Президент ҳузурида БАА билан ҳамкорликдаги энергетика лойиҳалари кўриб чиқилди
Президент Шавкат Мирзиёев 12 июль куни Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда энергетика соҳасида амалга оширилаётган йирик лойиҳаларга оид тақдимот билан танишди.
Расмий релизга кўра, 2022 йил бошидан буён Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги савдо ҳажми 2 баробар кўпайган; 45 та янги қўшма корхона ташкил этилган. Ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишларидан – бири энергетика.
Ўтган йили Навоий вилоятида Ўзбекистондаги биринчи қуёш электр станцияси айнан БААнинг “Masdar” компанияси билан ҳамкорликда ишга туширилган эди. Бугунги кунда у бир кеча-кундузда 1 миллион 180 минг киловатт соат электр энергияси етказиб бермоқда.
Бу соҳада яна 5 та йирик лойиҳани амалга ошириш келишилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати қарийб 3 миллиард долларни ташкил этади. Хусусан, “Mubadala” ва “Taqa” компаниялари билан ҳамкорликда Талимаржон иссиқлик электр станциясини хусусийлаштириш ва қувватини ошириш, “Masdar” компанияси билан Навоий вилоятида шамол, Сурхондарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида қуёш электр станцияларини қуриш мўлжалланган.
Мутасаддилар лойиҳаларнинг ҳозирги ҳолати ва йил якунигача мўлжалланган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берди.
Талимаржон иссиқлик электр станциясини хусусийлаштириш ҳақида сўз борар экан, президент бу лойиҳа ИЭСларни бошқариш ва энергия ишлаб чиқаришда намунавий бўлиши кераклигини айтди.
“Masdar” компанияси билан қайта тикланувчи энергетика соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар 2030 йилгача мамлакатда “яшил энергетика” улушини 25 фоизга етказишда муҳим қадам бўлади. Шу боис, лойиҳаларни амалга ошириш бўйича зарур битим ва ҳужжатлар имзолашни тезлаштириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди, дейилади хабарда.
Мавзуга оид
22:12 / 22.11.2024
Шавкат Мирзиёев Сума Чакрабарти билан учрашди
21:33 / 22.11.2024
Хитой Сурхондарёдаги мис ва кумуш конларига 2,7 миллиард доллар инвестиция таклиф қилмоқда
20:29 / 22.11.2024
Хоразмга 2025 йилда 1,5 миллиард доллар инвестиция жалб этиш режалаштирилди
20:24 / 22.11.2024