Ўзбекистон | 10:27 / 27.07.2022
9185
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда маҳалла идоралари янги биноларга кўчирилмоқда

Самарқанд вилоятида маҳаллаларнинг бошқаруви янги биноларга жойлашмоқда. Марказий Бўстонсарой кўчаси ёқасида жойлашган, 115 йиллик тарихга эга Хўжа Юсуф маҳалласи ҳам қулай ва шинам янги бинога эга бўлди.

1913 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган ушбу кўҳна маҳалланинг янги биноси тантанали очилиш маросимида вилоят ва шаҳар расмийлари сўзга чиқишди. Маҳалла раиси Баҳриддин Қўшбоқовга кўкрак нишони топширилди. Расмий алвон лента кесилди. Маҳалла кайвонилари дуога қўл очишди.

 

Маҳалла оқсоқоли Баҳриддин Қўшбоқов ўзи раислик қилаётган маҳалла ҳақида қисқача маълумот бериб ўтди. Раиснинг сўзларига кўра, 5 та кўчада 559 та оилада 14 миллатга мансуб 2 мингдан зиён аҳоли тинч ва тотув истиқомат қилади.

Баҳриддин Қўшбоқов «Хўжа Юсуф» Маҳалла раиси

Тадбиркорлик ҳомийлиги асосида барпо этилган маҳалла биносида раис, ҳоким ёрдамчиси, хатин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчи, ёшлар масалалари бўйича ёрдамчи ва маҳалла профилактика инспектори учун алоҳида шинам хоналар баопо этилиб, жиҳозланган.

Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров маҳаллада ишловчи ходимларнинг ишлаш шароити билан танишди.

Вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Исроил Жабборов вилоятдаги кўплаб маҳаллалар янги биноларга кўчиб ўтаётганини таъкидлаб ўтди. Бунда маҳаллий бюджет, ҳомийлар, тадбиркорларнинг саъй-ҳаракатлари, ҳашар йўли билан, шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилмоқда экан.

Исроил Жабборов, Самарқанд вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи

Жумладан, шу пайтгача вилоятда 86 та маҳалла ўз биносига эга бўлмаган. 101 та маҳалланинг кадастр ҳужжатлари бўлса-да, расмийлаштирилмаган. 198 та маҳалланинг умуман кадастр ҳужжатлари бўлмаган. 400 га яқин маҳаллада электр ҳисоблагичи бўлмаган.

Режа бўйича ҳафта ичида вилоятда яна 15 та маҳалланинг янги биноси очиб берилади.

Маълумки, юртимизда 2022 йил — «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» этиб белгиланган. Қабул қилинган давлат дастурига кўра, маҳаллаларни обод қилиш, янги бинолар қуриш, уларни зарур жиҳозлар, коммунал хўжалиги ва интернет алоқаси тизими билан таъминлаш ҳам назарда тутилган. Самарқанд вилоятида давлат дастурини бажариш борасида ўрнак олса бўладиган ишлар амалга оширилмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид