Ўзбекистон | 12:53 / 04.07.2022
20809
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда таниш аёлни ўлдириб ёқиб юборган икки йигитга ҳукм ўқилди

Суд йигитлардан бирига 19 йил, иккинчисига 17 йил қамоқ жазоси тайинлаган.

Фото: Видеодан кадр

Олий суд матбуот котибининг хабар беришича, Самарқандда таниш аёлни ўлдириб ёқиб юборган икки йигитга суд ҳукми ўқилган.

Маълум бўлишича, 2022 йил 7 январь куни соат 00:00 ларда 2002 йилда туғилган М.Н. ва 2001 йилда туғилган М.Т. таниши, 1997 йилда туғилган М.Қ. ва 1994 йилда туғилган Д.Й.ни жинсий яқинлик қилиш учун Паст Дарғом тумани, Истиқбол маҳалласи ҳудудида фаолият кўрсатмасдан келаётган ташландиқ мактабгача таълим муассасаси биносига олиб келган.

У ерда икки йигит ва икки қиз маст ҳолатда жой масаласида ўзаро талашиб, жанжаллашиб қолишган. Шундан сўнг, йигитлардан бири ошхона пичоғи билан 28 ёшли Д.Й.нинг танасига зарба берган. Оқибатда аёл оғир тан жароҳатлари олган. Йигитлар ўз қилмишларини яшириш учун айбни унинг дугонасига тўнкашга уринишган ва ҳали жони узилмаган аёлни ёқиб юборишган.

2022 йил 7 январь куни Паст Дарғом туман прокуратураси томонидан М.Н. ва М.Т.га Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “п” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Улар жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Пайариқ тумани судида ўтказилган суд мажлисида йигитлар Жиноят кодекси 97-моддасининг бир неча қисмлари билан айбдор деб топилиб, М.Н.га 19 йил, М.Т.га 17 йил қамоқ жазоси тайинлаган.

Мавзуга оид