Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Евроиттифоқ Россияга қарши янги санкциялар пакетини тасдиқлади
Еттинчи санкциялар пакетининг чекловлари янги экспорт назорати ва Сбербанк активларини музлатиш, шунингдек, Россия олтин импортига эмбаргони ўз ичига олади.
Евроиттифоқ давлатларининг доимий вакиллари 20 июль, чоршанба куни Россияга қарши янги, еттинчи санкциялар пакетини маъқуллади, деб хабар берди Литванинг ЕИдаги доимий вакили Арнолдас Пранкявичюс. Чекловлар янги экспорт назорати ва Сбербанк активларини музлатиш, шунингдек, Россия олтини импортига эмбаргони ўз ичига олади. 50 га яқин жисмоний ва юридик шахслар, «жумладан, сиёсатчилар, ҳарбий раҳбарлар, олигархлар, тарғиботчилар» ҳам санкциялар остида қолди, деб ёзган Арнолдас Пранкявичюс Twitter’да.
15 июль куни Еврокомиссия янги чекловлар бўйича тавсиялар тайёрлади. ЕК Россия олтинига эмбарго қўйиш ва икки томонлама мақсадларда ишлатиладиган товарлар савдоси, бухгалтерия хизматлари ҳамда аудитни чеклашни тавсия қилди. Шу билан бирга, янги санкциялар Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортига таъсир қилмаслиги керак.
Бир кун аввал ЕИ институтларига яқин бўлган EUobserver нашри янги санкция рўйхатига 47 жисмоний шахс, жумладан, Москва мэри Сергей Собянин ва «Ростех» раҳбари Сергей Чемезов, шунингдек, саккизта юридик шахс киритилиши ҳақида хабар берганди. Янги чораларнинг аксарияти россиялик сиёсатчилар ва ҳарбий раҳбарларга таъсир қилади. Нашр маълумотига кўра, актёрлар Сергей Безруков ва Владимир Машков, «Тунги бўрилар» байкерлар клуби етакчиси Александр Залдостанов ва аввалроқ санкция жорий этилган тадбиркорларнинг айрим қариндошлари ҳам санкциялар остида қолади.
Шу билан бирга, нашр маълумотига кўра, Евроиттифоқнинг аввалги чора-тадбирларига Россиядан очарчилик муаммосига дуч келиш хавфи остида бўлган мамлакатларга озиқ-овқат олиб ўтишда ҳеч қандай тўсиқлар бўлмаслиги учун тузатишлар киритилади. Шунингдек, тузатишлар тиббий ва фармацевтика маҳсулотларини етказиб беришдаги муаммоларни бартараф этиши керак. Мақолада таъкидланишича, ЕИ «қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун тўловларда узилишларга йўл қўймаслик учун» санкцияларга баъзи истиснолар киритишни режалаштирмоқда.
Мавзуга оид
09:32 / 20.06.2026
Бокуда саккиз нафар Россия фуқароси қамоқ жазосига ҳукм қилинди
22:13 / 19.06.2026
Зеленский Лукашенкога ультиматум қўйди ва уни бажариш учун бир ҳафта муҳлат берди
12:13 / 19.06.2026
Москвага уруш давридаги энг йирик ҳужум – суратлар
08:28 / 19.06.2026