ҳақидаги хабарларни хавотир билан кутиб ўтиришарди.

Ундан кейин туғилган укам Икромов Шокир 1988 йили стройбатга тушганда ҳаммамизнинг кўнглимиз анча хотиржам тортганди. Ҳар ҳолда Афғонистонмас-ку деб ўйлаб ортиқча ташвиш ҳам чекмаганмиз. Тақдирни қарангки, уруш ўчоғидан укам соғ-саломат қайтиб келди, тинч жойда хизмат қилаётган Шокир укам эса келишига икки ой қолганда нобуд бўлгани ҳақида уйимизга телеграмма келган. Ўша пайтда ёш болам бўлгани учун бу ҳақда менга айтишмаган, отам тоғам билан бирга ҳарбий қисмга бориб беш кун деганда укамнинг жасадини олиб келишган.

Майитни олиб келишганда фақат манглайида озгина чуқурча бор эди. Боши ёрилмаган, бошқа жароҳатлар бўлмаган. Қурилишдан 3-қаватидан ўзи тушиб кетди деб айтишган. Лекин нимага шундай воқеа рўй бергани, бу қандай ҳолатда содир бўлгани, кимдир қасддан итариб юборганми, ҳеч кимнинг ҳеч нарсадан хабари бўлмаган. Отам бунинг тагига етишга роса ҳаракат қилдилар, аммо бу уринишлардан натижа бўлмади.

Онам ўша вақтда 49 ёшда эдилар. Шунақа ёмон аҳволга тушиб қолгандилар, 40 кун овқат емай қўйгандилар. Она учун ниҳоятда оғир бўларкан бундай синовни бошдан кечириш... Шу воқеадан кейин отамнинг ҳам, онамнинг ҳам сочлари бир кечада оқариб кетган. Отам оламдан ўтиб кетдилар, онам ҳозир 83 ёшга тўлдилар, лекин ҳалигача уларни фарзанд доғи қийнаб келади”, дейди паркентлик Муяссар Холиқова.

Муяссар Холиқова

“Армияда инсоннинг табиати кўринади. Жисмонан бақувват бўлсангиз, руҳингиз кучли бўлса, “дед”лар камроқ қийноққа соларди. Агар заиф бўлсангиз, шафқат сўраб ялиниб-ёлворсангиз кўпроқ қийноққа солинасиз. Энг оғир тошни энг заиф одамнинг елкасига юклашади. Мен бунинг юз марталаб гувоҳи бўлганман. Ўзини ҳимоя қилолмайдиган, йиғлаб раҳм-шафқат сўрайдиган аскарлар энг кўп калтакни ейди. Инсоннинг табиати шундай эканки, қанчалик золимнинг раҳмини келтиришга ҳаракат қилсангиз у сизга янаям кўпроқ зулм ўтказаркан.

“Молодой”, яъни ёш аскарлар “дед”ларнинг пайтавасини, кийимларини юварди, ошхонадан овқатини олиб келиб берарди, эрталаб кийимларини дазмол қилишарди, жойини тўғриларди. Биз хизмат қилган бўлинмада ароқхўрлик авж олганди, биздан кўп хизмат қилган матрослар ароқ ичиб келиб бизни ҳар хил усуллар билан қийнашарди.

Масалан, ҳаммани деворга тираб қўйиб, уларга қарата баскетбол тўпи тепиларди. “Табуретка”ларни тахлаб чиқиб, устига аскарлар чиқарилгач, “табуретка”лар тепиб йиқитиларди. Эшак қилиб минишлар бор эди. Хуллас, одам аяб ўтирилмасди. Одам ўлиб қолади ёки майиб бўлиб қолади деган нарса йўқ эди. Шунинг учун мен Совет армияси “дедовшина”нинг ортидан ўзини ўзи заифлаштирган деб ҳисоблайман”, дейди Раҳимжон Раҳмат.

“Тарихан “дедовшина”нинг бошланиши Брежнев замонига бориб тақалади. Унгача Совет армиясида бундай “анъана” бўлмаган. Брежнев даврига келиб кўпроқ хизмат қилганлар ҳарбий хизматга энди келганларга акалик қилиши керак деган тамойил жорий этилган. Аскарни сержант ёки офицерлармас, катта аскарлар тарбиялаши керак, билмаганини ўргатиши керак деган ёзилмаган қоида пайдо бўлган.

