Ўзбекистон | 11:05 / 07.10.2022
7358
3 дақиқада ўқилади

«Халқчил Конституцияни яратиш учун шошилмаслик керак» – Шавкат Мирзиёев

1 августдан кейин ҳам муҳокамалар давом эттирилгач, яна 2,5 мингта таклиф келиб тушган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида Ўзбекистон Конституциясига киритилаётган ўзгаришлар бўйича ўтказиладиган референдумга шошилмаслик кераклиги, шунингдек «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси  ҳақида гапирди.

«Адолатли жамият бўйича мана конституциямизга ўзгартиришларга, референдумга тайёргарлик кўряпмиз. Мана битта мисол: 1 августгача конституциямизга ўзгартириш киритиш бўйича аҳолимиздан 150 мингта таклиф келиб тушди. Тасаввур қиляпсизларми?! Одамларимиз эртанги кунига бефарқ эмаслигидан далолат бу.

Муаллимлар, олимлар, тадбиркорлар, фахрийлар, нуронийлар ва ҳоказо, ҳамма ўзининг йўналиши бўйича таклиф берган, мамлакатда ким раҳбарият бўлишидан қатъи назар конституция ва қонунлар мени ҳимоя қилсин деяпти. Шунинг учун 1 августдан кейин ҳам муҳокамалар давом этди ва яна икки ярим мингта таклиф келиб тушди.

Ҳозир таклифлар устида комиссия ишлаяпти. Энди ҳам бўлса мукаммал, халқчил, одамларнинг дардига кафолат бўла оладиган конституцияни яратиш учун, менинг таклифим шуки, шошилмаслик керак», деган Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари сирдарёлик фаоллар қаршисидаги чиқиши давомида «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси ҳақидаги фикрлари билан ҳам бўлишган, конституцияга ўзгартириш киритиш ҳақида таклиф юборган жамоатчилик вакилларининг ҳар бирига асослантирилган жавоб юборилишини маълум қилган.

«Очиқ бюджет бўйича одамларимиз ўрганиб олдими? Адолат бўлса, жамиятда ўзгариш бўляпти, тўғрими? Бу жараёнга ҳеч ким аралашмаяпти-ку. Тасаввур қилинглар, ҳар бир берган пулимизни очиқ бюджет бўлиб одамларнинг ўзи тасдиқласа қандай яхши бўларди. Ўн карра кўп адолат бўларди, ўн беш карра пул қисқарарди.

Одамларимиз бу менинг конституциям деб қабул қилиши учун керак бўлса яна бир марта халқ билан маслаҳатлашамиз. Нимага десангиз 150 мингта таклиф юборган одамларга бу таклиф ўринли ёки ўринсиз, буни қабул қиламиз, бунисини эса қабул қилмаймиз, нимага қабул қиламиз ва нима учун қабул қилмаймиз деб жавоб бериш керак. Шундай замон келибди, менинг фикримни ҳам эшитишибди деган фикр бўлади. Шу боис шошилмаслик тўғри бўлади», дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид