Жаҳон | 17:39 / 30.07.2022
11113
4 дақиқада ўқилади

АҚШ Россияни терроризм ҳомийси сифатида тан олиш тўғрисида акт тайёрламоқда

NYT маълумотига кўра, икки партиявий қонунчилар гуруҳи томонидан илгари сурилган, Россияни терроризмнинг ҳомийси сифатида тан олиш акти Блинкеннинг қаршилигини четлаб ўтишга имкон бериши мумкин.

Фото: Shutterstock

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоларидан иборат икки партияли гуруҳ қонунчи Тед Лью (Калифорния штатидан демократ) бошчилигида Россияни терроризм ҳомийси бўлган давлат (ТҲД) деб тан олиш тўғрисидаги акт тақдим этди. The New York Times (NYT) газетасининг 29 июль, жума куни хабар беришича, агар АҚШ Конгресси қонунни қабул қилиб, имзоласа, бу чора АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг қаршилигини четлаб ўтади ва РФни Шимолий Корея, Сурия, Куба ва Эронни ўз ичига олган рўйхатга киритади.

NYT маълумотига кўра, Блинкен «ҳиссиётлар»га қарамай, уни Россия билан бизнес юритаётган АҚШ иттифоқчиларига қарши санкциялар жорий этишга ҳамда «Вашингтон ва Москва ўртасидаги дипломатия қолдиқларини» йўқ қилишга мажбурлаши мумкин бўлган ҳаракатга қаршилик кўрсатмоқда. 

Россия бизнинг чора-тадбирлар ва бошқа давлатларнинг санкцияларига мувофиқ тўлаётган нарх терроризмга ҳомий давлатлар рўйхатига киритилганидан кейин юзага келиши мумкин бўлган оқибатларга мутлақо мос келади, деди Блинкен матбуот анжуманида. «Демак, қилаётган ишимизнинг амалий оқибатлари бир хил», - дейди АҚШ давлат котиби. 

Мамлакатнинг ТҲД рўйхатига киритилиши расман АҚШдан ёрдамни (шу жумладан иқтисодий) чеклашни, мудофаа маҳсулотларини экспорт қилиш ва сотишни тақиқлашни, икки томонлама мақсадли маҳсулотлар экспортини назорат қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни, кенгайтирилган молиявий имкониятларни, ТҲД контрагентлари билан операцияларни мониторинг қилишни назарда тутади. Бундан ташқари, ушбу чора «иккиламчи санкциялар» деб аталмиш чекловлар – «террористик» давлат билан савдо қилувчи шахслар ва мамлакатларга нисбатан жорий этилиши муносабати билан муҳим аҳамиятга эга. 

28 июль куни АҚШ Сенати Давлат департаментини Россияни терроризм ҳомийси бўлган давлат сифатида тан олишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. Ҳужжат мажбурий эмас. NYT таъкидлашича, Сенат резолюциясида қонуний кучга эга бўлмаган ҳаракатга чақириқ бўлса-да, Тед Лью бошчилигидаги гуруҳ томонидан тақдим этилган чора Блинкеннинг қаршилигини четлаб ўтишга имкон бериши мумкин. 

«Қўшма Штатлар Россиянинг Украинадаги зўравон агрессиясини тўхтатиш учун қўлидаги барча воситаларни ишга солиши керак», деди Лью ўз навбатида. «Мен ушбу масалани ҳимоя қилиш учун икки партиявий депутатлар коалициясини тузганимдан хурсандман», деди у қонун қабул қилиниши мумкинлиги ҳақида гапирар экан. 

Сенат резолюциясида Россия ҳукумати Чеченистондаги иккинчи ҳарбий кампания пайтида тинч аҳолига қарши террор кампанияси ва куч ишлатганликда, Сурияда зарбалар берганликда ҳамда 2014 йилдан бери Донбассдаги айирмачиларни қўллаб-қувватлаганликда айбланган. 

АҚШ Сенати «РФ ҳукуматининг Россия президенти Владимир Путин кўрсатмаси бўйича амалга оширилган ҳаракатларини террорчилик ҳаракатларига ҳомийлик қилиш сифатида кўрмоқда». Шу билан бирга, ҳужжатда «ушбу резолюциядаги ҳеч нарса ҳарбий куч ишлатиш ёки АҚШ қуролли кучларининг жанговар ҳаракатларга киришига рухсат берувчи сифатида талқин қилинмаслиги керак» деб белгиланди. 

Кремль, агар АҚШ Конгресси Россияни терроризм ҳомийси бўлган давлат сифатида тан олса, Вашингтон билан муносабатларнинг оқибатларини «жуда салбий» баҳолаши ҳақида огоҳлантирди. 

Мавзуга оид