Агар бу нарса тўғри йўлга қўйилиб, тўғри юритилганда аслида анча мантиқли иш. Чунки аскарга сержант ёки офицерларга нисбатан ўзининг сафдоши билмаганини яхшироқ, соддароқ тилда тушунтиргани қулайроқ аслида. Лекин назорат сустлашиши натижасида “дедовшина” ҳақиқий зулм машинасига айланиб кетди.

Собиқ иттифоқ пайтида “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” шов-шув бўлган йиллари Қуролли Кучларда ўзбекларга нисбатан оммавий нафрат кучайиб кетди. Айнан ўша йиллари мен курсант бўлганман. Ўша пайтлари “Известия” “Труд” номли газеталарда ҳар ҳафта икки мартадан Ўзбекистондаги Аҳмаджон Одилов турмалари, Шароф Рашидовдан қолган коррупция, қўшиб ёзишлар ва бошқа жиноятлар “фош этилган” катта-катта мақолалар чиқарди.

Бутун иттифоқ миқёсида ўзбеклар шунчалик ўғри деган қараш ҳосил қилинган. Ички ижтимоий муаммолардан чалғитиш мақсадида Андропов атайлаб мана шундай сиёсат юргизган. Олдин Ўзбекистондан бошлаган, кейин бошқа жойларда, хусусан, Кавказда ҳам шундай ишларни қилишни режалаштирган, лекин умри етмай қолган. Ана ўша сиёсат сабабли иттифоқ миқёсида ўзбек халқига нисбатан нафрат кучайиб кетган, бу армияда ҳам билинган. Бунинг натижасида ўзбек аскарлари офицерлар, сержантлар, бошқа миллат вакили бўлган аскарлар томонидан масхараланган, аёвсиз калтакланган. Бир йилдамикин, ҳарбий хизматдан 800 та ўлик тобутда қайтганди ўша пайтлар”, дейди истеъфодаги подполковник Шокир Долимов.

Ўша йиллари Ғаллаорол туманида яшаган Мусулмон Абдусаломов “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига мактуб ёзади. Армияда нобуд бўлган фарзанди жасади хор бўлгани, у хизмат қилган ҳарбий қисмдан ҳеч ким келиб ҳол сўрамаганидан зорланган отанинг ушбу мактуби журналист Карим Баҳриевнинг ўзбек матбуотида шов-шув бўлган “Ой бориб омон қайтмаган болам” номли мақоласи ёзилишига туртки бўлган.

“Хатни ўқиб қаттиқ ҳаяжонландим. Бир инсон фарзандни дунёга келтиради, тагини ювади, бешикка белайди, катта қилади, мактабга беради, 18 ёшга етганда армияга юборади-да, ҳарбий хизматда ўзини “дед” деб билувчи узоқроқ хизмат қилган аскарлар уни уриб ўлдириб қўйишади. Хат келгач, ўша жойни қидириб Ғаллаоролга бордим, у ердан эса тилло чиқадиган Маржонбулоқ конларидан ўтиб тоғдаги бир қишлоққа бориб қолдим.

Марҳум аскар дунёдан, тараққиётдан узилиб қолган, СССРдаги мақталган ҳаётдан йироқ қолоқ бир қишлоқда катта бўлган бола экан. Эҳтимолки, 18 ёшга киргунча кўрган дунёси ўша қишлоқдан бошқа нарса эмас. Ва бу халқ СССРга нима қарзи борки, тиллосини қазиб олиб чиқиб кетаётган бўлсалар, аммо қишлоқда на асфальт йўл бўлса ва на газ борган бўлса... Ана шундай тараққиётдан четда қолган жойдаги оиланинг бир боласини олиб армияда ўлдириб қайтариб беришган. Яъни мен марҳум туғилиб ўсган ҳудудга борганимда фожианинг янаям каттароқ эканини ҳис қилганман.

