19:00 / 05.07.2022
8367

Қонун лойиҳаси – халқ билан мулоқот майдонидир

Ҳар қандай лойиҳа бу муҳокамалар, мунозаралар, жиддий фикр алмашинувига имкон берувчи майдондир. Жумладан, қонституциявий қонун лойиҳаси ҳам халқ муҳокамасидан ўтувчи асосий ҳужжатдир. Ҳозирда уни муҳокама қилиш муддати узайтирилди. Янгиланаётган Конституциямизни такомилига етказиш учун қанча вақт ва муддат керак бўлса, бу жараён шунча давом этади.

Фото: Халқаро ислом академияси матбуот хизмати

Бу жараён “инсон қадри учун” деган эзгу ғоянинг амалда қарор топиши ҳамда “Халқ – Конституциянинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи”, деган принципига қаратилгани ойдек равшан.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 июль куни Нукус шаҳрига ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашувда “Халқимиз ҳукмига ҳавола этилган мазкур Конституциявий қонун лойиҳаси ҳали қабул қилинмаган, умумхалқ муҳокамасига қўйилган, холос”, деб алоҳида таъкидлаб ўтди. Учрашув давомида Қорақалпоғистоннинг ўзига хос этник, маданий хусусиятлари, миллий урф-одат ва қадриятлари, алоҳида ҳуқуқий мақомини эътиборга олиб, лойиҳадаги Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид нормаларни ўзгартиришсиз қолдириш зарурлиги таъкидланди. Яъни Конституциянинг 70, 71, 72, 74, 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилди.

Тан оламизки, июл ойининг илк кунлари Қорақалпоғистон Республикасидаги воқеаларни ҳар бир ўзбекистонлик ўз дардидек қалбан ҳис қилиб, хавотир билан қабул қилди. Ижтимоий тармоқлардаги турли-туман сохта ахборотларни кўриб, уларнинг бари Ўзбекистондаги вазиятни издан чиқаришга  қаратилганини англаш қийин эмас эди. Айрим ғаразли кучлар конституциявий ислоҳотларга норозилик баҳонасида тажовузкорлик ва зўравонлик йўлини танлагани, оқибатда тинч аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари орасида қурбонлар борлиги ачинарли ва оғир ҳолат.

Буларнинг бошида турганларнинг мақсади жамиятни пароканда қилиш, давлатимиз томонидан олиб борилаётган бунёдкорлик сиёсатига бўлган ишончни сусайтириш ҳамда йўлдан оғдиришдан ўзга нарса эмас.

Охирги йилларда Қорақалпоғистонда ҳавас қиладиган улкан амалий ислоҳотлар амалга оширилди. Биргина 2020 йил якуни бўйича Қорақалпоғистонда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи даромад 3 баробарга ошди. Сўнгги беш йилда қурилиш ишлари ҳажми 3,5 марта ўсди. Боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 2017 йилдаги 32 фоиздан 75 фоизга етди. Бундай ютуқларга дўстлар, албатта, ҳасад эмас, балки ҳавас қилади.

Дардимиз бир бўлган Орол муаммоси ҳақида ҳам бир сўз айтсак. Уни ҳимоя қилиш ва тиклаш, ҳудудни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳам фаол иш олиб борилмоқда.

Хусусан, бир пайтлар ночор аҳволга тушиб қолган Мўйноқ бугун бутунлай янгича қиёфа касб этиб, жадал ривожланиб бораётган замонавий туманлардан бирига айланди.

Денгизнинг қуриган қисмида 1 миллион 733 минг гектар майдонда яшил ҳудудлар барпо этилди. Ушбу ҳудуднинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини тиклаш бўйича беш йиллик миллий дастур ишлаб чиқилмоқда.

Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масаласи биринчи марта давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Юксак марраларга эришиш учун икки қардош миллат елкани елкага қўйиб биргаликда ҳаракат қилиши керак.

Ишонч билан айтиш керакки, ҳар бир ўзбекистонлик учун Қорақалпоғистон тақдири – бу Ўзбекистоннинг тақдири ва ҳаёти, қорақалпоқ халқининг фаровонлиги – бу бутун ўзбек халқининг фаровонлигидир. 

Бизнинг дастурхонимиз тўкинлиги ҳам, ёрқин келажагимиз ҳам бирлигимизда. Дарҳақиқат, июль бошидаги Нукус воқеалари ҳаммани янада огоҳ ва сезгир бўлишга ва керакли хулосалар қилишга чақиради. Аввало, ёшларимизнинг мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаб, соғлом ва теран ақл-идрок, мустаҳкам ирода ва тафаккур билан барча таҳдид ва хавф-хатарларига муносиб жавоб беришда бирга ҳаракат қилиш муҳимдир.

Бугун Қорақалпоғистон ҳудудида фавқулодда ҳолат эълон қилинар экан, бундан асосий мақсад – юртимизда тинчлик, осойишталик ва ҳамжиҳатликни сақлаш.

Ф.Х.Усарова,

ЎзР Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбeкистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича
Мувофиқлаштирувчи-мeтодик марказ директори в.б., сиёсий фанлар номзоди, доцент.

Top