Жаҳон | 12:14 / 29.07.2022
5984
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Пригожин ва «троллар фабрикаси» ҳақидаги маълумот учун мукофот эълон қилди

АҚШ Давлат департаменти Штатлардаги сайловларига аралашувни аниқлаштирувчи, биринчи навбатда, Евгений Пригожин ва унга алоқадор компаниялар ҳақида ахборот тақдим этувчи маълумот учун 10 млн доллар таклиф қилди.

Евгений Пригожин / Фото: Getty Images

«Адолат учун мукофот» (RFJ) дастури доирасида АҚШ Давлат департаменти Россиянинг Америкадаги сайловларга аралашуви ҳақидаги маълумот учун мукофот эълон қилди. Бу ҳақда 28 июль, пайшанба куни идора сайтида хабар берилди.

Сайловга аралашишда иштирок этаётган ёки иштирок этган хорижий жисмоний ёхуд юридик шахсларнинг шахсини ёки жойини аниқлаш имконини берувчи, шунингдек, бундай аралашувнинг олдини олишга имкон берувчи маълумотлар учун 10 миллион долларгача мукофот белгиланди. 

АҚШ ташқи сиёсат идораси қизиқаётган шахслар рўйхатига ОАВ «Путин ошпази» деб атайдиган россиялик тадбиркор Евгений Пригожин, шунингдек, «Интернет-тадқиқотлар агентлиги» (IRA) МЧЖ киради. Ушбу ташкилот бизнесмен билан боғлиқ деб кўрилади ҳамда «троллар фабрикаси» деб аталади. 

Давлат департаменти хабарида IRA 2014 йилдан буён «нифоқ солиш мақсадида» АҚШ сайловларига аралашиш бўйича операцияларни амалга ошираётган ташкилот сифатида тавсифланади. Идора маълумотларига кўра, IRA бошқа бир қанча рус компаниялари орқали ишлаган ва унга Пригожин томонидан бошқариладиган «Конкорд Менеджмент и Консалтинг» МЧЖ ҳамда Concord Catering томонидан ҳомийлик қилинган.

Пригожиндан ташқари, Давлат департаменти рўйхатида IRA’га алоқадор деб тахмин қилинган яна бир қанча шахслар келтирилган: Михаил Иванович Бистров, Михаил Леонидович Бурчик, Александра Юрьевна Крилова, Анна Владиславовна Богачева, Сергей Павлович Полозов, Мария Анатольевна Бовда, Роберт Сергеевич Бовда, Жайхун Насимий ўғли Асланов, Вадим Владимирович Подкопаев, Глеб Игоревич Васильченко, Ирина Викторовна Каверзина ва Владимир Венков. Улардан баъзилари ФҚБ томонидан ҳам қидирилмоқда. 

Бу Давлат департаменти сайловларга аралашганлик ҳақидаги маълумот учун мукофот таклиф қилаётган биринчи ҳолат эмас - идора июль ойи бошида ҳам шундай эълон қилган, бироқ ўша пайтда у шахсларнинг бундай аниқ доирасини ҳисобга олмаган ҳамда аниқ исмларни кўрсатмаганди.

Шунга қарамай, Америка расмийлари Пригожинни бир неча бор бундай фирибгарликлар учун жавобгар деб атаган, 2022 йил бошида эса Жозеф Байден маъмурияти немис аэропортларидан бирида жойлашган Hawker 800 XP хусусий самолётини мусодара қилиш талаби билан Германия ҳукуматига мурожаат қилганди. Баъзи маълумотларга кўра, у Пригожинга алоқадор бўлган.

Бизнесменга, шунингдек, АҚШ ва Евроиттифоқнинг санкциялар рўйхатида бўлгани учун ЕИ ва Штатларда активларга эга бўлиши тақиқланган. Бундан ташқари, Европарламент «Вагнер хусусий ҳарбий компанияси» (Вагнер ХҲК)ни у билан боғлайди. Пригожин Европа адлия судида санкция қўлланилишига эътироз билдирмоқчи бўлди, аммо мағлубиятга учради. Шу билан бирга, Россия судларида «Путин ошпази» ғалаба қозоняпти - тадбиркор кўпинча россиялик мухолифатчилар ва ОАВни ўзига туҳмат қилишда айблайди. 

Мавзуга оид