11:24 / 27.07.2022
15648

Ўзбекистонда фарзанди хусусий боғча ва мактабларга борадиган фуқароларга солиқ имтиёзи берилди

Жорий йилнинг 26 июл куни имзоланган янги қонун билан Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Фото: Kun.uz

Мобил алоқа хизматларига нисбатан солиқ ставкалари 10 фоиз этиб белгиланди (илгари 15 фоиз эди).

Талабаларнинг Ўзбекистон олий таълим ташкилотлари ҳудудида пулли ўқув курсларини, спорт тўгаракларини ташкил этишдан ва бошқа таълим хизматларини кўрсатишдан олинган даромадлари жами даромадларга киритилмайди.

Ўқувчилар ва талабаларнинг таълим олиши учун Ўзбекистон профессионал ва олий таълим ташкилотлари билан тўғридан тўғри шартномалар бўйича пулли-контракт асосида ўтказиладиган маблағ харажатларига солиқ тўловчи даромади сифатида қаралмайди.

Солиқ тўловчи фарзандларига нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва (ёки) мактаблар кўрсатадиган таълимга оид хизматлар учун ота-она (фарзандликка олувчилар) томонидан ҳар бир фарзанд учун тўланадиган ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловларига йўналтириладиган даромадларига солиқ солинмаслиги белгиланди.

Норезидентлар бўлган жисмоний шахслар меҳнат шартномалари ва фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартномалар бўйича олинган даромадлари (дивидендлар ва фоизлар ҳамда фрахтдан олинган даромадлардан ташқари) учун солиқ ставкалари 12 фоиз этиб белгиланди.

Қишлоқ жойларда жойлашган (бундан шаҳарлар ва туманлар марказлари мустасно) антенна-мачта металл конструкциялари, уларга ўрнатилган ҳамда уларнинг ажралмас қисми бўлган конструкциялар эгаллаган ер участкаларига солиқ солинмаслиги белгиланди.

1 апрелдан 2024 йил 31 декабргача республика резидентлари ва норезидентлари бўлган жисмоний шахслар (акциядорларнинг) акциялар бўйича дивидендлар тарзидаги даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади.

Президент ва ҳукуматнинг 1 июлгача қабул қилинган ҳужжатларида назарда тутилган божхона божи бўйича имтиёзлар улар амал қилиш муддати тугагунига қадар амал қилади.

Top