Ўзбекистон | 15:22 / 18.07.2022
7775
1 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга ташриф буюради

20-21 июль кунлари Иссиқкўл вилоятининг Чўлпонота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади.

Фото: Kun.uz

Бу ҳақда Қирғизистон президенти маъмурияти ташқи сиёсат бўлими мудири Муратбек Азимбакиев маълум қилди.

Учрашувда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирок этади. 

«Мамлакатлар раҳбарлари минтақавий хавфсизликка чақириқ ва таҳдидларга биргаликда жавоб беришда Марказий Осиё давлатларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан фикр алмашадилар, минтақа давлатларининг барқарор иқтисодий ўсишини таъминлаш мақсадида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қиладилар, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилади», - деди Азимбакиев.

Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги маслаҳат учрашуви доирасида минтақа мамлакатлари ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилгани ҳам маълум бўлди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид