Жаҳон | 16:29 / 10.07.2022
16342
2 дақиқада ўқилади

Олег Тиньков оққон касаллигидан фориғ бўлганини айтди

Қоннинг сўнгги молекуляр тести унда тўлиқ ремиссия содир бўлганини кўрсатди.

Фото: Reuters

Россиянинг «Тинькофф банк» компанияси асосчиси ва собиқ раҳбари Олег Тиньков лейкоз (оққон) касаллигидан тўлиқ қутулганини эълон қилди. У ижтимоий тармоқда оғир касаллик билан курашаётганларни сабр қилишга, мураккаб даволаниш жараёни қийинчиликларига чидашга, соғайиб кетишга бўлган умидни йўқотмасликка чақирди.

Бундай диагноз унга 2019 йил октябрь ойида қўйилган эди. 2020 йилда бизнесмен Германияда илик трансплантацияси бўйича мураккаб жарроҳлик амалиётидан муваффақиятли ўтди. Шундан сўнг, Тиньков россияликларга илик донорлиги билан шуғулланиш ҳақида ўйлаб кўришни маслаҳат берди.

«Илтимос қиламан, донор бўлинг ва бошқа одамнинг ҳаётини сақлаб қолинг. Россияда атиги 130 минг донор бор, Германияда эса 7 миллион. Бу биз учун уят», — деб ёзган эди Тиньков.

У хотини билан бирга шундай катта муаммо билан шуғулланадиган жамғарма ташкил қилмоқчи эканини ҳам қўшимча қилган эди.

2021 йилда Тиньков АҚШда солиқ жиноятларини содир этишда айбланган эди. Шундан сўнг, АҚШ суди билан келишувга эришиб, етказилган зарар учун компенсация сифатида 506 млн доллар тўлашга рози бўлди.

2022 йил февраль ойида Олег Тиньков ижтимоий тармоқларда Украинадаги урушни қоралаган постидан кейин, Россия ҳукумати уни «Тинькофф банк»даги 35 фоиз улушини сотишга мажбур қилганини айтди. 

Кейинчалик, компаниянинг янги эгалари ребрендинг ўтказиб, «Тинькофф банк» номини ўзгартирмоқчи эканини эълон қилишди.

Мавзуга оид