Мақолани бошлаганимда СССРда ҳамма тенг ҳуқуқли бўлса нега ҳарбий хизматда бир миллат вакили бошқа миллат вакилини калтаклаши кераклигини кўтарганман. Нима учун 40-50 даража жазирамада улғайганлар 40-50 даражали қаҳратонда хизмат қилиши керак, аскарлар ўзлари катта бўлган давлатнинг об-ҳавосига яқин ҳудудларга юборилмаслигини, ҳамма ўз ватанида хизмат қилса нима бўлишини савол остига олганман. Умуман, армиядаги муҳит, ҳарбий хизматчилар ўртасидаги ахлоқий муаммоларни қаламга олганман. Ҳарбий хизматга чақирув самарасиз экани, армия профессионаллашиши кераклигини ёзганман”, дейди журналист Карим Баҳриев.

СССР Мудофаа вазирлиги Туркистон ҳарбий округи расмий нашри – “Фрунзевец” газетасининг 1989 йил 25 октябридаги сонида Бондаренко исмли подполковникнинг “Ой бориб омон қайтмаган болам” номли мақолага нисбатан раддияси эълон қилинади. Муаллиф журналист Карим Баҳриевни армия обрўйига путур етказишда, шунингдек, СССР конституцияга қарши чиқишда айблайди.

Кези келганда таъкидлаш керакки, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси Бондаренконинг чиқишини жавобсиз қолдирмаган. Газетанинг 1990 йил 23 февралдаги сонида Карим Баҳриевнинг навбатдаги мақоласи эълон қилинган. Унда муаллиф газетхонларнинг эътирозларига ва “Фрунзевец” нашрида чоп этилган раддияга бандма-банд, рад этиб бўлмас далиллар билан жавоб қайтаради.

“Нега ҳарбийдаги жиноятлар кўпинча очилмайди? Чунки бошлиқлар жазодан қўрқиб жиноий ишни “йиқилди”, “ток урди”, “ўзини ўлдирди”, “бошига ғишт тушиб кетди” деб ёпиб юборадилар...

Солдатлар биров калтаклаганини айтмайдилар. Чунки жиноятчи қамалса ҳам шериклари қолади, қасос олади. Шунинг учун улар гувоҳлик беришдан қўрқишади. Мана, оддий пол ювдириш, пайпоқ тозалашдан бошланган тартибсизлик гоҳо қотилликка олиб келмоқда. 1989 йилнинг январь-сентябр ойлари давомида 167 ўзбек хонадонига тобут келган. Ҳар куни келиб турибди. Сўнгги қурбон ҳали тирик. Уни сақлаш учун ҳаракат қилайлик”, деб ёзади Карим Баҳриев.

Мустақилликдан сўнг республика ҳудудидаги ҳарбий тузилмалар давлат тасарруфига олинди. Шу тариқа миллий армия шакллантирилди. Бироқ собиқ иттифоқ армиясидаги иллатлар сақланиб қолган эди.

Истеъфодаги подполковник Шокир Долимов истиқлолнинг илк йилларида ҳарбий тузилмаларда интизом оқсагани, муддатли ҳарбий хизматчилар орасида ўзбошимчалик билан ҳарбий қисмни ташлаб кетиш, умумқўшин низомларга зид хатти-ҳаракатлар оқибатида жароҳатланиш ҳолатлари ниҳоятда кўп бўлганини эслайди.

Kun.uz 28 май куни куни СССР армияси сафида жами неча нафар ўзбекистонлик хизмат қилгани, уларнинг неча нафари ҳарбий хизматдан майиб-мажруҳ бўлган ёки уйларига тобути қайтганини сўраб Ўзбекистон Мудофаа вазири номига сўров юборган эди. Қонунда белгиланган муддат ўтиб кетган бўлса-да вазирлик таҳририят сўровига жавоб берганича йўқ.

Иттифоқ армиясида дедовшинани кўрган, зулмни тарбия деб биладиган сержант ва офицерлар туфайли миллий армияда ҳам носоғлом муҳит 2008 йилгача давом этиб келган. Ўша йили 20 ноябрдаги президент фармони билан ҳарбий хизматга йилига бир марта чақириладиган бўлди ва бу ҳужжат аскарлар ўртасидаги “дедовшина”га расман чек қўйди.

Жамшид Ниёзов, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси: Муҳиддин Қурбонов

Мавзуга оид