19:41 / 07.07.2022
10131

Туркия элчиси Украина ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди

Россия байроғи остида Украина ғалласини ташишда гумон қилинган «Жибек Жоли» кемаси билан боғлиқ вазият сабабли Туркиянинг Киевдаги элчиси Украина ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди.

Фото: Валентин Огиренко / Reuters

Июл бошида Украина ташқи ишлар вазирлиги Туркия ҳукумати Украина томонининг талаби билан кемани ушлаганини маълум қилганди. Украина бош прокуратураси кема ноқонуний равишда Украина ғалласини экспорт қилган деб ҳисобламоқда.

Reuters манбасининг маълумот беришича, кемага Бердянскда 4,5 минг тонна ғалла юкланган. Украина прокуратураси 7 минг тонна ғалла юкланганини билдирмоқда.

Бироқ 6 июл куни Россия ташқи ишлар вазирлиги Туркия ҳукумати кемани ушламаганини маълум қилди. Қайд этилишича, «Жибек Жоли» стандарт текширув жараёнидан ўтказилган.

Россия томони кема Украина ғалласини ташиганини рад этди. 7 июл куни кема Туркиянинг Қорасув портини тарк этишни режалаштираётгани хабар қилинди.

«Жибек Жоли» Россия байроғи остида сузади, у Қозоғистоннинг KTZ Express Shipping компаниясига тегишли.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top