Жаҳон | 11:19 / 26.07.2022
8103
3 дақиқада ўқилади

ЕИ давлатлари газни тежаш бўйича фавқулодда режа ҳақида келишиб олди

Евроиттифоқ давлатлари томонидан келишилган газ истеъмолини камайтириш бўйича фавқулодда режа ЕИ мамлакатлари энергетика вазирларининг Брюсселдаги навбатдан ташқари йиғилишида тасдиқланиши керак.

Фото: Getty Images

Европа иттифоқи мамлакатлари 26 июль, сешанба куни Брюсселда бўлиб ўтадиган ЕИ давлатлари энергетика вазирларининг навбатдан ташқари йиғилишида тасдиқланиши керак бўлган газ истеъмолини қисқартириш бўйича фавқулодда режа бўйича келишиб олди, деб хабар бермоқда dpa.

Янги режадан кўзланган мақсад Россиядан газ етказиб беришнинг тўлиқ тўхтатилиши натижасида юзага келиши мумкин бўлган хатарларни камайтиришдир. Дипломатик манбаларга кўра, Еврокомиссия таклиф қилган режа 2022 йил 1 августдан 2023 йил 31 мартгача миллий газ истеъмолини 15 фоизга қисқартиришни назарда тутади. 

Бундан ташқари, газ етказиб беришда кенг миқёсда тақчиллик юзага келган тақдирда ЕИ доирасида огоҳлантириш эълон қилиш имконияти назарда тутилмоқда. Газ истеъмолини тежаш бўйича мажбурий мақсадлар ҳам белгиланиши керак ва Еврокомиссиянинг биринчи лойиҳаси билан таққослаганда, бу мақсадлар учун тўсиқлар оширилади, эҳтимолий истиснолар сони кўпайтирилади. 

Аввалроқ, 25 июль куни «Газпром» «Шимолий оқим» газ қувури орқали газ етказиб беришга масъул бўлган «Портовая» компресс станциясида яна бир Siemens турбинаси тўхтатилганини эълон қилган ва буни таъмирлаш ишлари зарурати билан изоҳлаган эди. Турбинанинг тўхтатилиши муносабати билан «Шимолий оқим» орқали газ етказиб бериш 27 июлдан кунига 33 миллион кубометргача қисқартирилади, бу қувватнинг тахминан 20 фоизини ташкил қилади. 

Ўша куни Германиянинг Siemens Energy компанияси «Газпром»га Канада томонидан берилган, «Шимолий оқим» газ қувурининг «Портовая» компресс станцияси учун турбиналарни таъмирлаш, хизмат кўрсатиш ва ташиш имконини берувчи экспорт лицензиясини юборгани хабар қилинган эди. 

22 июль куни Германия иқтисодиёт вазири Роберт Ҳабек Владимир Путинни Германияга қарши газ дастагидан фойдаланганликда айблади. «Биз тан олишимиз керакки, Путин бу газ дастагини бизга қарши ишлатмоқда», деди Ҳабек Германиянинг ZDF телеканали эфирида.

Вазир Москванинг «Шимолий оқим» учун турбинага оид тушунтиришларини «ўйлаб топилган баҳона» ва «амалга ошмаган ўйин» деб атади. «Газпром»да етарлича турбиналар мавжуд, дейди Ҳабек. 

Шу билан бирга, 21 июль куни «Газпром» турли хавотирларга қарамай, «Шимолий оқим» орқали газ етказиб беришни тиклади. Профилактик таъмирлаш ишларидан сўнг газ қувури орқали кунига 67 миллион кубометр газ етказиб берилиши кўзда тутилган эди. Бу таъмирдан олдин етказиб бериш ҳажмига тўғри келади, аммо лойиҳа қувватининг атиги 40 фоизини ташкил қилади. 

Мавзуга оид