«ДХР»да яна икки британиялик асирни суд қилишмоқчи. Улар ҳақида нималар маълум?
Ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «Донецк халқ республикаси» ҳукумати яна икки британиялик - Дилан Ҳили ва Эндрю Ҳиллга ёлланиб жанг қилиш бўйича айблов эълон қилинди. Бунгача «ДХР» суди шундай айблов билан маҳкамага тортилган британияликлар Шон Пиннер ва Эйден Аслин, шунингдек Марокаш фуқароси Саадун Иброҳимни ўлим жазосига маҳкум этганди.
Ҳили ва Ҳиллга нисбатан «ДХР» ЖКнинг 430-моддаси («Ёлланиш») бўйича жиноий иш очилган. Ҳозирда британиялик асирлар «ДХР»даги тергов изоляторларидан бирида тутиб турилибди.
22 ёшли Дилан Ҳили апрел ойида Запорижжядаги назорат ўтказув пунктида қўлга олинган, у ўшанда украин оиласини ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидан олиб чиқишга ҳаракат қилганди. Урушдан азият чекаётган Украина аҳолисига ёрдам кўрсатиш билан шуғулланувчи Presidium Network нодавлат ташкилоти маълумотига кўра, у гуманитар фаолият билан шуғулланган ва маҳаллий аҳоли вакилларига кўнгилли сифатида ёрдам кўрсатган.
35 ёшли Эндрю Ҳиллни ҳам ўша ойда Миколайив области ҳудудида қўлга олишган.
Россиянинг ТАСС давлат агентлигига кўра, Дилан Ҳили Мариупол ишғол қилиниши чоғида Ильич номидаги комбинат ҳудудида, Ҳилл эса - Миколайив областида қўлга олинган.
«Улар билан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, унинг давомида терговчилар британияликлар томонидан содир этилган жиноятлар бўйича далилларни олиши керак бўлади, чунки улар кўрсатма бериш ва уларга нисбатан очилган жиноий иш доирасида ҳамкорлик қилишни исташмайди», деган ТАСС агентлиги билан суҳбатда «ДХР» ҳукуматидаги манба.
Аввалроқ, июн ойида ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР» Олий суди британиялик Шон Пиннер ва Эйден Аслин, шунингдек Марокаш фуқароси Саадун Иброҳимни ёлланма жангчилар сифатида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш, зўрлик билан ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш, шунингдек террорчилик мақсадларида ўқув курсларидан ўтишда айбдор деб топиб, ўлим жазосига ҳукм қилганди.
Пайшанба куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Россияга Пиннер ва Аслинга чиқарилган ўлим ҳукми ижро этилмаслигини (аввалроқ Саадун Иброҳим бўйича ҳам) таъминлаш бўйича кўрсатма берди, аммо Россия бундан буён ушбу суд қарорларини бажармаслигини маълум қилди.
Эндиликда легитимлиги жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинмаган «ДХР» суди Ҳилл ва Ҳилига нисбатан шу каби айбловлар эълон қилган.
Дилан Ҳили ва Эндрю Ҳилл ҳақида нималар маълум?
Дилан Ҳили қўлга олингани ҳақида апрел ойида Presidium Network гуманитар ташкилоти хабар қилганди. BBC билан интервьюда ташкилот вакили Доминик Бирн Ҳили ва яна бир британиялик, 45 ёшли Пол Юри кўнгиллилар сифатида ишлагани, маҳаллий аҳолига ёрдам кўрсатаётган чоғида Запорижжя областида россиялик ҳарбийлар қўлига тушганини айтганди. Ҳили ва Юри Presidium Network ташкилотидан мустақил ҳолда ишлаган, аммо у билан яқиндан ҳамкорлик қилган.
Presidium Network маълумотига кўра, Ҳили ва Юри қўлга олинган вақтда машинада шаҳардан жанубдаги қишлоқдан украин оиласини олиб чиқаётган бўлган.
Бирннинг сўзларига кўра, Ҳили - касби бўйича ошпаз бўлган. У Кембриж яқинидаги Ҳантингтон шаҳрида яшаган. Presidium Network ташкилоти унинг оиласи билан доимий алоқада бўлиб турибди. Британия ҳукумати ва Қизил хоч жамияти ҳам Ҳилининг ҳолатини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.
Бирннинг қайд этишича, Ҳили Украина қуролли кучларига ҳам, халқаро легионга ҳам алоқадор бўлмаган, мамлакатга фақат тинч аҳоли вакилларига ёрдам кўрсатиш мақсадида келган.
Эндрю Ҳилл эса 29 апрел куни Россия мудофаа вазирлиги томонидан тарқатилган видеода кўриниш берган, Россия томони у британиялик экани, Украина жануби-ғарбидаги Миколайив области ҳудудида россиялик ҳарбийларга асир тушганини маълум қилган.
Видеода маъюс ҳолатдаги ҳарбий форма кийган киши ўзини Эндрю Ҳилл деб атайди ва Буюк Британиянинг Плимут шаҳридан эканини айтади. Видеода унинг бир қўли гипслангани ва тиббий ёрдам сўраётгани акс этган.
«ДХР»да британиялик Дилан Ҳили ва Эндрю Ҳиллга нисбатан эълон қилинган айбловларга муносабат билдирар экан, Британия ташқи ишлар вазирлиги асирлардан сиёсий мақсадларда фойдаланилишини қатъий қоралаган.
«Биз уларнинг иши бўйича Украина ҳукумати билан доимий алоқа ўрнатганмиз ва Украинанинг уларни озод этишга қаратилган саъй-ҳаракатларини тўла қўллаб-қувватлаймиз», дейилган вазирлик хабарида.
Мавзуга оид
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12 / 22.11.2024
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
22:23 / 21.11.2024