Спорт | 21:06 / 22.07.2022
16547
9 дақиқада ўқилади

Неймар қоладими? Ёз охиригача жавобсиз савол

Бир қанча топ-клублар Неймарни олмоқчи, аммо мураббий уни сақлаб қолмоқчи. ПСЖ эса янги стратегияни қўлламоқчи: таркибни янгилаш ва иқтидорли французларни излаш.

Фото: JOHN BERRY/GETTY IMAGES

Бир неча ойдан буён трансфер бозорида Неймарнинг келажаги муҳокама қилинмоқда. Аввалига унинг кетиши, кейин эса қолиши ҳақида ёзилди. Энди эса клуб инқилобий ўзгаришлар босқичига қадам қўйди. Янги лойиҳада бразилиялик учун жой бор ёки йўқлигини ҳатто президент Носир Ал-Хилайфий ҳам айта олмаяпти.

Миш-мишлар: Неймар Англия ва Италияга «юборилди», дастлаб кетмоқчи бўлди, кейин қолгиси келди

Бразилиялик футболчи ҳақида турли гаплар ёзилди: у клубдаги мавқейидан норози, Килиан Мбаппе билан зиддиятда ва умуман кетишни истаяпти; ёки у ҳамма нарсадан мамнун ва қолишга тайёр, чунки олдинда жаҳон чемпионати. Янгиликлар кўп эди. Мана улардан бир нечтаси.

  • France Bleu хабарига кўра, Неймарнинг қариндошлари клубга унинг ҳеч қаерга кетмаслигини маълум қилишган.
  • RMC Sport нашри Неймар «ПСЖ» президенти Носир Ал-Хилайфий сўзларидан хафа бўлганини ёзди. Клуб раҳбари Неймар керакми ёки йўқми деган саволга аниқ жавоб бермаган, бу каби масалаларни матбуотда муҳокама қилиш нотўғри, деган сўзлар билан чекланган эди.
  • ESPN хабарига кўра, Неймар «клуб унинг кетишидан хурсанд бўлиши»ни билиб қолган ва Парижни тарк этишга қарор қилган. Шунингдек, нашр футболчининг агенти Пини Заҳавий эҳтимолий вариантлар устида ишлаётгани, бироқ Неймар «ПСЖ»да топаётган пулига фақат икки-учта жамоа яқинлаша олишини тушуниб етгани ҳақида ёзди.
  • El Pais нашри ёзишича, клуб Неймар билан хайрлашмоқчи экани ҳақида унинг отасини хабардор қилган.

Шу билан бирга, 1 июл куни Неймарнинг шартномаси муддати 2027 йилгача узайтирилиши ҳақидаги банд ишга тушди. Аммо энди клубдагилар бундан пушаймон бўлиши мумкин. Ҳозирча Неймарга ҳақиқий даъвогарлар йўқ. Чунки Европада нафақат унинг трансфери учун, балки катта маоши учун ҳам маблағ топиш қийинлигини тушуниб туришибди (бразилиялик форвард «ПСЖ»да 30 миллион евро олади).

Фото: JOHN BERRY/GETTY IMAGES

Назарий жиҳатдан Неймарни қўлга киритиши мумкин бўлган бир неча клуб бор ва улардан бири «Челси». ESPN нашрининг ёзишича, Лондон клубига бразилиялик футболчининг агентлари эҳтимолий трансфер бўйича мурожаат қилишган ва Тодд Боули бунга қарши бўлмаган. Нашрга кўра, янги хўжайин «трансфер бозорида катта ишга қўл урмоқчи» ва бунинг учун Неймардан ҳам яхшироқ вариант йўқ.

Sky Sport Deutschland хабарига кўра, «Челси» бош мураббийи Томас Тухел бразилияликнинг трансферига қарши эмас. Тиаго Силва эса «У «Челси»га ўтиши керак», деб очиқ гапирган: «Бу воқеа унинг учун фойдали бўларди. Бу ҳақда ҳеч нарсани билмайман, лекин содир бўлишига умид қиламан».

Аммо ҳаммаси Неймарнинг маоши миқдорига боғлиқ, ҳозирда кенг кўламли қайта қуриш жараёнида бўлган «Челси» уни торта олмаса керак.

Яна бир миш-миш – бразилиялик футболчи «Манчестер Сити»га ўтиши мумкин. Франциянинг Le Parisien нашри «ПСЖ» Неймарни «шаҳарликлар» яримҳимоячиси Бернарду Силвага алмаштиришни таклиф қилгани, аммо Хосеп Гвардиола бунга рози бўлмагани, чунки Силва унинг учун асосий ўйинчилардан бири экани» ҳақида ёзди.

«Кечирасиз, лекин бу фейк», – Гвардиола бу хабарга зудлик билан муносабат билдирди. – Бу ёлғон маълумот. Неймар ақл бовар қилмайдиган ўйинчи ва мендаги маълумотларга қараганда жуда яхши йигит. Миш-мишларга кўра, «Манчестер Сити» ҳар йили ёзда 150 нафар футболчини сотиб олади, аммо бу тўғри эмас».

RMC Sport нашри бошқа инглиз клубининг қизиқиши ҳақида хабар берди – гўёки «Манчестер Юнайтед» Криштиану Роналду кетса, Неймар номзодини кўриб чиқади.

«Менга Премьер-лига клубларининг ўйин услуби ёқади. У ерда ўйнашни хоҳлардим. Ким билади, балки бир кун келиб шундай бўлар. Мен «Манчестер Юнайтед», «Челси», «Арсенал», «Ливерпул»га қойил қоламан. Бу жамоалар доимо соврин учун кураш олиб боришади. Премьер-лигада ким ғалаба қозонишини ёки чемпион бўлишини ҳеч қачон билиб бўлмайди, бу ҳар доим сюрприз», – деган эди Неймар 2017 йилда.

AS нашри июн ойи охирида Неймарнинг вакиллари «Ювентус» билан музокара ўтказгани, бироқ итальян клуби раҳбариятини футболчининг маош бўйича талаблари хижолат қилгани ҳақида ёзди. Бироз вақт ўтгач, UOL нашри «Милан» Неймарга жамоадан жой беришга тайёрлиги, аммо маошининг фақат бир қисмини (йилига 15-20 миллион евро) тўлашга тайёрлиги ҳақида хабар берди. Барча топ-клублар айнан унинг катта миқдордаги маоши тўсиғига дуч келишмоқда.

Фактлар: ПСЖ таркибни янгиламоқчи, аммо Неймар кетадиганлар рўйхатида йўқ. Мураббий уни сақлаб қолмоқчи

Сўнгги йилларда «ПСЖ» трансферларга аямай пул сочди. Қатар шайхлари клубга эгалик қилган 10 йил ичида фақат харидлар учун тахминан 1 миллиард евро сарфланган. Ўтган ёзда парижликлар яна бозорни портлатиб юборишди, аммо бу сафар юз миллионлик трансферлар билан эмас, балки юлдузли номлар билан: Серхио Рамос, Жанлуижи Доннарумма, Жоржиньо Вейналдум ва Лионел Месси жамоага эркин агент сифатида келди.

«ПСЖ» трансферлар учун расман ҳеч нарса тўламаган бўлса-да (агентларга комиссиялар тўланган бўлиши керак), футболчиларнинг маоши учун жуда кўп пул сарфлашига тўғри келади.

Трансферлар яна ёрдам бермади: на Чемпионлар Лигасини, на Франция Кубогини олишнинг иложи бўлди. Чемпионатдаги ғалаба, гарчи муддатидан олдин қўлга киритилган бўлса ҳам, қандайдир ёқимсиз «таъм»га эга бўлди. Мавсум охирида мухлислар майдонда пиёда юрган «юлдузлар тўдаси» ҳақида бир неча бор норози баёнотлар беришди.

Спорт директори Леонардо ҳам четда қолмади, у ошиб кетган трансфер бюджети билан муваффақиятга эришилмагани учун асосий айбдорлардан бири сифатида кўрилди.

«ПСЖ» ҳақиқатан ҳам катта маошга эга кўплаб юлдузларни тўплади, шунинг учун янги директор Антеро Энрике ва спорт директори Луиш Кампушнинг биринчи вазифаси жамоани оптималлаштириш – маошларни қисқартириш ва таркибни сезиларли даражада тозалаш эди. Бундан ташқари, Кампуш Европа лигаларидан юлдуз қидирмай, француз футболчиларига кўпроқ эътибор қаратиш керак деган ғоя тарафдори эди.

Фото: MASASHI HARA/GETTY IMAGES

Маурисио Почеттино ўрнига бош мураббий бўлган Кристоф Галтье ҳам бу ғояга тўлиқ қўшилди ва инқилобий кампанияга тайёр эди.

«Бизда 26 ёки 27 нафар футболчи бор, дарвозабонларни ҳисобга олмаганда – бу жуда кўп», деди у яқинда журналистларга. – Шундай футболчилар борки, улар билан хайрлашишга мажбур бўламиз. Биз улар билан гаплашдик ва бу осон бўлмади. Лекин, бу мавсумни 21 футболчи ва бир нечта ёш ўйинчилар билан бошлаймиз. Жуда юқори савияда ўйнайдиган йирик клублар энг яхши ёш ўйинчиларни тажрибали жамоага қўшишга муваффақ бўладилар».

Франциянинг Le Parisien нашри «ПСЖ» ёзда хайрлашмоқчи бўлган 11 нафар футболчи рўйхатини эълон қилди.

Футболчиларнинг ушбу рўйхатга киришига турли сабаблар бор: масалан, Курзава ўтган мавсумда ҳеч қачон майдонга тушмаган; Паредес учун 35 миллион евролик фойдали таклиф билан харидор аллақачон топилган; Вейналдум эса Франция чемпионатида «энг ҳафсалани пир қилган футболчилар» рейтингига кирган, Дракслер ўзига билдирилган ишончни оқлай олмаган. Аммо Неймар сўнгги икки ой давомида унинг атрофидаги кўплаб миш-мишларга қарамай, кетадиганлар рўйхатига кирмади. Нега?

Галтье шундай жавоб берди: «Неймар жаҳон даражасидаги футболчи, дунёнинг энг яхшиларидан бири. Қайси мураббий у билан ишлашни истамайди? Мен ундан нима кутишим ҳақида жуда аниқ тасаввурга эгаман. Албатта, мен унинг қолишини хоҳлайман. Ҳа, бу ҳақда аниқ гапиряпман. Аммо мен назорат қила олмайдиган кўп нарсалар бор».

Унинг сўнгги ибораси нимани англатади – наҳотки бу бразилияликнинг юқори маошига ишора? Буни трансфер ойнаси тугагунча билиб оламиз. Бу трансфер ўйини эртароқ якунланиши даргумон.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид