Ўзбекистон | 17:36 / 15.07.2022
9423
2 дақиқада ўқилади

Қонунчилик ҳужжатларига «хотин-қизларни таъқиб этиш» тушунчаси киритилади

Қонунчилик ҳужжатларига «хотин-қизларни таъқиб этиш» тушунчаси киритилади. Бу ҳақда АОКАда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Бош прокуратура, Ички ишлар ва Адлия вазирликлари мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилишича, бу бўйича тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, вазирлик ва идораларга келишиш учун юборилган. Ҳозирги кунда вазирлик ва идоралардан мазкур лойиҳа юзасидан таклифлар олинмоқда. 

Мазкур ҳужжат билан, шунингдек:

  • тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордер суд томонидан бир йил муддатгача берилишини белгилаш;
  • аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаганлик учун жавобгарликни кучайтириш;
  • яқин қариндоши бўлган хотин-қизга қасддан тан жароҳати етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш;
  • шахс ҳаёти сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш каби қатор нормаларни киритиш кўзда тутилмоқда.

Адлия вазирлиги томонидан 2021 йилда «Гендер-мадад» электрон ҳуқуқий маслаҳатчи платформаси ишлаб чиқилган. Платформага хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган турли мавзуларга оид маълумотлар базаси жойлаштирилган. 

Мавзулар қуйидагилардан иборат: Аёллар ҳуқуқий ҳимояси; Гендер тенглик; Аёлларга имтиёзлар; Оилавий муносабатлар; Оилавий зўравонлик; Халқаро ташкилотлар Гендер тенглигига эришиш стратегияси. Платформа орқали гендер масалалар бўйича ҳуқуқий борада маслаҳатни онлайн чат орқали олиш тизими йўлга қўйилган.

«Хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича долзарб икки ой» доирасида ташкил этилган сайёр қабулларда жами 1400 дан зиёд хотин-қизлар муаммолари эшитилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид